От спорти нафақат жисмоний маҳорат, балки халқаро дипломатия ва маданий ҳамкорликни уйғунлаштирувчи соҳалардан биридир.
Шу маънода, Ўзбекистон Йилқичилик ва От Спорти Федерацияси раиси Бахромжон Газиевнинг Халқаро от спорти федерацияси (FEI) Solidarity Group қўмитаси аъзолигига тайинланиши мамлакатимиз спорт ҳаётида муҳим воқеа сифатида баҳоланиши табиий.
2025 йил 4–7 ноябрь кунлари Гонконгда бўлиб ўтган Халқаро от спорти федерациясининг (FEI) йиллик Бош ассамблеяси доирасида қабул қилинган ушбу қарор Ўзбекистоннинг жаҳон от спорти майдонидаги мавқеини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Бахромжон Газиев — нафақат Ўзбекистон Йилқичилик ва От Спорти Федерацияси (HEFU) раҳбари, балки Евроосиё От Спорти Ассоциацияси (ЭЕА) вице-президенти ҳамда Осиё От Спорти Федерацияси (AEF) вице-президенти сифатида минтақавий миқёсда ҳам фаолият юритиб келмоқда. У FEI Solidarity Group қўмитасига Евроосиё От Спорти Ассоциацияси (EEA) номидан вакил сифатида тайинланди ва бу лавозимда Қирғизистон Миллий Олимпия қўмитаси раиси Садйр Мамйитовни алмаштирди. Ассамблеяда FEI таркибига кирувчи 134 мамлакатдан вакиллар иштирок этди.
Тадбир давомида Ўзбекистон томонидан 2027 йилги FEI Бош ассамблеясини Тошкент шаҳрида ўтказиш бўйича расмий ариза ҳам тақдим этилди. Халқаро экспертларнинг фикрича, ушбу ташаббус тасдиқланиши эҳтимоли юқори — бу эса мамлакатимизнинг халқаро спорт саҳнасидаги обрўсини янада юксалтиради.
FEI Солидаритй дастури 2011–2012 йилларда Халқаро от спорти федерацияси томонидан «Olympic Solidarity» модели асосида йўлга қўйилган бўлиб, унинг бош мақсади — аъзо мамлакатларда от спортининг барқарор ривожланишини таъминлашдан иборат.
Дастур миллий федерацияларга молиявий ва техник ёрдам кўрсатиш, мураббийлар, ҳакамлар ва мутахассислар учун таълим дастурлари ташкил этиш, ёшлар ва инклюзив лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш орқали кенг қамровли ўсиш стратегиясини йўлга қўйиш сингари йўналишларда фаолият олиб боради.
FEI Solidarity Group қўмитаси эса ушбу ташаббусларни глобал даражада мувофиқлаштириб, дунёнинг тўққизта минтақавий гуруҳи (Group I–IX) вакилларидан ташкил топади. Бу қўмита аъзолари спортда барқарорлик, таълим ва инклюзияни ривожлантиришга йўналтирилган стратегик қарорларни ишлаб чиқиш учун масъулдир.
Қайд этиш жоиз, сўнгги йилларда мамлакатда от спорти инфратузилмаси янгиланиб, ёш чавандозлар учун замонавий ўқув базалари ташкил этилмоқда. Тошкентнинг 2027 йилги FEI Бош ассамблеясини ўтказишга номзод сифатида илгари сурилиши эса бу йўлдаги табиий давомдир. Агар бу ташаббус амалга ошса, Ўзбекистон илк бор жаҳон миқёсидаги от спорти дипломатиясининг марказига айланади.
М.Эшмирзаева, ЎзА