Ўзбекистон хориж матбуоти саҳифаларида
“Миср мавқеи” нашрида “Сенат котиби ўринбосари Ўзбекистон парламенти Хотин-қизлар қўмитаси раҳбарини қабул қилди” сарлавҳали мақола эълон қилинди. Мақолада Миср Сенат котиби ўринбосари Фиби Фавзи Ўзбекистон Сенати хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси Малика Қодирхонова ва унга ҳамроҳ бўлган делегация билан учрашгани батафсил ёритилган.
Мақолада мулозим икки мамлакат ўртасидаги барча соҳалардаги қарашлар мувофиқлигига тўхталиб, Мисрнинг 2030 йилгача бўлган истиқболи билан “Ўзбекистон-2030” стратегияси ўртасида катта ўхшашлик мавжудлигини таъкидлади. Шунингдек, икки дўст халқ ўртасидаги ўзаро англашув ва ҳамкорликни чуқурлаштиришда парламент аъзоларининг ўрни алоҳида эканлиги баён қилинган.
Муаллиф ўз навбатида, Малика Қодирхонова самимий қабулни юқори баҳолаб, Миср ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама муносабатлар сўнгги йилларда жадал ривожланаётганини таъкидлаганини, 2024 йили Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилаётган Марказий Осиё етакчи аёллари форуми конференциясига таклиф қилганини ёзган.
Учрашувда Миср Ташқи ишлар вазири ёрдамчисининг парламент ишлари бўйича ўринбосари, элчи Дина Ас-Саиҳи ва Ўзбекистоннинг Қоҳирадаги элчиси Мансур Қиличев иштирок этгани таъкидланган.
Муҳаррама Пирматова, ЎзА