Ўзбекистон ва Испания ўртасида савдо ҳажми икки баробар ошган
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов қароргоҳи Москва шаҳрида жойлашган Испания Қироллигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Маркос Гомес Мартинесни қабул қилди.
Мулоқот чоғида икки давлат ўртасидаги инвестициявий ва савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва алоқаларни янада фаоллаштириш истиқболи муҳокама қилинди.
Сўнгги 5 йилда иқтисодий муносабат жадаллашгани, ўзаро савдо ҳажми икки баробар ошгани қайд этилди. Ўзбекистонда Испания иштирокидаги қўшма корхоналар сони мунтазам кўпайиб боаётгани, шу билан бирга томонларда ҳамкорликни янада кенгайтириш учун фойдаланилмаган салмоқли салоҳият мавжудлиги эътироф этилди.

Хусусан, қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик саноати, энергетика, инфратузилмавий қурилиш ва қурилиш материаллари ишлаб чиқаришда қўшма лойиҳалар амалга ошириш учун катта имконият борлиги таъкидланди.
Ўзбекистон Республикаси ва Испания Қироллиги ўртасида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия бу борада самарали восита экани маъқулланди. Тез орада Тошкент шаҳрида Комиссиянинг биринчи йиғилиши ва учрашув доирасида бизнес-форум ўтказиш режалаштирилган.
Учрашув якунида муҳокама қилинган ташаббус ва ҳамкорлик йўналишларини илгари суриш бўйича навбатдаги тадбирлар келишиб олинди.
ЎзА