Ўзбекистоннинг Ўмон Султонлигидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абдусалом Ҳотамов “Salam Air” авиакомпанияси директорлар кенгаши раиси Муҳаммад Ал-Хонжи ва бошқарувчи директори Адриан Хэмильтон-Маннс билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ўрнатиш истиқболи муҳокама қилинди. Хусусан, тўғридан тўғри ҳаво қатновини йўлга қўйиш, парвоз географиясини кенгайтириш ҳамда туризм ва ишбилармонлик алоқаларини ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
“Salam Air” раҳбарияти шерикликни мустаҳкамлашга қизиқиш билдириб, Марказий Осиё минтақаси халқаро авиация харитасида нисбатан янги йўналиш сифатида юқори салоҳиятга эгалигини таъкидлади.
Учрашув якунида ҳамкорликнинг устувор йўналишларини батафсил ишлаб чиқиш мақсадида экспертлар даражасида мулоқотни давом эттиришга келишилди.
М.Пирматова, ЎзА