
2-март – Ўзбекистон БМТга аъзо бўлган кун
Маълумки, Ўзбекистон ташқи сиёсатнинг устувор йўналишларидан бири сифатида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратади. Айниқса сўнгги йилларда юртимиз кенг қамровли халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, долзарб муаммолар, хусусан дунё миқёсидаги можароларни тинч йўл ва воситалар билан ҳал қилиш, табиий офатларни бартараф этиш, қуролли тўқнашувларнинг олдини олиш, глобал мулоқот ва амалий ташаббусларни илгари суриш, шунингдек инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш масалаларида фаол қатнашмоқда.
Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги муносабат 1992 йил 2 март, яъни республикамиз мазкур нуфузли ташкилотга аъзо бўлган кундан бошлаб жадал ривожланмоқда. Бу алоқалар сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, экологик ва хавфсизлик соҳаларини қамраб олган.
Мамлакатимиз Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва минтақада барқарорликни таъминлаш борасида БМТ билан яқин муносабат ўрнатган. Тузилманинг глобал тинчлик ва хавфсизликни таъминлашдаги муҳим ўрнини эътироф этиб, халқаро муаммоларни ҳал қилишда фаол иштирок этади. БМТнинг Марказий Осиё бўйича илгари сураётган ташаббусларини қўллаб-қувватлайди. Хусусан, Aфғонистоннинг барқарор ривожланишига ёрдам бериб, терроризм ва экстремизмга қарши муросасиз курашади.
2017 йил Ўзбекистон ташаббуси билан Тошкент шаҳрида БМТнинг Марказий Осиё учун превентив дипломатияси бўйича минтақавий маркази фаолият кўрсата бошлади. Мазкур тузилма билан ҳамкорлик хавфсизликни таъминлаш, терроризмга қарши курашиш, тинчликни мустаҳкамлашда аёллар ва ёшлар салоҳиятидан фойдаланиш, низоларнинг олдини олиш, муаммоларни ҳал этиш, шунингдек трансчегаравий сув ва энергия ресурсларидан биргаликда ва оқилона фойдаланишни назарда тутади.
Мамлакатимиз аҳолисининг қарийб ярмини ташкил этадиган ёшлар салоҳиятини рўёбга чиқариш бўйича ҳам марказ билан изчил иш олиб бориляпти. Бу жараёнда Олий Мажлис Сенати ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари превентив дипломатиянинг замонавий усул ва воситаларини ўзлаштириши бўйича алоҳида келишув мавжуд.
Маълумки, 2015 йил “БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари” номли стратегияси эълон қилинган. Шу муносабат билан республикамизда 2030 йилга қадар инсониятни равнақ топтиришнинг 16 глобал мақсадига эришиш мақсадида қатор амалий ишлар олиб борилмоқда. БРМга тўла ҳамоҳанг тарзда ишлаб чиқилган ва амалга оширилаётган Тараққиёт стратегияси, ушбу ҳужжатга мувофиқ қабул қилинаётган Давлат дастурлари ҳамда қонун ҳужжатлари мамлакатимиз барқарор тараққиётига хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон БМТ Тараққиёт Дастури (UNDP) билан бирга иқтисодий ислоҳотлар ўтказиш, мамлакатда тадбиркорликни ривожлантириш ва ижтимоий лойиҳалар амалга оширишни йўлга қўйган. БРМ асосида махсус дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Жаҳон озиқ-овқат дастури (WFP) кўмагида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш чоралари кўрилмоқда. Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш, экологик тоза технологияларни амалиётга жорий этишга қаратилган халқаро лойиҳалар илгари сурилмоқда.
Юртимизда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгаши билан фаол ҳамкорликда инсон ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва гендер тенгликни таъминлаш йўлида ислоҳотлар ўтказилмоқда. 2021 йил Ўзбекистон мазкур Кенгашга аъзо бўлди.
Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ва Халқаро меҳнат ташкилоти (ILO) билан бирга аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, ёшлар бандлигини ошириш ва гендер тенгликка эришиш бўйича иш олиб бориляпти. Атроф-муҳит бўйича дастур (UNEP) кўмагида экологик лойиҳалар йўлга қўйилган. Ўзбекистон ташаббуси билан 2021 йил Бош Ассамблеяда Орол бўйи минтақасини экологик инновация ва технология ҳудуди, деб эълон қилиш тўғрисида махсус резолюция қабул қилинди. Глобал иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича халқаро дастурларни қўллаб-қувватлаш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва чўлланишга қарши кураш бўйича чора-тадбирлар белгиланган.
