25 май куни Милан шаҳрида Фанлар академияси вице-президенти Шаҳло Турдиқулова ва дунёдаги етакчи геномика компанияларидан бири — “Illumina” раҳбарлари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Унда мамлакатимизда амалга оширилиши режалаштирилаётган “1000 геном” лойиҳаси доирасида аҳоли популяциясини геном даражасида сиквенслаш масалалари муҳокама қилинди.
Мазкур лойиҳа — Ўзбекистон тарихида илк марта амалга оширилаётган кенг қамровли геномик тадқиқот ҳисобланади. Бу юзасидан ФА ахборот хизмати маълум қилди.
Унинг асосий мақсади — шахсий тиббиётни ривожлантириш, ирсий касалликларни эрта аниқлаш ва ўзбек популяциясига хос генетик маълумотлар базасини шакллантиришдан иборат.
Лойиҳани амалга оширишда “Illumina” компаниясининг NovaSeq ва NextSeq каби юқори аниқликка эга замонавий сиквенслаш платформалари қўлланилади. Бу эса ўз навбатида, тадқиқотларни халқаро стандартларга мос равишда ўтказиш имконини беради.
“Бу ташаббус — фақат илмий ютуқ эмас, балки келажакдаги соғлом авлод, самарали тиббиёт ва технологик мустақиллик сари ташланган муҳим қадамдир. Illumina билан ҳамкорлик биз учун стратегик аҳамиятга эга” дея таъкидлади, Шаҳло Турдикулова.
Учрашув чоғида, шунингдек, лойиҳа доирасида биобанк яратиш, маҳаллий мутахассисларни тайёрлаш ва халқаро тажриба алмашинувини йўлга қўйиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
М.Эшмирзаева, ЎзА