Ўзбекистон Озарбайжон билан транспорт ва энергетика соҳасидаги ҳамкорликни Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) доирасида минтақавий интеграциянинг асосий элементи сифатида кўради.

Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги Халқаро алоқалар ахборот-таҳлил маркази директори Санжар Валиев айни мавзудаги мулоҳазаси билан ўртоқлашаркан, Тошкент ва Боку ўртасида транспорт алоқасини ривожлантириш муҳимлигини таъкидлади:
– Бу Ўзбекистон ва Озарбайжон амалий ҳамкорлиги кун тартибининг тамал тошидир. Зеро, турли соҳалардаги, деярли, ҳар бир қўшма лойиҳа самарали логистикага таянади.
Икки давлат ўртасида Олий давлатлараро кенгаш ишга туширилиши билан салмоқли қўшма лойиҳалар тўплами шакллантирилди. Энди ташаббусларни амалга ошириш учун яхши йўлга қўйилган инфратузилма талаб қилинади. Юк ташишга рухсат берадиган электрон тизим жорий этилиши самарали қадамлардан бири бўлди.
Ўрта йўлак бўйлаб юк ташиш миқдори ортиб, бир миллион тоннадан ошди.
Шарқий Европа ва Яқин Шарқдаги глобал беқарорлик Каспий йўналишини янада жозибадор қилмоқда. Ўзбекистон Озарбайжонга Европа йўлидаги стратегик ҳамкор сифатида қарайди. Айни пайт ўсиб бораётган саноатлаштириш ва ЖСТга қўшилиш эҳтимоли мамлакатни шарқ-ғарб логистикаси муҳим бўғинига айлантирмоқда.
Ўз навбатида, Озарбайжон бизнинг транспорт тармоғимизга уланишдан фойда кўрмоқда. Аллақачон Афғонистон ва Хитой ҳам қўшиладиган мультимодал йўналишлар ишлаб чиқилмоқда.

Истиқболли лойиҳа сифатида кўп вариантли ва интеграциялашган транспорт архитектурасини яратадиган Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон темир йўли ва Транс-Афғон автомобиль йўли қурилишини кўрсатиш мумкин.
Марказий Осиёда электр энергиясига талаб тез суръат билан ўсмоқда. Демак, яна бир стратегик мақсад Европага “яшил” энергия экспорти билан боғлиқ. Бу асосий ҳамкор – ЕИ билан савдо мувозанатини ушлаш имконини беради. Шу боис Ўзбекистон, Қозоғистон ва Озарбайжон иштирокида “яшил” йўлак яратиш ташаббусининг долзарблиги ортмоқда.
Норматив-ҳуқуқий, геосиёсий ва молиявий қийинчиликларга қарамай, давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси, ҳатто, энг йирик лойиҳалар бўйича ҳам ечим топиш имконини беради.
Давлатларимиз ҳамкорлиги кўламини янада кенгайтириш зарур. Савдо, инвестиция ва транспорт аллақачон ривожланган соҳалар. Энди инновация, сунъий интеллект ва рақамли технологияга эътиборни ошириш керак. Хонкенди саммитида Ўзбекистон Президенти томонидан айнан шу ташаббуслар илгари сурилди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон бу мулоқотни икки ва кўп томонлама янги босқичга кўтариш учун реал салоҳиятга эга.
Афғонистон билан боғлиқ трансминтақавий имкониятларимиз ҳам кенг. Ўзбекистон нафақат транспорт, балки ер ости бойликларидан фойдаланиш, тўқимачилик, қурилиш материаллари, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш бўйича ушбу қўшни мамлакат билан лойиҳалар амалга оширмоқда. Айни жараёнга Озарбайжон жалб этилиши мавжуд саъй-ҳаракатларга янги суръат бағишлайди.
Афғонистон транспорт тизимига қўшилиши Каспий, Жанубий ва Марказий Осиё ўртасидаги савдони кенгайтиради. Афғонистон делегацияси Хонкендидаги анжуманда иштирок этиши шундай ниятнинг тасдиғидир.
Саммитдан кейин ташланадиган амалий қадамлар ҳам жуда муҳим. Бу борада ҳаммаси мамлакатлар масъулиятни қай даражада ҳис қилиши, келишувларни амалга оширишга тайёрлигига боғлиқ.
Ўзбекистон ва Озарбайжон ИҲТ доирасида тизимли иш олиб бораётганини намойиш этмоқда. Ишончим комилки, Хонкендидаги саммит минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришда бурилиш нуқтаси бўлади.
Хуллас, Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг ИҲТ доирасидаги стратегик ҳамкорлиги рамзий қадамлар доирасидан чиқиб, анча узоққа боради. Ўсиб бораётган геоиқтисодий рақобат ва глобал таъминот занжири беқарорлиги шароитида Тошкент ва Боку энергия манфаати ва инновацион ёндашувга асосланган барқарор ҳамкорлик моделини шакллантирмоқда.
Муҳаррама Пирматова тайёрлади. ЎзА