Ўзбекистон ва Туркия: Иқтисодий дипломатия воситаларидан самарали фойдаланилади
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига Туркия Буюк миллат мажлиси депутати, “Туркия - Ўзбекистон” парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи раиси Осман Местен бошчилигидаги делегация ташриф буюрди.
Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раиси Алишер Аъзамхўжаев билан учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги парламентлараро мулоқотни фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Икки мамлакат Президентларининг қатъий сиёсий иродаси ва ўзаро ишончга асосланган дўстона муносабатлари туфайли Ўзбекистон ва Туркия ўртасида кенг қамровли стратегик ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётганлиги қайд этилди.

Парламентлараро ҳамкорлик гуруҳлари имкониятларидан самарали фойдаланиш, қонун ижодкорлиги соҳасида тажриба алмашиш, ҳудудлар ўртасида иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.
Иқтисодий дипломатия воситаларидан самарали фойдаланиш, туркий дунё ишбилармонлар уюшмалари билан ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга устувор эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.
Н.Абдураимова, ЎзА