Ватанимиз тарихидаги 9 июнь санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
1578 йил (бундан 447 йил олдин) – Зоминга етиб келган Тошкент ва Туркистон ҳукмдори Бобо султон (Бароқхоннинг ўғли) қўшини Бухоронинг амалдаги хони Абдуллахон томонидан мағлубиятга учратилди. Бу жангда Бобо султон лашкари сафида иштирок этган султонлар орасида Ахси ҳокими Дўст Муҳаммад султон ҳам бўлган. Тарихчи Ҳофиз Таниш Бухороийнинг таъкидлашича, Бобо султон ўз мудофаасини ташкил этишда Андижон, Ахси ва Косондан келтирилган аравалардан фойдаланган. Ушбу ғалабадан кейин Абдуллахон Тошкентга йирик ҳарбий юриш уюштирди.
1785 йил (бундан 240 йил олдин) – Муҳаммад Дониёлбий оталиқнинг ўғли Шоҳмурод Бухоро амири бўлди. У фаол ички ва ташқи сиёсат олиб борди. Пул ислоҳоти ўтказиб, соф кумушдан танга зарб қилдирди. Замондошлари ва келажак тарихчилари Шоҳмуродни “Бегуноҳ амир” ва “Иккинчи Умар”, “ғозий” унвонлари билан тилга олишади. Шоҳмурод тасаввуф ғоялари билан суғорилган “Донишмандлик асослари” асарини ёзган, ҳанафия мазҳабига доир “Бухоро аҳлига фатволар” тўпламини тузган.
Амир Шоҳмурод ҳукмронлик қилган қисқа давр (1785–1800) – атиги 15 йил ичида Бухоро ва Самарқандда кўплаб мадрасалар, масжидлар, хонақолар ва турли бинолар қурилган. Самарқанд ва Бухородаги бўшаб қолган мадрасалар бу даврда яна илми толиблар билан гавжум бўлган. Шунингдек, Амир Шоҳмурод Самарқанд мадрасаларини тиклашда фаол қатнашган.
1926 йил (бундан 99 йил олдин) – Республика Марказий Ижроия Қўмитасининг тўртинчи сессияси томонидан Йўлдош Охунбобоев раислигида 44 кишилик Янги ўзбек алифбоси марказий қўмитаси ташкил этилди. Бу қўмита вилоятларда махсус ташкилотлар тузиб, уларнинг лотинлаштириш борасидаги иш фаолиятларини кузатиб борган.
1931 йил (бундан 94 йил олдин) – физиолог, радиобиолог олим, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Набижон Назиров таваллуд топди (вафоти 1987 йил). У биринчилардан бўлиб ионловчи радиациянинг ғўзага таъсирини тадқиқ қилди. Хўжалик белгилари жиҳатидан қимматли бўлган 20 дан ортиқ ўрта толали ва ингичка толали ғўзанинг янги линиялари ва навларини яратди.
1952 йил (бундан 73 йил олдин) – созанда, бастакор, Ўзбекистон халқ артисти Абдуҳошим Исмоилов таваллуд топди. Унинг ижро услубига нозиклик ва майинлик, қочирим-нолаларни, ранг-баранг усулларни усталик ва моҳирона ишлатиш хос. У қатор хорижий мамлакатларда ўз ижрочилик маҳоратини намойиш этган. У 2008 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Буюк хизматлари учун”, 2019 йилда “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан, 2022 йилда Озарбайжон Республикасининг “Дўстлик” ордени билан мукофотланган.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “«Фахрий мураббий» орденини таъсис этиштўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Қонун билан тасдиқланган низомга кўра, “Фахрий мураббий” ордени билан ёшларни Ватанга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш, уларни ёт ғоялардан асраш, адашганларни тўғри йўлга қайтариш, ёш авлод вакилларида фаол фуқаролик позицияси ва мафкуравий иммунитетни, ташаббускорлик, фидойилик ва ахлоқий фазилатларни шакллантиришга муносиб ҳисса қўшган, шунингдек ўзининг чуқур билими ва бой ҳаётий тажрибаси билан ёрдамга муҳтож ҳамда оғир аҳволга тушиб қолган ёшлар ва оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, иш билан таъминлаш ҳамда тадбиркорликка ўргатиш, бунинг учун қулай шарт-шароитлар яратиш борасида барчага шахсий намуна кўрсатиб келаётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мукофотланади.
2021 йил (бундан 4 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “«Гидрометеорология хизмати аълочиси» кўкрак нишонини таъсис этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикасининг “Почта алоқаси тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади почта алоқаси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Исҳоқхон Ибрат номидаги Наманган давлат чет тиллари институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон халқ шоири Тўра Сулаймон уй-музейини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА