Ўзбекистонда биринчи чоракда аҳолига 5,7 триллион сўм миқдорида ипотека кредити ажратилди
Марказий банк таҳлилига кўра, 2026 йилнинг биринчи чорагида республикада 110 мингдан ортиқ кўчмас мулк олди-сотди битими расмийлаштирилди. Ипотека кредитлари, қурилиш ҳажмининг ўсиши ва эскроу тизимининг жорий этилиши бозордаги фаолликни янада кучайтирди.
Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори иқтисодиётнинг энг фаол тармоқларидан бири сифатида ривожланишда давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан эълон қилинган “2026 йил I чоракда кўчмас мулк бозори таҳлили ҳисоботи соҳада ижобий тенденциялар сақланиб қолаётганини кўрсатди.
Ҳисоботга кўра, бозордаги фаолликка ипотека кредитлари ҳажмининг ошиши, аҳоли реал даромадларининг ўсиши, қурилиш соҳасидаги инвестициялар кенгайиши ҳамда эскроу тизимининг жорий этилиши каби омиллар туртки берган. Жорий йилнинг январь–март ойларида республика бўйича 110,1 мингта кўчмас мулк олди-сотди битими расмийлаштирилди.
Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 48,4 фоизга юқори бўлиб, сўнгги йиллардаги энг юқори ўсиш суръатларидан бири сифатида баҳоланмоқда. Айниқса, Тошкент шаҳри, Сирдарё, Андижон ва Навоий вилоятларида битимлар сонининг сезиларли даражада ортиши ушбу ҳудудларда уй-жой бозори жадал ривожланаётганидан далолат беради.
Мутахассислар март ойида кузатилган юқори фаолликни 2026 йил 1 апрелдан амалга киритилган эскроу ҳисобварағи тизими билан боғламоқда. Янги тартиб кучга киришидан аввал кўплаб харидор ва сотувчилар шартномаларни амалдаги тартиб асосида расмийлаштиришга шошилгани натижасида битимлар сони кескин ошган.
Марказий банк маълумотларига кўра, биринчи чоракда аҳолига 5,7 триллион сўм миқдорида ипотека кредити ажратилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 29 фоизга кўпдир.
Шу билан бирга, аҳоли реал даромадларининг 7,8 фоизга ўсиши ҳам фуқароларнинг уй-жой сотиб олиш имкониятларини кенгайтириб, бозорда талабнинг юқори даражада сақланишига хизмат қилди. Бу эса кўчмас мулк бозорида фақат инвестициявий эмас, балки реал эҳтиёждан келиб чиққан харидлар ҳам ортиб бораётганини кўрсатади.
Талабнинг ўсишига мос равишда қурилиш соҳасида ҳам ижобий динамика сақланмоқда. Биринчи чоракда фойдаланишга топширилган уй-жойларнинг умумий майдони 3,3 миллион квадрат метрни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 6,6 фоизга ошди. Қурилиш ҳажмининг ўсишида асосий ҳисса якка тартибдаги турар-жойлар ҳиссасига тўғри келди. Шу билан бирга, қурилиш соҳасига йўналтирилган инвестицияларнинг умумий инвестициялар ҳажмидаги улуши 7,4 фоиздан 10,8 фоизгача кўтарилгани давлат ва хусусий секторнинг ушбу тармоққа қизиқиши ортиб бораётганини англатади. Бу эса келгусида бозорда таклиф ҳажмининг янада кенгайишига хизмат қилиши мумкин.
Бозорда талабнинг юқори бўлиши уй-жой нархларида ҳам ўз аксини топди. Бирламчи бозорда кўп қаватли уй-жойлар нархи доллар ҳисобида 8,1 фоиз, иккиламчи бозорда эса 9,4 фоизга ошди. Миллий валютада ҳисобланганда ҳам нархлар мос равишда 1,8 ва 3 фоизга кўтарилди. Ижара бозорида ҳам барқарор ўсиш сақланди. Республика бўйича ижара нархлари доллар ҳисобида 9,5 фоизга, Тошкент шаҳрида эса 6,9 фоизга қимматлашди. Шу билан бирга, ер участкалари бозорида бошқача ҳолат кузатилмоқда. Тошкент шаҳрида бир сотих ернинг ўртача нархи 301 миллион сўмни ташкил этиб, ўтган йилга нисбатан 6,4 фоизга арзонлашди. Бу, аввало, шаҳар марказидан узоқ ҳудудларда ер таклифининг ортиши билан изоҳланмоқда.
2026 йил 1 апрелдан жорий этилган эскроу тизими кўчмас мулк бозоридаги энг муҳим янгиликлардан бири бўлди. Янги механизмга кўра, харидорнинг маблағи махсус банк ҳисобварағида сақланади ва мулк ҳуқуқи қонуний расмийлаштирилгандан кейингина сотувчига ўтказилади. Бу тартиб ҳисоб-китоблардаги хавфларни камайтириш, фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш, харидор ва сотувчи ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилади. Халқаро тажриба ҳам эскроу тизими узоқ муддатда қурилиш бозорида молиявий интизом ва инвестициявий ишончни мустаҳкамлашини кўрсатмоқда.
Марказий банк таҳлилида қайд этилишича, республика бўйлаб қурилаётган кўп қаватли уй-жойлар сонининг ортиши шаҳарлашув жараёнлари жадаллашаётганини англатади. Илгари асосан пойтахтда кузатилган бу жараён бугун Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Навоий ва бошқа ҳудудларда ҳам фаол тус олмоқда. Бу эса ҳудудларда иқтисодий фаолликнинг ошиши, аҳоли сони ва уй-жойга бўлган эҳтиёжнинг ортиши билан узвий боғлиқ.
Хулоса ўрнида айтиш жоиз, 2026 йилнинг биринчи чораги натижалари кўчмас мулк бозорида талаб, таклиф ва инвестициялар ўртасидаги мувозанат мустаҳкамланаётганини кўрсатди. Ипотека дастурлари, қурилиш соҳасига йўналтирилаётган сармоялар ва эскроу тизими каби ислоҳотлар бозорнинг шаффофлиги ҳамда барқарор ривожланиши учун муҳим омил бўлмоқда. Қисқа муддатда айрим сегментларда нархлар ўсиши кузатилса-да, узоқ муддатли истиқболда мазкур ислоҳотлар кўчмас мулк бозорининг янада очиқ, ишончли ва рақобатбардош тизимга айланишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА