Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 76-моддасига кўра, оила жамиятнинг асосий бўғини ҳамда у жамият ва давлат муҳофазасидадир.
Маърифатпарвар аллома Абдурауф Фитрат “қаерда оила муносабати кучли интизом ва тартибга таянса, мамлакат ва миллат ҳам шунча кучли ва тартибли бўлади”, деганидек, оила мустаҳкам бўлса, жамият ҳам осойишта бўлади.
Оилалар тинчлиги ва тотувлигини сақлаш нафақат оила аъзоларининг, балки бутун жамиятнинг энг биринчи галдаги масъулияти ва вазифаларидан бири ҳисобланади.
Мамлакатимизда 9 миллиондан ортиқ оила мавжуд. Йилига ўртача 250 – 300 минг янги оила қурилмоқда. Аммо, шу билан бирга, ҳар йили ўртача 45-49 минг оилавий ажримлар ҳам кузатилмоқда. Ачинарлиси, никоҳдан ажрашаётганларнинг 4-5 фоизини бир йилгача, 40 фоизини эса беш йилгача бир оила бўлиб яшаганлар ташкил этмоқда.
Шундай бўлса-да, ажралишларнинг олдини олиш юзасидан босқичма-босқич амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ўз самарасини кўрсатишни бошламоқда.
Масалан, ажримлар сони 2021 йилда 41 фоизга, 2022 йилда 22 фоизга кўпайган бўлса, 2023 йилда ўсиш суръати кескин тушиб, 2022 йилга нисбатан атиги 0.8 фоизга кўпайган (ўсиш суръати 2022 йилга нисбатан 27 бараварга камайган).
Шу ўринда, МДҲ Давлатлараро статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Ўзбекистон никоҳлар сони бўйича МДҲда биринчи, ажралишлар бўйича эса охирги ўринда туради. 2022 йилда Ўзбекистонда ҳар 1 000 кишига никоҳлар сони 8,4 тани, ажралишлар сони 1,4 тани ташкил этган.
Оилавий ажралишларнинг олдини олиш юзасидан адлия органлари ҳам ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётганини таъкидлаш ўринли.
Биринчидан, намунали оила мезонларини ҳаётга жорий этишда ҳуқуқий тарғибот тадбирларининг ўрни беқиёс эканини инобатга олган ҳолда хотин-қизлар иштирокида 1092 маротаба давра суҳбати ташкил этилди, 129 марта телевиденияда, 317 маротаба радиода оила мустаҳкамлигига бағишланган чиқишлар қилинди, 4 минг 214 маротаба ижтимоий тармоқларда контентлар жойлаштирилди.
Биргина, “Ҳар бир уйда бепул ҳуқуқий маслаҳат билан” ҳуқуқий акцияси доирасида 5 минг 892 нафар хотин-қизларга уларни қийнаётган муаммолар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
2023 йил давомида адлия органлари томонидан манзилли тарғиботлар орқали олиб борилган тушунтириш ва профилактик суҳбатлар натижасида қонуний никоҳдан ўтмасдан бирга яшаб келаётган 30 мингдан ортиқ оилаларнинг никоҳи қонуний равишда қайд этиб берилди.
Натижада 19 мингдан ортиқ болаларнинг туғилиши ёлғиз она ёки оталикни белгилаш тартибида қайд қилиниши мумкин бўлган ҳолатларнинг олди олинди.
Туғилишларни ёлғиз она тартибида қайд қилиниши ҳолатлари 2023 йилда 2022 йилга нисбатан 12 фоизга камайганининг ўзи ҳам амалга оширилаётган ишлар ўз самарасини бераётганини кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, никоҳ шартномалари тузишнинг ижобий жиҳатлари ҳақида берилган тушунтиришлар натижасида никоҳ шартномаларини нотариал тартибда тасдиқлаш амалиёти қарийб 50 фоизга ошди.
Иккинчидан, никоҳланувчиларда оилавий қадриятларни ҳурмат қилиш ҳамда оилаларда соғлом маънавий-ахлоқий муҳитни шакллантириш мақсадида ФҲДЁ бўлимларига никоҳни қайд қилиш учун ариза берган ёшларни ихтиёрийлик асосида ўқитиш ишлари амалга оширилмоқда.
Ёшларни оилавий ҳаётга тайёрлаш марказларида 5 минг 670 сиғимга эга бўлган 229 та хона ажратилиб, ФҲДЁ бўлимлари мудиралари, оила ва хотин-қизлар бўлимлари раҳбарлари, тиббиёт муассасалари шифокорлари, диний уламолар, психологлар ва бошқа соҳа вакиллари билан биргаликда ойига ўртача 7-8 минг ёш никоҳланувчиларда ибратли оила бўлиш кўникмалари шакллантирилмоқда.
Учинчидан, Адлия вазирлиги томонидан Оила ва хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда маҳалла раислари ва хотин-қизлар фаолларининг медиация усулини қўллаш соҳасидаги билим ва малакаларини ошириш чоралари кўрилди.
Бунда, “Оила медиацияси” бўйича қисқа муддатли ўқув машғулотлари ташкил қилиниб, 2023 йилда 3 мингдан ортиқ, 2024 йилнинг ўтган даврида эса 5 мингдан ортиқ маҳалла раислари, хотин-қизлар фаолларининг малакаси оширилди.
Тўртинчидан, аксарият оилаларнинг муаммоларини ҳал этиш мақсадида Адлия вазирлиги ташаббуси билан жорий йилнинг 20 январь кунидан бошлаб “Ҳеч бир шахс ҳужжатсиз қолмайди” ҳуқуқий акцияси ўтказилмоқда.
Акция доирасида ҳар бир маҳалла кесимида ҳуқуқий ёрдамга муҳтож оилалар рўйхати шакллантирилиб, муаммоларини ўрганиш ҳамда уларга малакали мутахассислар томонидан амалий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Никоҳдан ажралишларнинг сабаблари таҳлил қилинганда ёшлар орасида оилавий ҳаётга енгил қараш, оилани режалаштириш масаласига жиддий қарамаслик ортидан оилада ижтимоий аҳволнинг қийинлашуви, айрим ҳолларда никоҳланувчиларнинг оила қуришга умуман тайёр эмаслиги, шунингдек, оилада учинчи шахслар аралашуви ва бошқалар сабаб бўлаётганини кузатиш мумкин.
Бундан ташқари, фуқаролар айрим ҳолларда оила қуриш учун эмас, балки бирор бир имтиёздан фойдаланиш ёки бошқа бир мақсадни кўзлаган бўлади.
Масалан, АҚШга бориш учун бирор бир шахс “Green card” ютиб олган бўлса, бошқа бир фуқаро у билан АҚШга бориб олиш учун сохта никоҳ тузиб, кейинчалик улар мақсадларига эришганларидан сўнг, никоҳларини бекор қилиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас.
Бу каби ҳолатларнинг олдини олиш юзасидан Адлия вазирлиги томонидан никоҳланувчиларни қисқа курсларда ўқитиш қамровини ошириш ва уларнинг бу борадаги билимларини янада ошириш, шунингдек, никоҳланувчиларга никоҳ шартномасининг афзалликлари ва унинг ҳуқуқий аҳамиятини тушунтириш, оилавий низолар билан шуғулланадиган профессионал медиация институтини ривожлантириш ишлари амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга, ФҲДЁ тизимидаги тартиб-таомилларни автоматлаштириш орқали аҳолининг ортиқча оворагарчиликларини янада қисқартириш соҳа олдида турган устувор вазифалардан бири ҳисобланади.
Масалан, шахснинг фамилияси, исми ва отасининг исми, туғилган вақти кабилар ўзгарганда автоматик тарзда бошқа маълумотларни (ҳайдовчилик, таълим, тадбиркорлик, кўчмас мулк ва бошқалар) ўзгартириш устида ишлар олиб борилмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, оилада ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, оилавий низолар ва зўравонликнинг олдини олиш, оила мустаҳкамлигини таъминлаш ҳуқуқий давлат қуришнинг асосий пойдевори ҳисобланади. Бу борада муносиб ҳисса қўшишни адлия органлари ўзининг устувор вазифаларидан бири, деб билади.
Х.Мелиев,
Адлия вазирлиги маъсул ходими.
ЎзА