Бугун Тошкентда Ўзбекистон – Япония озиқ-овқат саноатини ривожлантириш форуми ўтказилди.
Япония Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик вазирлиги томонидан ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда икки томоннинг ҳукумат масъуллари, ишбилармон доира вакиллари, соҳа мутахассислари иштирок этди.
Унда Япония Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик вазирлиги экспорт ва халқаро бюроси директори Мизуно Масаёши, Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари в.б. Шоҳрух Ғуломов ва бошқалар икки мамлакат ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланиши барча соҳалар қаторида қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноатининг равнақида муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади.
Айтиш жоизки, 2015 йилдан бошлаб Япония ва Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат соҳаларида алоқаларни кенгайтиришни мақсад қилган ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ўзаро келишув меморандуми имзоланган.
– Ушбу форум доирасида япониялик мутахассислар Бухорода бўлди, –деди Мизуно Масаёши. – Ўзим эса Тошкент шаҳридаги бозорларни айланиб чиқдим. Ўзбек аҳолиси жуда меҳнаткаш, илтифотли ва меҳмондўст эканидан хурсанд бўлдим. Бугунги форум соҳани ривожлантиришда муҳим қадам бўлиб, унда ўзбек ва япон ишбилармонлари ўзаро мулоқот қилади. Тадбирда бир қатор Япониянинг ушбу йўналишлардаги ишлаб чиқарувчилари ўз тақдимотини ўтказди. Умид қиламизки, иштирокчилар тадбирдан катта фойда олади. Форумни ташкил этишда ўз ҳиссасини қўшган Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбариятига ўз ташаккуримни билдираман.
Таъкидланганидек, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги сектори жадал суръатларда ривожланмоқда. 2023 йилда ушбу соҳа ялпи ички маҳсулотнинг 24,3 фоизини ташкил этди. Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 4,1 фоиз, ўрмончилик 2,7 фоиз, балиқчилик 7,4 фоизга ўсган. Бу 2022 йилда мос равишда 3,6 фоиз, 2,7 фоиз ва 1,7 фоиз ўсиш суръатлари билан таққосланади.
Шунингдек, қишлоқ хўжалиги Япониянинг умумий иқтисодий маҳсулотининг кичик қисмини ташкил этсада, мамлакат юқори ривожланган қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат секторига эга. Мамлакат ҳудудининг атиги 20 фоизи деҳқончилик учун яроқли эканлигини ҳисобга олсак, Япония қишлоқ хўжалиги ҳосилдорлигини, шу билан бирга, самарадорлик ва барқарорликни ошириш учун жаҳонда етакчи технологиялар ва етиштириш техникасини ишлаб чиқди. Япония компанияларининг илғор тажрибаси ва «ноу-хау»лари ҳамда янги истиқболлари тақдим этилади.
Форумда Япония ҳукумати ва бизнес вакиллари япон қишлоқ хўжалиги технологиялари ва илғор тажрибаси ҳақида тақдимот қилди. Бундан кўзланган мақсад эса ушбу технологияларни Ўзбекистонда жорий этиш имкониятларини муҳокама қилиш ҳамда ўзбек фермерлари учун юқори сифатли, инновацион уруғлик маҳсулотларини етказиб беришга қаратилган.
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Статистик таҳлил ва прогнозлаштириш бўлиши бошлиғи Жавлонбек Холов «Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги тармоқларини ривожлантириш истиқболлари» мавзусида тақдимот қилди.
– Мамлакатимизда аграр секторни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга, озиқ-овқат саноати ривожи йўлида ҳам қатор вазифалар белгиланган. Аҳоли сонининг ўсиб бориши қишлоқ хўжалиги соҳасида ислоҳотларни талаб қилади. Бугун ўтказилган форум ўзбек ва япон мутахассислари, ишбилармонлари ўртасида ҳамкорликни ҳар жиҳатидан мустаҳкамлашда муҳим мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди. Томонлар ўзаро суҳбат чоғида мамлакат қишлоқ хўжалиги амалиётида, хусусан, сув хўжалиги ва органик қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича сўнгги ютуқларни алоҳида таъкидлади, –деди Ж.Холов.
Форум доирасида япон пазандачилик кўргазмаси ташкил этилди. Унда Япония ошхонаси мутахассислари гуруч навларидан тайёрланган япон таомлари, юқори сифатли балиқ маҳсулотлари, япон чойининг жаҳонга машҳур навлари ва ширинликларини тақдим этди.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА