Ўзбекистон ва ШҲТ: чорак асрлик шерикликдан умумий тараққиёт сари
Яқинда Бишкек шаҳрида «ШҲТнинг 25 йиллиги: биргаликда барқарор тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик сари» шиори остида ўтган саммит мамлакатимиз учун алоҳида тарихий ва амалий аҳамиятга эга.
2001 йил 15 июнь куни Шанхайда Ташкилотга асос солган олти давлат қаторида Ўзбекистон ҳам турган эди. Ўтган чорак асрда мамлакатимиз ШҲТ фаолиятининг барча босқичларида фаол ва ташаббускор иштирокчи сифатида майдонга чиқди.
Тўрт йил муқаддам Самарқанд саммити арафасида Президент Шавкат Мирзиёев ўзининг дастурий мақоласида замонамизни ўзига хос «тарихий эврилиш» палласи сифатида таърифлаган эди. Бишкекдаги мулоқот бу баҳонинг қанчалик тўғри ва долзарб эканини яна бир бор исботлади: халқаро муносабатлардаги мураккабликлар сақланиб қолмоқда, халқаро ҳуқуқнинг регулятив салоҳияти эса жиддий синовдан ўтмоқда. Айнан шундай шароитда халқаро ташкилотларнинг давлатлар ва халқаро ҳуқуқнинг бошқа субъектлари ўртасидаги ҳамкорликнинг институционал форуми сифатидаги роли ва аҳамияти янада ортмоқда.
Замонавий халқаро муносабатлар кўп томонлама дипломатиянинг ўрни кучайиб бораётгани, универсал ва минтақавий ташкилотлар фаолияти халқаро ҳаётнинг тобора кенгроқ жабҳаларини қамраб олаётгани билан характерланади. Халқаро ташкилотлар — кўп томонлама ҳамкорликнинг энг самарали воситаларидан бири бўлиб, уларнинг доирасида давлатлар халқаро муносабатларнинг энг мураккаб ва долзарб масалаларини биргаликда ҳал этади.
Бишкек саммитининг ҳуқуқий ва институционал натижалари
Саммит якунлари бўйича Бишкек декларацияси ҳамда хавфсизлик, иқтисодиёт, транспорт, экология, сунъий интеллект ва маданий-гуманитар соҳаларни қамраб олувчи 27 та муҳим ҳужжат қабул қилинди. Декларацияда халқаро ҳуқуқ принциплари ва БМТ Низоми нормаларининг бузилиши қораланиб, можароларни фақат сиёсий-дипломатик воситалар билан ҳал этиш зарурлиги қайд этилди.
Ҳуқуқий жиҳатдан энг салмоқли ва тарихий қарор — ШҲТ Хартиясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги баённома ҳамда Хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказ ва Наркотикка қарши курашиш маркази низомларининг қабул қилиниши бўлди. Хартия — Ташкилотнинг таъсис ҳужжати бўлгани сабабли, унга ўзгартиш киритиш ШҲТнинг институционал ривожланишида янги босқични бошлаб беради. Ўзбекистон учун ушбу қарорларнинг амалий аҳамияти ғоят юқори:
Биринчидан, Хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича универсал марказ Тошкент шаҳрида жойлашади. Бу — мавжуд Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (РИАТБ) негизида кенгайтирилган ваколат ва янги мақомга эга бўлган замонавий институт шаклланади, деганидир.
Иккинчидан, давлатимиз раҳбари Бишкек саммитида ушбу марказнинг самарали фаолият юритиши учун барча зарур шарт-шароитлар яратилишини алоҳида таъкидлади.
Ушбу тарихий қарор мамлакатимизнинг ШҲТ хавфсизлик архитектурасидаги марказий ва етакчи ўрнини яна бир бор мустаҳкамлаб, зиммамизга юксак масъулият юклайди.
Президент Шавкат Мирзиёев саммитда Ташкилотнинг узоқ муддатли ривожланишига қаратилган яхлит таклифлар пакетини тақдим этди. Уларнинг концептуал ўзаги — «ШҲТ – 2040: умумий тараққиёт макони» қарашини ишлаб чиқиш. Бу қараш инвестициялар, технологиялар ва билимлар эркин алмашиниладиган, йирик инфратузилма ҳамда саноат лойиҳалари амалга ошириладиган барқарор ҳудудни шакллантиришни назарда тутади.
Саммитда илгари сурилган асосий йўналишлар:
Иқтисодиёт ва инвестиция: Махсус иқтисодий зоналар, ишлаб чиқариш ва логистикани бирлаштирувчи ШҲТ Саноат кооперацияси харитасини (универсал рақамли дарча) яратиш. ШҲТ Тараққиёт банкини амалий фаолиятга ўтказиш ва устувор лойиҳалар портфелини шакллантириш.
Технологиялар ва сунъий интеллект: Сунъий интеллект бўйича бутунжаҳон ташкилотини тузиш ғоясини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ШҲТнинг очиқ кўп тилли маълумотлар корпусини шакллантириш ва 2027 йилда Тошкентда сунъий интеллект ва янги рақамли ечимлар форумини ўтказиш.
Экология ва ресурслар: Озиқ-овқат, сув ва энергетика хавфсизлиги бўйича ягона кун тартибини шакллантирувчи ихтисослашган механизм тузиш, 2035 йилгача сув-энергетика самарадорлиги дастурини ишлаб чиқиш.
Транспорт ва инфратузилма: Аъзо давлатларнинг темир йўл маконлари интеграцияси бўйича кенгаш таъсис этиш.
Афғонистон омили: Афғонистон билан мунтазам мулоқотни қайта тиклаш ва уни минтақавий жараёнларга интеграция қилиш.
Маданий-гуманитар соҳа: 2028–2030 йилларга мўлжалланган анъанавий санъат ва номоддий маданий меросни асраш дастурини тайёрлаш.
«ШҲТ плюс» ва БМТ: минтақавий тузилмаларнинг тўлдирувчи роли
Саммит доирасида ўтказилган «БМТ адолатли дунё тартиботининг асосий бўғини сифатида» мавзусидаги «ШҲТ плюс» формати мажлиси, унда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш иштироки халқаро ҳуқуқ доктринаси учун алоҳида қизиқиш уйғотади.
Ўзбекистон етакчиси томонидан илгари сурилган ёндашувнинг моҳияти шундаки, БМТ ўзининг марказий, мувофиқлаштирувчи ролини сақлаб қолиши, минтақавий тузилмалар эса маҳаллий шароитлар, эҳтиёжлар ва имкониятларга таянган ҳолда умумий тамойиллар ва қарорларнинг амалга оширилишига кўмаклашиш орқали унинг саъй-ҳаракатларини тўлдириши лозим. Мазкур позиция БМТ Низомида мустаҳкамланган минтақавий келишувлар институтининг ҳуқуқий мантиғига тўғридан-тўғри мос келади: минтақавий тузилмалар универсал ташкилотга муқобил эмас, балки унинг субсидиар ҳамкори сифатида қаралади. Айнан шундай уйғунликда ҳаётбахш кўптомонламаликнинг асоси кўрилмоқда.
Бу мантиқдан келиб чиқиб, «ШҲТ плюс» формати оддий кенгайтирилган мажлис доирасидан чиқиб, минтақалараро мулоқот майдонига айланиши таклиф этилди. Унинг амалий ифодаси сифатида минтақавий ташкилотларнинг Ҳамкорлик тармоғини яратиш — уларнинг котибиятлари ва ихтисослашган органлари ўртасида доимий ишчи алоқаларни йўлга қўйиш, табиатдан фойдаланиш, «яшил» энергетика, рақамли хизматлар ва соғлиқни сақлаш соҳаларида минтақалараро лойиҳа ва технологияларнинг Очиқ банкини шакллантириш, «ШҲТ Инвест» форумига доимий фаолият юритувчи платформа мақомини бериш ташаббуслари илгари сурилди. Гуманитар йўналишда эса «ШҲТ плюс» маданиятлар ва цивилизациялар доимий форумини таъсис этиш ва уни илм-фан ва маърифатнинг қадимий маркази бўлган Хива шаҳрида ўтказиш таклиф этилди.
Ушбу таклифларнинг умумий концептуал ўзаги — янги ажратувчи чизиқларни яратмайдиган, аксинча, имкониятлар маконини кенгайтирадиган, минтақавий лойиҳа ва ташаббуслар ўзаро рақобатлашмасдан бир-бирини тўлдирадиган кўп қутблилик моделидир. Ўзаро боғлиқлик бу ерда стратегик мустақиллик ва барқарорлик масаласи сифатида талқин қилинмоқда.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, самарали халқаро ҳамкорлик — дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тараққиётнинг энг муҳим омилидир. Можаролар кескинлашаётган ва халқаро ҳуқуқнинг регулятив қуввати заифлашаётган бир даврда айнан шундай ёндашув янги хавф-хатарлардан ҳимояланишнинг энг мақбул йўлидир.
Шуҳрат Раҳмонов,
Тошкент давлат юридик университети кафедра мудири,
юридик фанлар доктори