Ўзбекистон халқаро муносабатларда фаол субъектга айланмоқда
Муносабат
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 20-24 сентябрь кунлари АҚШга бўлган амалий ташрифи Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсатда фақат ислоҳотчи давлат сифатида эмас, балки глобал муаммоларга ечим таклиф этадиган, ташаббускор ва фаол мамлакат сифатида шаклланаётганини яна бир бор исботлади.

Бу ташриф Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрўсига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, мамлакат ички ривожланиши учун ҳам янгича имкониятлар эшигини очди. Глобал дипломатиядаги бундай фаол иштирок ташқи сиёсатда янги босқичнинг бошланганидан далолат беради.
Жумладан, ташриф доирасида Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп, БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Иордания Подшоҳи Абдулла II ибн ал-Ҳусайн, Корея Республикаси Президенти Ли Чжэ Мён, Албания Президенти Байрам Бегай, Чехия Республикаси Президенти Петр Павел каби етакчилар билан икки томонлама ҳамда Жаҳон савдо ташкилоти бош директори Нгози Оконжо-Ивеала, Жаҳон банки гуруҳи президенти Ажай Банга, Халқаро валюта жамғармаси бошқарувчи директори Кристалина Георгиева ва АҚШнинг етакчи компаниялари раҳбарлари билан иқтисодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга қаратилган бир қатор салмоқли келишувларга эришилди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессиясидаги нутқида жаҳон ҳамжамиятига қарата мурожаат қилиб, дунёдаги хавотирли геосиёсий вазият, халқаро институтларнинг заифлашиши, қарама-қаршилик ва урушлар, ижтимоий-иқтисодий тенгсизлик каби муаммоларга эътибор қаратди.
Жумладан, БМТ фаолиятини замонавий таҳдидларга мос равишда ислоҳ қилиш зарурлигини таъкидлаб, Хавфсизлик Кенгашини трансформация қилиш ва кенгайтириш таклифи орқали глобал адолатни тиклаш ғоясини илгари сурди. Бу ташаббус нафақат ривожланаётган давлатлар, балки дунёдаги барча тенг ҳуқуқли субъектлар учун умумий манфаатни кўзлаган демократик ёндашувни англатади. Ўзбекистон бу орқали ўзини глобал муаммолар ечимини таклиф қила оладиган давлат сифатида намоён қилмоқда.
Шунингдек, Президент ўз нутқида мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга тўхталиб, сўнгги йилларда камбағаллик даражасининг 35 фоиздан 6,6 фоизга туширилгани, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида эришилган ютуқлар, “яшил” иқтисодиёт ва рақамли трансформация борасидаги эришилган ижобий кўрсаткичларни эътироф этди.
Қолаверса, Президент нутқида Марказий Осиё минтақасидаги геосиёсий жараёнлар ҳам алоҳида эътироф этилди. Хусусан, минтақа мамлакатлари ўртасидаги чегараларнинг очилиши, савдо, сармоя ва транспорт лойиҳаларининг кўпайиши, қўшма жамғармалар ва саноат зоналари буларнинг барчаси минтақавий интеграцияни амалий нуқтага олиб келди. Бу жараёнда “Янги Марказий Осиё” концепцияси орқали Ўзбекистон минтақа давлатлари ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатлик муҳитини шакллантиришда етакчи ролни ўйнамоқда.
Шу билан бирга, Президент нутқидаги “Жаҳон ёшларининг тинчлик сари ҳаракати” ташаббуси алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Ёш авлод қалбида гуманизм, бағрикенглик ва дўстлик ғояларини қарор топтириш барқарор тинчлик асоси сифатида кўрилади. БМТ шафелигида ушбу ташаббусни амалга ошириш глобал даражада ёшларнинг фаол иштирокини таъминлашни кўзда тутади.
Хулоса қилиб айтганда, Президентнинг БМТ минбаридан сўзлаган нутқи Ўзбекистоннинг янги геосиёсий имижини намоён этди. Янги Ўзбекистон энди фақат минтақавий эмас, балки глобал сиёсатда ҳам ўз сўзига эга давлатга айланмоқда. Шу боис, Ўзбекистон халқаро адолат ва барқарорликни таъминлаш учун ташаббус кўрсатмоқда. Иқтисодий, ижтимоий ва таълим соҳасидаги ислоҳотлар самара бераётгани, мамлакатнинг минтақавий етакчилик салоҳияти ва интеграция жараёнларидаги фаол иштироки халқаро майдонда эътироф этилмоқда.
Гулнорахон АБДУВОҲИДОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг
Меҳнат, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий
масалалар қўмитаси аъзоси.
ЎзА