Сўнгги ўн йил ичида иш берувчилар томонидан дунё бўйлаб ходимлар учун тўлиқсиз иш куни ва мослашувчан иш жадвалини жорий этиш тобора оммалашмоқда.
Айниқса, пандемия даврида бу самарали усул эканлиги ўз тасдиғини топди.
Яқинда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари мамлакатимизда 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш имкониятлари ва уни қўллаш мумкин бўлган соҳаларни аниқлашга қаратилган тадқиқот ўтказди.
Тадқиқотлар иш кунининг ҳозирги саккиз соат ва ундан ортиқ меъёри нафақат ишлайдиган одамнинг соғлиғи, балки унинг меҳнат унумдорлигига ҳам таъсир қилишини кўрсатди.
Самарадорлик юқори бўлишига қарамасдан, аксарият давлатлар ва компаниялар 4 кунлик иш ҳафтасига тўлиқ ўтишни рад этаяпти. Бунинг асосий сабаби катта харажатлардир.
Ўзбекистонда 4 кунлик иш ҳафтасининг меҳнат унумдорлигига таъсирини таҳлил қилиш учун ПМТИ мутахассислари республика бўйича меҳнат унумдорлиги ва бир соатлик иш вақтидаги меҳнат унумдорлигини ҳисоблаб чиқди.
Корреляцион таҳлил натижаларига кўра, меҳнат унумдорлиги ва иш соатлари ўртасида боғлиқлик мавжудлиги аниқланди – корреляция коэффициенти - 0,40. Шундай қилиб, Ўзбекистон шароитида 4 кунлик иш ҳафтасига ўтиш бўйича жаҳон амалиётини иқтисодиётнинг барча тармоқларида қўллаш мақсадга мувофиқ эмас.
Шунга қарамай, ПМТИ мутахассислари 4 кунлик иш ҳафтаси қўлланилиши мумкин бўлган соҳаларни аниқлашга ҳаракат қилди. Бу номоддий ишлаб чиқариш соҳалари, яъни ахборот технологиялари йўналиши, банклар, таълим, соғлиқни сақлаш, шунингдек, илм-фан билан боғлиқ соҳалардир.
Таҳлил натижалари меҳнат фаолиятининг бир йилда қанча давом этиши меҳнат унумдорлигига таъсир қилувчи ягона ва асосий омил эмаслиги, аммо уларнинг ўзаро боғлиқ эканлиги ва бунга шубҳа йўқлигини кўрсатди.
ЎзА