Ўзбекистон ва Германия: иқтисодий алоқалар ва инвестор ҳимояси кучайтирилади
Бугунги кунда мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини яхшилаш, хусусий секторнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда бизнес юритишда очиқлик ва шаффофлик тамойилларини қарор топтириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Ушбу йўналишда халқаро тажрибани ўрганиш ва хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш муҳим аҳамият касб этади. Шу мақсадда пойтахтимизда ўтказилаётган V халқаро «Бизнесда ҳалоллик» форуми халқаро ва маҳаллий экспертлар, давлат органлари ҳамда дипломатик корпус вакилларини бир майдонга жамлади.
Мазкур нуфузли анжуман доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) Абдуманноп Бўриев Германиянинг мамлакатимиздаги элчихонаси иқтисодий масалалар бўлими бошлиғи ва матбуот котиби Ребекка Довергне ҳамда Германия иқтисодиётининг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси раҳбари Эдуард Кинсбрунер билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, инвесторлар ҳуқуқларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш ҳамда шаффоф ва барқарор ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришда ўзаро ҳамкорликнинг аҳамияти таъкидланди.

Томонлар тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, давлат ва бизнес ўртасидаги очиқ мулоқотни ривожлантириш ҳамда ортиқча маъмурий тўсиқларни қисқартириш бўйича қўшма ташаббусларни амалга ошириш истиқболларини муҳокама қилди.
Шунингдек, Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (ГИЗ) билан алоқаларни янада кенгайтириш, немис экспертлари иштирокида амалий ўқув дастурларини ташкил этиш ва коррупциявий хавфларнинг олдини олиш бўйича тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунида 2027 йилда ўзаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма ташаббусларни илгари суриш ва уларни амалиётга татбиқ этиш режалари юзасидан фикр алмашилди.
Гулноза Бобоева,
ЎзА