Ўзбекистон – Япония: таълимда ҳамкорлик самаралари
Бухоро вилояти Қоракўл тумани ёшларга сифатли таълим-тарбия бериш борасида мамлакатимизда етакчи ўринда туради. Эндиликда ҳудуд ёшларининг ақлий салоҳиятини янада ошириш мақсадида япониялик мутахассислар билан яқин ҳамкорлик қилинмоқда.
Кунчиқар юрт вакиллари 2022 йилнинг октябрь-декабрь ойларида Қоракўлда бўлиб, бир қатор лойиҳаларни шакллантиришга муваффақ бўлди. Ўзаро келишувга асосан Япониядан икки нафар педагог-консультант математика фани профессори Ҳисао Шимомачи ва Эморе Маяколар Қоракўл туманига таълим тизимида тажриба алмашиш, Япониянинг илғор педагогик технологияларини, таълим методларининг мақбул томонларини жорий этиш мақсадида Қоракўл туманига келган эди. Улар 1-умумий ўрта таълим мактабида барча математика фани ўқитувчилари билан фаолият самарадорлиги, мантиқий фикрлашни шакллантириш усуллари, ўқувчиларни математика фанига қизиқиш йўллари ҳамда математикани кундалик ҳаётда қўллаш қобилиятини ривожлантириш йўлларини муҳокама қилди. Мутахассислар, тумандаги барча мактаб директорлари билан биргаликда Япониянинг таълим тизими ҳақида маълумотлар алмашди.
[gallery-10187]
Менежерлик қобилиятини ривожлантириш, бошқарувнинг самарали усуллари мавзусида дарслар ташкил этилди. Таълим тизимидаги мавжуд муаммоли вазиятлар ва уларнинг ечимлари юзасидан мулоқотлар ўтказилди. Айниқса, Ҳисао Шимомачининг квадрат функцияси мавзусидаги очиқ дарси барчада катта таассурот қолдирди. Япониялик мутахассислар билан биргаликда Бухоро вилояти миқёсидаги ўқув амалий семинари ташкил қилинди.
– Мен Япониядан Ўзбекистонга келганимдан кейин бу ерда учта мавзуда семинар ва илмий-амалий ишларни олиб бордим, –дейди Япониянинг математика фани профессори Ҳисао Шимомачи. –Биринчиси бу математика фани ўқитувчиларига Японияда математикани ўргатиш тажрибаси ҳақидаги семинар. Иккинчиси, ўзбекистонлик ёшларга математикадан илмий-амалий дарс тренинг, учинчиси мактабларда бошқариш тизими ҳақида ўқитувчиларга ва директор ўринбосарларига илмий-амалий семинар ўтиб бердим.
Шунингдек, 15-умумтаълим мактабида инглиз тили фани дарсида Япониянинг мактаб ўқувчилари билан онлайн ZOOM платформаси орқали конференция тарзида ташкил этилган дарс жараёнидан ўқитувчилар кунчиқар юрт ёшларининг ўқув методикаси билан яқиндан танишди. Таълим сифатини янада яхшилаш мақсадида ташриф якунида япониялик мутахассислар билан биргаликда ўқитувчилар учун ўқув методик қўлланмаси ишлаб чиқилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА