Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида илмий ҳамкорлик
Сўнгги йилларда Марказий Осиё минтақасида нафақат иқтисодий ва сиёсий, балки интеллектуал соҳадаги ривожланиш янги босқичга кўтарилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси томонидан ташкил этилган Ўзбекистон ва Тожикистон олимларининг илмий-амалий конференцияси ҳам шунчаки расмий тадбир эмас, балки икки халқ ўртасидаги тарихий ришталарни замонавий инновациялар билан боғловчи стратегик кўприк бўлди.
Конференция кун тартибидан ўрин олган масалалар шуни кўрсатадики, томонлар назарий тадқиқотлар, бевосита ҳаёт сифатини яхшилайдиган амалий ечимлар устида ишлашни мақсад қилган. Конференция иши учта фундаментал йўналишга бўлинган бўлиб, уларнинг ҳар бири бугунги кун учун катта аҳамиятга эга.
[gallery-28315]
Физика, математика ва техника йўналишининг диққат марказида сунъий интеллект (АI) ва рақамли трансформация турибди. АI технологияларини саноатга татбиқ этиш орқали ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш мумкин. Минтақамизнинг географик жойлашувини ҳисобга олган ҳолда, зилзилаларни прогнозлаш инсонлар хавфсизлиги учун ҳаётий заруратдир.
Табиий фанлар йўналишидаги муҳокамалар инсон саломатлиги ва озиқ-овқат хавфсизлигига қаратилган. Замонавий тиббиёт ютуқлари асосида ирсий ва юқумли касалликларга қарши курашишнинг янги усулларини ишлаб чиқиш, сув ресурслари чекланган шароитда қишлоқ хўжалиги унумдорлигини ошириш ва экологик мувозанатни сақлаш икки давлат учун ҳам бирдек долзарбдир.
Ижтимоий ва гуманитар фанлар бўлими “Бир тилда сўзлашувчи икки халқ” концепциясини илмий асослайди. Қўлёзмаларни сақлаш ва тадқиқ этиш орқали Марказий Осиё халқларининг этнонегизи ва маданий алоқалари янги илмий қарашлар асосида таҳлил қилинади.
Ўзбекистон ва Тожикистон олимларининг ушбу мулоқоти минтақада илм-фаннинг интеграциялашуви, қўшма интеллектуал маҳсулотлар яратилиши ва халқларимиз фаровонлигига хизмат қилади.
Дилдора ДЎСМАТОВА,
Отабек Мирсоатов (сурат)
ЎзА