Ўзбекистон ва Қирғиз Республикалари ўртасида маҳкумларни топширишга оид ҳуқуқий асос яратилди
Жорий йил 10 июнда “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғиз Республикаси ўртасида озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2024 йил 18 июль) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кучга кирди.
– Ҳозирги ўта мураккаб ва таҳликали вазиятда жиноятчиликка қарши курашиш соҳасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда самарали жамоатчилик назоратини амалга ошириш муҳим аҳамият касб этмокда, – деди Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси раисининг ўринбосари Одилжон Маматкаримов. – Шу сабабли, жамиятда ижтимоий хавфли қилмишларни фош этиш ва барвақт олдини олиш ҳамда тергов ва суриштирув ишларини амалда қўллаш учун хорижий мамлакатлар билан мунтазам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш зарур. Янги қонун шу мақсадда қабул қилинди.

Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоизки, ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг 96 нафар фуқароси Қирғизистоннинг жазони ижро этиш муассасаларида озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтамоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг жазони ўташ муассасаларида Қирғизистоннинг 55 нафар фуқароси озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтамоқда.
Бунда, маҳкумларни топшириш соҳасида ҳуқуқий асосларнинг мавжуд эмаслиги икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини тўлақонли амалга ошириш имкониятини чеклаб келаётган эди.
Маълумки, мамлакатимиз томонидан ҳозирги кунга қадар маҳкумларни жазо ўташни давом эттириш учун фуқаролиги бўлган давлатга ўтказиш бўйича ўнта давлат, жумладан, Бирлашган Араб Амирликлари, Грузия, Латвия, Озарбайжон, Туркия, Туркманистон, Украина, Эрон, Италия ва Қозоғистон билан халқаро Шартномалар тузилган.
Қонун билан ратификация қилинган Шартнома 2024 йил 18 июлда Тошкент шаҳрида Ўзбекистон ва Қирғизистон Ҳукуматлари номидан Бош прокурорлар даражасида имзоланган.
Мазкур Шартнома муқаддима ва 26 моддадан иборат бўлиб, у икки нусхада, ўзбек, қирғиз ва рус тилларида тузилган.
Шартномада маҳкумларнинг жазони ўзлари фуқароси бўлган давлатда ўташлари орқали жазони ижро этиш мақсадига янада самарали эришиш, ҳуқуқбузарларни жамиятда нормал ҳаётга қайтаришга кўмаклашиш бўйича ўзаро ҳамкорликни йўлга қўйиш назарда тутилган.
Эътиборли жиҳати шундаки, икки давлат ўртасида озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги Шартнома инсонпарварлик тамойилларига асосланган муҳим ҳужжатдир.
Чунки, Шартноманинг асосий мақсади маҳкумларнинг жазони ўз фуқаролиги бўлган давлатда ўташлари, яъни маҳкумлар ўз ватанида, оиласи яқинида жазони ўташ имкониятини яратишга қаратилган.
Шартномада жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни ҳукмни ижро этиш учун ўз давлатига топшириш асослари, шартлари ҳамда тартиблари аниқ кўрсатиб ўтилган.
Ҳужжатда Томонлар ўзаро шартларга биноан бир-бирининг сўрови бўйича ҳукм чиқарувчи Томон ҳудудида жиноят содир этганлик учун жазони ижро этиш муассасаларида озодликдан маҳрум қилиш тарзидаги жазони ўтаётган шахсларни фуқаролиги бўлган Томонга ўтказиш тартиблари белгиланган.
Шартномага кўра, ҳукмни ижро этиш Томони маҳкумнинг аҳволини ёмонлаштирмаган ҳолда, ўзининг ваколатли органи қарори асосида жазони тўлиқ ҳажмда ўташнинг давом эттирилишини таъминлаши, тайинланадиган жазо Томон судининг ҳукми асосида ўталиши ҳамда унинг ижроси юзасидан қарор чиқарилади.
Шартнома доирасида маҳкумни топшириш шартлари ва топширишни рад этиш асослари, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш ҳамда ҳукмнинг ижроси тўғрисида ахборот бериш каби муҳим масалаларга аниқликлар киритилди.
Хусусан, Шартномага мувофиқ, маҳкумлар қуйидаги ҳолларда топширилиши мумкин: маҳкум ҳукмни ижро этиш Томонининг фуқароси бўлса; шахсни озодликдан маҳрум қилиш тўғрисидаги суд ҳукми қонуний кучга кирган бўлса; маҳкумнинг ёзма розилиги ёки маҳкумнинг ёши, жисмоний ва (ёки) руҳий ҳолатига кўра ўз иродасини эркин билдира олмаса, унинг қонуний вакили ёки қариндошининг розилиги бўлса; шахс ҳар иккала Томоннинг миллий қонунчилигига мувофиқ жиноий жазоланадиган ва озодликдан маҳрум қилишга сабаб бўладиган қилмиш учун ҳукм қилинган бўлса; маҳкумни топшириш тўғрисидаги ариза ёки сўров қабул қилинганда ўталиши лозим булган озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати камида олти ойни ташкил қилса; ҳукм чиқариш Томонида маҳкумга нисбатан тергов, суд муҳокамаси ёки бошқа процессуал ҳаракатлар давом эттирилмаётган бўлса; Томонлар маҳкумни топширишга рози бўлса.
Маҳкумни ўзи фуқароси бўлган Томонга топшириш тартиб-таомилини бошлаш учун асос ушбу шахснинг, унинг яқин қариндоши ёки қонуний вакилининг Томонлардан исталган бирининг марказий органига йўллаган аризаси ҳисобланади.
Шу билан бирга, ҳужжатда маҳкумни топшириш билан боғлиқ харажатлар, низоларни ҳал этиш, икки томонлама алоқа тиллари, шартномага ўзгартиришлар киритиш ҳамда унинг кучга кириши, амал қилиши ва тугатилиши тартиби кўрсатиб ўтилган.
Мазкур Шартномага мувофиқ топшириш тўғрисидаги илтимоснома бўйича барча масалалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси томонидан Бош прокуратура марказий орган ҳисобланади.
Шартноманинг ратификация қилингани икки давлат ўртасида маҳкумларни топшириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий базани шакллантирди. Эндиликда икки давлат ваколатли органларининг ушбу соҳадаги ўзаро ҳамкорлиги самарадорлиги ошади.
Маҳкумни унга белгиланган жазони ўз давлатида ўташи орқали ижтимоий реабилитация қилиш жадаллашади. Хориждаги фуқароларнинг ҳуқуқий ҳимоя қилиниши ва уларга ҳомийлик кўрсатилиши Ўзбекистон Республикасининг халқаро майдондаги мавқеи кўтарилишига хизмат қилади.
Норгул Абдураимова,
ЎзА