Ўзбекистон ва Хитой ишбилармонлари учрашди
Тошкентда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан Ўзбекистон ва Хитой ишбилармон доира вакиллари ўртасида учрашув ташкил этилди.
Тадбирда Нинбо шаҳрининг Сяншань тумани маъмурияти делегацияси ва турли соҳаларга ихтисослашган Хитой компаниялари, мамлакатимиздан эса манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга тайёр 80 дан зиёд тадбиркорлик субъекти вакиллари қатнашди.
Ўзаро товар айирбошлашни фаоллаштириш, Ўзбекистондан Хитойга маҳсулот экспорти миқдорини ошириш, шунингдек, икки давлат ўртасидаги технологик шерикликни кенгайтириш мақсадида ташкил этилган анжуман иштирокчилари томонлар фаолияти билан тўлиқ танишиш, ишбилармонлик алоқасини мустаҳкамлаш истиқболини муҳокама қилиш имконига эга бўлдилар.
[gallery-11280]
Хитой томони Сяншань туманининг иқтисодий салоҳиятини намойиш этувчи, мамлакатимиз корхоналари билан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, озиқ-овқат, тўқимачилик, электротехника, пластик ва кимё саноати корхоналари билан савдо-иқтисодий, сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган тақдимотлар ўтказди.
Таъкидлаш жоиз, Хитойнинг энг илғор 100 туманидан бири – Сяншань туманида турли маҳсулотларни қайта ишлаш ва ишлаб чиқариш имконига эга кўплаб йирик корхоналар мавжуд.
Сўнгги йилларда Хитой Ўзбекистоннинг етакчи ташқи савдо шеригига айланди. 2022 йил якунига кўра, товар айирбошлаш ўтган йилга нисбатан 1.2 баробар кўпайиб, 8.9 миллиард долларга етди.
Тадбир якунида икки мамлакат ишбилармон доиралари вакиллари ўртасида бўлиб ўтган “B2B” шаклидаги музокаралар кичик ва хусусий тадбиркорлик соҳасида ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилиб, келгусида ўзаро манфаатли савдо битимлари ва шартномалари тузиш бўйича келишувга эришиш имконини яратди.
Гўзал Сатторова, Ойбек Пардаев (сурат), ЎзА