Айни кунларда Ўзбекистон Республикаси Божхона қўмитаси Раиси Акмалхўжа Мавлонов бошчилигидаги делегация Япония божхона хизмати фаолияти билан яқиндан танишиш ва ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш мақсадида Токио шаҳрида бўлиб турибди.
Расмий ташриф доирасида Божхона қўмитаси Раиси ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA)нинг катта вице-президенти Миядзаки Кацура билан икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Божхона қўмитаси Раиси Ўзбекистон божхона хизмати билан бевосита ва кўп йиллик самарали ҳамкорлик учун самимий миннатдорлик билдириб, илғор технологияларни жорий этиш орқали кадрлар тайёрлаш ва техник қайта жиҳозлаш борасидаги JICA нинг улкан ёрдамини юксак қадрлашини таъкидлади. Хусусан, Япония ҳукуматининг грант лойиҳаси доирасида тақдим этилган йирик ўлчамли сканерлаш ускуналари ёрдамида охирги 3 йилнинг ўзида 600 кг дан ортиқ гиёҳвандлик воситалари ҳамда аниқланган 75 та ҳолатда қиймати 9 млрд.сўмлик товар-моддий бойликларнинг ноқонуний олиб ўтилишининг олди олинди. Бўлиб ўтган учрашув Божхона қўмитаси ва JICA ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги имкониятларини очиб беришга хизмат қилиши қайд этилди.
Учрашув доирасида божхона органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш мақсадида чегара божхона постларини божхона назоратининг техник воситалари билан жиҳозлаш, Япониянинг етакчи илмий марказларида хавфларни бошқариш, божхона аудити, маълумотларни таҳлил қилиш ва бошқа илғор соҳалар бўйича доимий амалиётлар, малака ошириш курслари ва қўшма илмий лойиҳаларни ташкил этиш каби кўплаб масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Японияга амалга оширилган амалий ташриф доирасида Япония Божхона-Тариф бюроси Бош директори Эдзима Кадзухико билан икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Божхона қўмитаси Раиси икки давлат ўртасидаги ўзаро ҳурмат ва ишонч тамойилларига асосланган узоқ йиллик ҳамкорликни юксак қадрлашини қайд этиб, Ўзбекистон ва Япония божхона хизматлари ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилиш мазкур ташрифдан кўзланган асосий мақсад эканлигини таъкидлади.
Ҳозирги кунда икки томонлама ҳамкорликнинг мустаҳкам асоси бўлиб, 2019 йилда имзоланган “Божхона ишларида ўзаро кўмаклашиш тўғрисида”ги ҳукуматлараро Битим хизмат қилмоқда.
Мазкур ҳамкорлик доирасида ўтган 2023 йилнинг ўзида Ўзбекистон Божхона қўмитасининг 10 нафар ходими Япония божхона хизматида амалиёт ўташди. Ушбу учрашув иккала мамлакат божхона хизматлари тарихидаги мазкур форматдаги илк учрашуви бўлганлиги боис, Божхона қўмитаси Раиси Ўзбекистон божхона хизмати, эришилган ютуқлар ва амалга оширилган ислоҳотлар тўғрисида атрофлича маълумот тақдим этди.
Иккала мамлакат раҳбарлари томонидан илгари сурилаётган ташаббусларни давом эттириш мақсадида профессионал таълим муассасалари ўртасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш, божхона лабораториялари ўртасида фаол ҳамкорликни кенгайтириш, Ваколатли иқтисодий оператор дастурларини ўзаро тан олиш, божхона чегаралари орқали ҳаракатланаётган товар ва транспорт воситалари ҳақида олдиндан ахборот алмашишни йўлга қўйиш каби ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга йўналтирилган таклифлар билдирилди.
Ташриф доирасида делегация аъзолари Япония Молия вазирлиги ҳузуридаги Божхона институти фаолиятини яқиндан ўрганди.
Божхона қўмитаси Раиси Акмалхўжа Мавлонов ва Япония Божхона тайёрлаш институтининг бошқарувчи директори Аояма Шигетоши билан бўлиб ўтган икки томонлама учрашув давомида божхона органларини малакали кадрлар билан таъминлашда ихтисослаштирилган божхона таълим муассасаларининг роли жуда муҳим эканлиги таъкидланди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Божхона институти Марказий Осиёда божхона соҳасидаги ягона ихтисослаштирилган таълим муассасаси эканлиги, ундаги таълим йўналишлари, яратилган шароит ва имкониятлар, институтнинг моддий-техник базаси ҳамда мавжуд ўқув-услубий ресурслар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Кадрлар тайёрлашнинг юқори даражаси ва сифати билан Япония етакчи давлатлардан бири эканлигини инобатга олиб, Божхона институтининг салоҳиятини юқори босқичга олиб чиқишда мазкур учрашув долзарб эканлиги қайд этилди.
Учрашувда Япония тажрибасини ўрганиш, қўшма илмий тадқиқот тадбирларини ташкил этиш, қўшма инновацион таълим дастурларини ишлаб чиқиш, ўзаро ахборот алмашиш, иккала мамлакат таълим муассасаларида ўқитувчи ва курсантлар малакасини ошириш каби йўналишлар бўйича профессионал касбий тайёргарлик соҳасида ҳамкорлик тўғрисидаги Меморандумни имзолаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Японияга ташриф доирасида дунёдаги учинчи йирик тамаки ишлаб чиқарувчиси Japan Tobacco International (JTI) компанияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Компаниянинг халқаро алоқалари бўйича вице-президенти Такахиро Кумамото билан бўлиб ўтган мазкур учрашув контрафакт тамаки маҳсулотларга қарши курашишда умумий саъй-ҳаракатларнинг амалий натижаси эканлиги таъкидланди.
Ўзбекистонда сифатсиз тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига қарши хорижий давлатларнинг илғор тажрибаси асосида амалга оширилаётган тизимли чора-тадбирлар, статистик кўрсаткичлар ва бошқа маълумотлар тақдим этилди.
Учрашувда Ўзбекистон Марказий божхона лабораториясида (МБЛ) ўтказилаётган экспертизалар имконияти ва самарадорлигини ошириш мақсадида мазкур лабораторияни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш, МБЛ га JTI нинг минтақавий лабораторияси сифатида фаолият юритиш ҳуқуқини бериш ҳамда контрафакт маҳсулотларни идентификациялаш ва экспертиза қилиш соҳасида мутахассисларнинг малакасини ошириш каби ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув сўнгида контрафакт тамаки маҳсулотларини аниқлаш ва ноқонуний айланмасига чек қўйишда ўзаро ҳамкорликда олиб борилиши режалаштирилган ишлар ижобий натижа беришига ишонч билдирилди.
Японияга амалга оширилган ташриф давомида Божхона қўмитаси Раиси бошчилигидаги делегация Нарита халқаро аэропорти, Япониянинг энг йирик Yokohama порти фаолияти, улардаги имкониятлар, божхона назорати шакллари, жорий қилинган замонавий қурилмалар ва техник жиҳозлар билан яқиндан танишишди. Шу билан бирга, дунёдаги энг йирик транспорт компанияларидан бири бўлган Nippon Express фаолиятини ҳам ўрганишди.
Япониянинг транспорт саноати соҳасида етакчи ҳисобланган мазкур компаниянинг бугунги кунда дунёнинг 37 мамлакатида жойлашган 187 шаҳарда 315 та филиали мавжуд. Компания ривожланган халқаро етказиб бериш занжирига эга бўлиб, йирик корпоратив мижозлардан тортиб то жисмоний шахсларгача юкларни етказиб бериш ва барча турдаги логистика тадбирлари билан боғлиқ кенг кўламли хизматларни тақдим этиш билан шуғулланади.
Ташриф жорий йилнинг 17 май кунига қадар давом этади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА