Ўзбекистон-Япония: таълимдаги самарали ҳамкорлик
Бухоро вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Ботир Аҳмедов бошчилигидаги делегация Япониянинг Ямагата префектурасида бўлди. Бухоролик меҳмонлар Ямагата университети президенти, доктор Хидетоши Тамате билан учрашди.
Мулоқот аввалида Ботир Аҳмедов мамлакатимизда “Ўзбекистон – 2030” стратегияси доирасидаги таркибий ўзгаришлар мазмун-моҳияти, мақсадлари ва самарадорлик кўрсаткичлари, республиканинг, хусусан, Бухоро вилоятининг туризм ва сармоявий салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берди.
Учрашувда Ўзбекистон ва Япония халқлари ўртасидаги чуқур тарихий ва маданий алоқалар, замонавий муносабатларнинг эришилган даражаси, савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ижобий динамикаси тўғрисида ҳам батафсил сўз юритилди.
Шунингдек, икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш учун ҳали фойдаланилмаган улкан салоҳият мавжудлиги, жумладан, “Яшил энергия”, “Тежамкор менежмент”, инновацион ривожланиш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш йўналишларида идоралараро ва ҳудудлараро ҳамкорликни фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди.

Ўз навбатида Хидетоши Тамате Япония тадқиқот ва таълим доиралари Ўзбекистон томони билан ҳамкорликни амалий жиҳатдан мустаҳкамлашдан манфаатдор эканини алоҳида таъкидлади.
Ямагата университети президентининг сўзларига кўра, Япония университети саноат инновациялари ва технологиялари, қишлоқ хўжалиги ва тиббий ақлли ечимларни ривожлантириш йўналишларида узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёр.
Шунингдек, япониялик ҳамкорлар иштирокида пилот лойиҳани йўлга қўйиш, академик алмашинув дастурларини амалга ошириш ва япон профессорларини ихтисослашган эксперт сифатида Бухорога жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш мақсадида япониялик мутахассисларнинг 2024 йил январь ойида, Ямагата университети раҳбариятининг эса келаси йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонга ташрифини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
Маълумот учун: Ямагата университети худди шу номдаги префектуранинг Ямагата шаҳрида жойлашган давлат тадқиқот университетидир. 1949 йилда ташкил этилган университет академик мукаммаллиги ва тадқиқот салоҳияти билан жаҳонда катта мавқега эга. Университет дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидан молия, қишлоқ хўжалиги ва тиббиёт йўналишларида бакалавриат, магистратура ва профессионал ўқитиш дастурларига талабаларни қабул қилади. Университет ўзининг инновацион илмий-ишлаб чиқариш базасига эга. Унда йирик япон компаниялари билан ҳамкорликда технологик ноу-хаулар ишлаб чиқилади. Кейинчалик амалий қўллаш учун стартап лойиҳалари доирасида амалга оширилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири