Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ҳамкорлиги янада кенгаяди
Тошкентдаги Халқаро бизнес марказида 29 июнь куни Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битими лойиҳаси бўйича музокараларнинг саккизинчи давраси бўлиб ўтди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Ғайрат Фозилов, инвестициялар ва ташқи савдо вазири ўринбосари Бадриддин Обидов, Европа ташқи ҳаракатлар хизмати, Россия, Шарқий шериклик, Марказий Осиё, минтақавий ҳамкорлик ва Европада хавфсизлик ва хамкорлик ташкилоти масалалари бўйича ижрочи директори ўринбосари Люк Девин ҳамда Ўзбекистон ва ЕИнинг тегишли идоралари вакиллари иштирок этди.

Учрашувда Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик битими бўйича музокараларнинг жорий ҳолати ва келгусида ижросини таъминлаш билан боғлиқ режалар муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган кенг кўламли ижобий ўзгаришлар натижасида мамлакатимизнинг хорижий давлатлар, жумладан, Европа Иттифоқи билан ҳамкорлик алоқалари ривожланиб бормоқда.

Шу боис, Европа томони Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, Тошкент билан икки томонлама алоқаларни кенгайтиришга муҳим аҳамият берилишини маълум қилди.
– Европа Иттифоқи Марказий Осиё давлатлари билан стратегик шерикликни мустаҳкамлашга катта эътибор қаратмоқда. Жумладан, Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий ва бошқа қатор соҳаларда ҳамкорлик ривожланмоқда. Йиғилишда икки томонлама ҳамкорлик ҳолати кўриб чиқилди. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар бизни мамнун қилади.

Ўзбекистондаги демократик ислоҳотларни ва ташқи сиёсатдаги олиб бораётган саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаймиз. Мамлакатингиз Афғонистонда барқарорликни таъминлаш бўйича ижобий ишларни амалга оширмоқда. ЕИ томони Ўзбекистон билан ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга тайёр, – деди Люк Девин.
Тадбирда Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасида имзоланажак битим ўзаро муносабатларни янги босқичга олиб чиқиши таъкидланди. Шунингдек, қатор соҳаларда шериклик алоқаларини янада ривожлантиришга кенг имкониятлар яратиши қайд этилди.
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ, ЎзА