Ўзбекистон ва Қирғизистон шериклиги кенгаймоқда
Бишкек шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқовнинг Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров билан учрашуви бўлиб ўтди.
Тадбирда, аввало, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт ва логистика, сув-энергетика, туризм ва гуманитар соҳалардаги кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Давлатларимиз ўртасидаги серқирра муносабатни янада кенгайтириш ва чуқурлаштиришга ўзаро содиқлик билдирилди.
Икки томонлама савдо кўрсаткичида сезиларли ўсиш кузатилмоқда. Жумладан, сўнгги 5 йил ичида Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги товар айирбошлаш миқдори 5 баробар ошиб, 2021 йилда 950 миллион долларга етди. Бугунги кунда ўзаро савдо ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш учун зарур шарт-шароит мавжудлиги эътироф этилди. Шу муносабат билан икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш бўйича ишни кучайтириш лозимлиги қайд этилди.
Инвестиция соҳасида ҳам сезиларли ютуқлар кўзга ташланяпти. Шу нуқтаи назардан томонлар инвестициявий муносабат кенгайишининг катализатори бўлиши кутилаётган Ўзбек – қирғиз тараққиёт жамғармаси расман очилганини олқишладилар.
Бундан ташқари, ҳамкорликка оид кун тартибидаги энг долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Қўшма лойиҳа ва ташаббусларни илгари суришни жадаллаштириш ҳамда юзага келаётган масалаларни зудлик билан ҳал қилиш мақсадида ҳукуматлараро ва идоралараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш бўйича қатор таклифлар билдирилди.
Учрашув якунида кўриб чиқилган барча соҳаларда муносабатни янада ривожлантириш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш, амалдаги келишувларни сифатли ва ўз вақтида рўёбга чиқариш юзасидан келишувга эришилди.
ЎзА