Ватанимиз тарихидаги 12 май санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1879 йил (бундан 146 йил олдин) – давлат ва жамоат арбоби, тарихчи олим Муҳаммаджон Тинишбоев таваллуд топди (вафоти 1938 йил). У 1917 йил ноябрь–декабрда тарихимиздаги илк демократик давлат – Туркистон мухторияти ҳукуматининг биринчи бош вазири, 1917 йил ноябрь – 1918 йил февралда ички ишлар вазири бўлган. 1917 йил декабрдан 1920 йил мартга қадар Алаш Ўрда ҳукуматининг ички ишлар вазири сифатида фаолият кўрсатган. Кейинчалик бир қатор лавозимларда ишлаган. У қатағонга учраб, отиб ташланган. 1959 йилда ўлимидан сўнг оқланган.
1909 йили (бундан 116 йил олдин) – Тошкентда Туркистон жадидларининг “Жамияти хайрия” ташкилоти тузилди. У талабаларни чет элларда ўқитишга раҳбарлик қилди. Унинг кўмагида ёшлар Ички Россиянинг Петербург, Саратов, Қозон, Уфа, Оренбург шаҳарларидаги олий мактаб ва мадрасаларга, шунингдек, Истанбул, Қоҳира каби хорижий шаҳарлардаги дорилфунунларга ўқишга юборила бошланди.
1914 йил (бундан 111 йил олдин) – рус савдогари Г.В.Дюршмидтнинг корхонаси амирнинг ёзги саройи Ситорайи Мохи Хосада амир Абдулаҳад билан қоракўл тери ва тери маҳсулотларини сотиш ва сотиб олишни йўлга қўйишга келишиб олишди. Энг қизиғи шундаки, рус савдогарлари савдо жараёнида имкон қадар маҳаллий тилда гапиришга, хушмуомалалик билан муносабат ўрнатишга ҳаракат қилганлар.
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – миллатнинг фикрий ривожида замонавий университетларнинг ғоят улкан ўрин тутишини англаган Мунавварқори раҳбарлигидаги миллий олий таълим фидойиларининг меҳнати самараси ўлароқ Ўрта Осиёдаги дастлабки замонавий олий ўқув юрти – Мусулмон Халқ дорилфунуни (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг “расми кушоди” – расмий тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Эски шаҳардаги тантана ҳайъатидан ҳукумат аъзолари – халқ комиссари (вазир), мусулмон ва рус халқ дорилфунунлари раислари (ректорлари) ва бошқалар жой олдилар. Халқ дорилфунуни ташкил этилганда, унинг қошида адабиёт-фалсафа, ижтимоий-иқтисодий, табиий-математик, қишлоқ хўжалиги, техника сингари 5 факультет фаолият кўрсатган.
1918 йил (бундан 107 йил олдин) – Тошкентда ёш хиваликлар партиясининг Марказий инқилобий кўмитаси тузилди. Кўмитага Полвонниёзҳожи Юсупов (раис), Бобожон Яқубов (ўринбосар), Атажон Сапаев (котиб), Муҳиддин Умаров (хазиначи), Назир Шоликоров ва бошқалар аъзо бўлиб кирдилар.
1924 йил (бундан 101 йил олдин) – Ўзбекистонда биринчи ҳаво йўли очилди. Узунлиги 800 километр бўлган Тошкент – Авлиёота (Тароз) – Пишпек (Бишкек) – Олмаота маршрутида Россия кўнгилли ҳаво флоти жамиятининг Ўрта Осиё бўлимига қарашли, Германиядан сотиб олинган “Юнкерс-13” самолётларида дастлабки йўловчилар ташиш рейси амалга оширилди.
1925 йил (бундан 100 йил олдин) – қулоқ, бурун ва томоқ касалликлари бўйича олим (оториноларинголог), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Қўчқор Мирзаазизов таваллуд топди. У Ўзбекистон оториноларингология мактабини яратган. Қўчқор Мирзаазизов 2001 йилда “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланган.
1931 йил (бундан 94 йил олдин) – Тошкентда зарбдор ёшлар кўриги бўлиб, унда йигит-қизлар Ўзбекистондаги йирик саноат корхоналарини қуришда фаол иштирок этишга чақирилди. Қувасой цемент комбинати, Тошкент тўқимачилик комбинати, Чирчиқ электрокимё комбинати, Бухоро ва Самарканд ип-йигирув фабрикалари, Марғилон шойи тўқиш комбинати ва бошқа иншоотлар қурилишида ёшлар катта хизмат қилган.
1938 йил (бундан 87 йил олдин) – механик ва математик олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги Тожибой Бўриев таваллуд топди. У сейсмик (8–9 балли) ва носейсмик (5–7 балли) минтақалар ва қорли-шамолли ҳудудлар учун фазовий стерженли конструкцияларни тенг мустаҳкамлик, барқарорлик ва минимал оғирлик мезонлари асосида ишлаб чикқан.
1982 йил (бундан 43 йил олдин) – Амударё устида қурилган Хайратон кўприги ишга туширилди. Шу куни Термиз – Хайратон (Афғонистон порти) темир йўли ҳам иш бошлади.
1992 йил (бундан 33 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университетини ташкил қилиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
1996 йил (бундан 29 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонига биноан кўп йиллик ҳалол меҳнати, ўзбек миллий мусиқа санъатини ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси ҳамда жамоат ҳаётида фаол қатнашганлиги учун Ўзбекистон халқ артисти, бастакор Мутал (Мутаваккил) Бурҳонов Ўзбекистон Республикасининг Фахрий ёрлиғи билан мукофотланди.
2000 йил (бундан 25 йил олдин) – Тошкентнинг Юнусобод тумани Бўзсув канали бўйида қатағон қурбонларига бағишланган Шахидлар хотираси меъморий ёдгорлиги очилди. Унинг гул чаманлари билан ободонлаштирилган тепаликларидан бирида феруза рангли анъанавий қовурғасимон гумбаз қад кўтарди. Шунингдек, ҳар йили 31 август куни қатағон қурбонларини ёд этиш маросими ўтказилиши анъанага айланди.
2001 йил (бундан 24 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Интеграл микросхемалар топологияларини ҳуқуқий муҳофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
2016 йил (бундан 9 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасининг ҳаво ҳудудида учувчисиз учадиган аппаратлардан фойдаланишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2018 йил (бундан 7 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк алломалар, адиб ва мутафаккирларимиз ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш мақсадида ёшлар ўртасида китобхонлик танловларини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2020–2025 йилларга мўлжалланган Ўзбекистон Республикасининг банк тизимини ислоҳ қилиш стратегияси тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Психиатрия ёрдами тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди.
2023 йил (бундан 2 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “«Яшил энергия» сертификатлари тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА