
Тинч океанида жойлашган митти давлат – Науру Республикаси Ўзбекистон билан расман давлатлараро алоқани йўлга қўйган 159-мамлакатга айланди.
Қўшма ҳужжатни Нью-Йорк шаҳрида тантанали равишда мамлакатимизнинг БМТ ҳузуридаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ва унинг ҳамкасби Лара Эраб Даниэль имзолади.
Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан БМТнинг ихтисослашган муассасалари доирасидаги шерикликни мустаҳамлашга тайёрликларини билдирди. Шунингдек сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқалар билан боғлиқ ўзаро манфаатли йўналишларни белгилаб олиш учун умумий саъй-ҳаракатни фаоллаштиришга келишиб олинди.
Мазкур воқеа Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий алоқаларини чуқурлаштириш ҳамда мамлакатимизнинг халқаро майдондаги иштирокини кенгайтириш йўлида муҳим қадам ҳисобланади.
Эслатиб ўтамиз, 21 февраль куни Жанубий Америкадаги Суринам Республикаси билан ҳам дипломатик муносабат йўлга қўйилган эди.
Азиза Алимова тайёрлади.
ЎзА