29 май куни Тошкентда материалшунослик соҳасида муҳим тарихий қадам қўйилди — Фанлар академияси Материалшунослик институти ва Корея саноат технологиялари институти таркибидаги Корея Миллий нодир металлар институти ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Бу юзасидан ФА Ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Ушбу ҳужжат икки давлат ўртасидаги стратегик илмий-техник ҳамкорлигининг бошланишига қўйилган асосдир.
Энг муҳими, бу келишув юқори технологик материаллар, нодир металлар, экологик тоза ва барқарор бўлган ишлаб чиқариш технологияларини ривожлантиришга хизмат қилади.
“Бугун Корея Миллий нодир металлар институти билан ҳамкорлик тўғрисидаги мемораундумни имзоладик. Мемораундумимизнинг асосий мақсади — бугунги кунда нафақат бизнинг давлатимизда, балки, бутун дунёда тақчиллиги сезилаётган энергия манбалари, технологиялари ва материаллар йўналишида ҳамкорликни йўлга қўйиш эди. Шунга кўра, бугунги ҳамкорлигимиз асосан биринчи навбатда — нодир металлар, улардан тўғри фойдаланиш, унинг синтези билан шуғулланишга қаратилади” дейди, Материалшунослик институти директори – Одилхўжа Парпиев. – “Кореялик ҳамкорларимизнинг асосий қизиқиши эса — Ўзбекистонда мавжуд бўлган шароит, яъни қуёш энергиясидан фойдаланган ҳолда ҳам материалларнинг синтези, шу билан бирга ишлаб чиқаришини ҳам ташкил қилиш бўлмоқда.
Чунки бошқа технологияга қараганда бу ерда соф энергия сарфланади. Қолаверса, қуёш энергиясидан фойдаланиб, олинган материаллар софлиги ҳам билан ажралиб туради. Бу каби материаллар асосан аэрокосмосда, работотехникада, электроникада хуллас юқори технологик ишлаб чиқаришда фойдаланилади”.
“Яна бир қизиқиш бу — ақлли материаллар йўналиши. Биламиз, бугунги кунда бутун дунёда ақлли материалларга бўлган эътибор жуда ҳам катта. Ўзбекистонда ҳам бунақа ноёб имконият бор, яъни қуёш энергиясидан фойдаланган ҳолда шунақа материалларни ишлаб чиқариш мумкин ва агар бу материалларга қандайдир таъсир ўтказсангиз, ўз хусусиятини ўзгартириши, ўта мустаҳкам бўлиши, ўтказувчанлик хусусуиятлари пайдо бўлиши ёки кўплаб қанақадир хусусиятларни бериши мумкин.
Бу каби материаллардан бугунги кунда юқори технологик ишлаб чиқаришда фойдаланилади.
Масалан, электр энергияси йўналишини олайлик, бугунги кунда гидроэнергетика бор, кўплаб ишлаб чиқариш қувватлари бор... кўплаб куч ва маблағ сарфланади, аммо ишлаб чиқариладиган энергия то истеъмолчига етиб боргунга қадар 20-30 % йўқотиш юз беради. Тасаввур қилинг, шу йўқотиш бўлмайдиган бўлса, бу — энергетика соҳасида жуда ҳам катта сакраш бўлади”.
Ушбу имзоланган мемораундумда айниқса, Ўзбекистонда Фанлар академияси ташаббуси билан илгари сурилаётган “Яшил технологиялар водий – барқарор технологиялар ва ақлли материаллар бўйича халқаро илмий ҳаб” ташаббусини қўллаб-қувватлаш алоҳида қайд этилди.
Бу ташаббус Корея Миллий нодир металлар институтининг глобал стратегияси билан тўла мос келиши билан эътиборлидир.
Шундай қилиб, томонлар муҳим йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олдилар.
Яъни, нодир металлар, ақлли материаллар ва экологик технологиялар бўйича қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш, ўзаро олимлар, муҳандислар ва мутахассислар алмашиш, қўшма конференциялар, семинарлар ва илмий мактаблар ташкил этиш, илмий маълумотлар, лаборатория инфратузилмаси ва нашрлар билан ўртоқлашиш каби ҳамкорликлар шулар жумласидандир.
Шунингдек, илмий ишланмаларни тижоратлаштириш стратегияларини ишлаб чиқиш, таълим ва стажировка дастурларини ташкил қилиш масалалари муҳокама қилинди.
“Биз беш йиллик ОДА дастурини амалга оширишнинг якуний босқичига яқинлашяпмиз. Айни пайтда ушбу лойиҳа доирасидаги учинчи йил давом этмоқда ва деярли барча ускуналар тез орада Чирчиқда жойлашган Тошкент Механика Қурилиш институтида ўрнатилади. Бу эса Ўзбекистон билан қўшма илмий тадқиқотларнинг истиқболли йўналишларини аниқлаш учун қулай шароит яратади. Айнан шу — менинг Ўзбекистонга ташрифимнинг асосий мақсади ҳисобланади” дейди, Корея Миллий нодир металлар институти директори – Kyoung-Tae Park. – Бундан ташқари, ҳамкорликнинг устувор йўналишларидан бири сифатида биз саноат учун амалий аҳамиятга эга технологик ечимларни ишлаб чиқишни кўрамиз. Хусусан, мен мис эритиш жараёнининг ён маҳсулоти бўлган — таркибида рутений, платина ва селен каби ноёб ва қимматли элементлар мавжуд бўлган шлам (Олмалиқ КМКнинг техник чиқиндилари)ни қайта ишлаш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилдим. Биз ушбу металларни ажратиб олиш ва уларни чуқур қайта ишлаш салоҳиятини таҳлил қиляпмиз. Бундай материаллар Корея саноатида кенг қўлланилади, аммо ҳозирда улар тўлиқ импорт қилинади. Уларни маҳаллий шароитда қайта ишлаш йўлга қўйилса, бу бизнинг бизнес моделимизни кенгайтириш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим қадам бўлади”.
“Шу билан биргаликда, Паркентдаги Катта қуёш печи энергетик қувватларидан фойдаланиш салоҳиятини ҳам юқори баҳолаймиз. Бугунги муҳокамаларда бу экологик тоза, чиқиндисиз технологияни қўллаш истиқболлари менга катта таассурот қолдирди. Кореяга қайтгач, ушбу ташаббусни албатта, батафсил таҳлил қиламан. Ишончим комилки, бу йўналиш хомашё қайта ишлаш ва қуёш энергияси асосида қотишмалар ишлаб чиқариш соҳасида истиқболли ҳамкорликнинг пойдевори бўлиши мумкин”.
Меморандум 3 йил амал қилади, лекин икки томонлама келишув асосида уни узайтириш ҳам мумкин. Шу билан биргаликда, унда интеллектуал мулк бўйича ҳаммуаллифлик, молиялаштириш механизмлари ва лойиҳаларнинг самарадорлигини баҳолаш мезонлари ҳам белгиланган.
Бир сўз билан айтганда мазкур келишув нафақат янги илмий ютуқларга эшик очади, балки Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги илм-фан, технология ва инновациялар соҳасидаги ишончли шерикликни янада мустаҳкамлаб беради. Қолаверса, ҳамкорлик келажакда юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш ва илмий кадрлар салоҳиятини оширишга ҳам хизмат қилади.
М.Эшмирзаева, ЎзА