Инсон ҳуқуқи – бола ҳуқуқидан бошланади. Бу ҳуқуқни нафақат ҳимоя қилиш, балки суд йўли билан таъминлашни талаб қиладиган ҳолатлар ҳам ҳаётда учраб туради.
“Ўзбекистонда болалар учун одил судловдан фойдаланиш имконияти: ҳозирги ҳолат ва истиқболлар” мавзусида ташкил этилган халқаро конференцияда шу йўналишда амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилди.
– Болаларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш уларнинг ҳуқуқлари, жумладан, таълим олиш, соғлиқни сақлаш, ижтимоий ҳимоя каби барча жараёнларга тааллуқли бўлиши мумкин, – деди ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде. – Шу билан бирга, болаларни зўравонлик ва шафқатсиз муносабатдан ҳимоя қилиш ҳуқуқлари бузилган ҳолларда адолатли, ўз вақтида амалга ошириладиган самарали ҳимоя воситалари зарур. Булар қонунлар, тизимлар ва амалиётлардир. Адлия ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимларининг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари боланинг алоҳида эҳтиёжлари, ёши, жинси ва қобилиятини эътиборга олган ҳолда унинг олий манфаатларини таъминлашга қаратилган бўлиши керак.
Ўзбекистонда миллий қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга, қонун устуворлиги бўйича илғор халқаро тажрибани жорий этишга қаратилган ҳуқуқий ва суд-ҳуқуқ ислоҳотлар давом этмоқда.
[gallery-8494]
Ислоҳотлар давомида қонунчиликка бир қатор муҳим ўзгаришлар киритилган бўлса-да, болаларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятини таъминлаш алоҳида устувор йўналиш сифатида белгиланмаган.
– Болалар учун одил судловдан фойдаланиш фақатгина одил судловни ва маъмурий тизимларни мустаҳкамлашдан иборат эмас, – деди Ўзбекистон Бола ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова. – Бу турли давлат органларининг яқин ўзаро ҳамкорлиги ҳамдир. Болалар учун одил судлов биринчи навбатда озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазоларнинг мавжудлигини ва озодликдан маҳрум қилиш фақатгина сўнгги чора сифатида кўрилишини назарда тутади.
Сенаторлар, депутатлар, олимлар, тегишли давлат идоралари вакиллари, фуқаролик жамияти фаоллари, халқаро экспертлар, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг мамлакатимизда фаолият юритаётган вакиллари Ўзбекистонда болаларнинг одил судловдан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли ҳаракатлар тўғрисида келишиб олдилар, зарур тавсиялар берилди.
Жумладан, болалар учун адолатли судловдан фойдаланишни таъминлаш учун кенг қамровли ҳуқуқий ва сиёсий асосларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш зарур. Жиноий, фуқаролик ва маъмурий адлия тизимларининг ихтисослашувини таъминлаш ва болаларнинг ҳуқуқлари ва эҳтиёжларини қондириш механизмларини мослаштириш керак.
Юридик ёрдамга эҳтиёжи бўлган болаларга ўз вақтида ва етарли даражада кўмаклашиш даркор. Болаларни озодликдан маҳрум этишни энг қисқа муддатга сўнгги чора сифатида қўллаш мумкин.
Н.Абдураимова, ЎзА