Ўзбекистон БМТ минбаридан қатор муҳим ташаббуслар билан чиқиб, халқаро ҳамжамият эътиборини минтақавий ва глобал муаммоларга қаратиб келмоқда. 2017 йил Президент Шавкат Мирзиёев Бош Ассамблея минбарида туриб Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича махсус резолюция қабул қилиш ташаббусини илгари сурди. Натижада 2018 йил БМТ БА “Марказий Осиёда мулоқот ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюциясини қабул қилди. Ўзбекистон Марказий Осиё давлатлари ҳамкорлигини кучайтириш ва БМТ доирасида минтақавий муаммоларни ҳал қилиш бўйича етакчи, энг ташаббускор давлат бўлиб келмоқда. Бу борадаги фаоллик минтақада барқарорликни мустаҳкамлаб, халқаро ҳамжамият билан муносабатларни яхшиламоқда. Сўнгги йилларда Марказий Осиё яхши қўшничилик, барқарорлик, ўзаро ҳамкорлик ва ривожланиш йўлидан бормоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан умумий хавфсизлик ва тараққиётга қаратилган “Самарқанд бирдамлик ташаббуси” илгари сурилди. Бу ғоянинг асосий мақсади мамлакатлар ва халқларнинг бугунги куни ва истиқболи учун масъулиятни ҳар томонлама чуқур англаш, очиқ ва конструктив ҳамкорликка тайёр барча томонларни глобал мулоқотга жалб қилишдан иборат.
БРМга уйғун “Ўзбекистон-2030” тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилгани мамлакатимиз ўз зиммасига олган барча мажбуриятларни тўла ва қатъий бажараётганидан далолат.
Ўзбекистон етакчиси БМТ ҳузурида Марказий Осиё ёшларини ривожлантиришга кўмаклашиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этиш, тузилма доирасида “Марказий Осиё ёшлари кун тартиби-2030” дастурини ишлаб чиқиш таклифни билдирди. БМТ Бош котибининг Сув ресурслари бўйича махсус вакили лавозими таъсис этилишини қўллаб-қувватлаш ва Марказий Осиёда сув тежайдиган технологиялар платформасини яратиш жараёнида “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – сув ресурслари” механизмини ишга солиб, энг илғор технологияларни жалб этиш ва татбиқ қилиш масаласи ҳам илгари сурилган.
Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясидаги нутқида таъкидлаган масалалар – “Марказий Осиё глобал иқлим таҳдидлари қаршисида: умумий фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик” резолюциясини қабул қилиш ташаббуси, Самарқандда бўлиб ўтадиган халқаро иқлим форуми, жаҳон миқёсида динлараро бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиш мақсадида Ўзбекистонда YUNESCO шафелигида Динлараро мулоқот ва бағрикенглик халқаро марказини ташкил этиш каби таклифлар ҳам глобал аҳамият касб этган муҳокамалардан ўрин олган.
Ўзбекистон ёшлар ҳуқуқини халқаро миқёсда ҳимоя қилиш мақсадида БМТнинг Ёшлар ҳуқуқи тўғрисидаги конвенциясини қабул қилиш таклифини киритди. Бу ҳужжат ёшларнинг таълим олиш, бандлик, соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя ҳуқуқларини халқаро даражада мустаҳкамлашга қаратилган. Республикамиз минтақа хавфсизлигини мустаҳкамлаш мақсадида БМТ ҳузурида Марказий Осиё бўйича Терроризмга қарши махсус марказ ташкил этиш ташаббусини илгари сурган.
БМТ раҳбарлари Ўзбекистонга бир неча бор расмий ташриф буюрган. Ушбу ташрифлар ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, минтақавий муаммоларни муҳокама қилиш ва давлатимизнинг халқаро майдондаги фаоллигини янада оширишга хизмат қилган. Бош котиб Антониу Гутерришнинг 2017 йил июнь ва 2024 йил июлдаги ташрифларида Марказий Осиёда хавфсизлик ва барқарорлик, Ўзбекистоннинг БМТ доирасидаги ислоҳотларини қўллаб-қувватлаши, Орол денгизи инқирози ва экологик муаммоларни ўрганиш масалалари батафсил муҳокама қилинган. Орол бўйи минтақаси муаммоларини ҳал қилишда халқаро ёрдамни кучайтириш, минтақа давлатларини ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга чақириш, юртимиздаги иқтисодий, сиёсий ислоҳотларни қўллаш, БМТнинг диёримиздаги лойиҳаларини кенгайтириш каби масалар ҳам ушбу ташрифлар кун тартибидан ўрин эгаллади. Гутерриш Орол бўйига ташриф буюриб, ҳудудни “сайёрамиздаги энг йирик экологик фожиа манзилларидан бири” деб атаган ва халқаро ҳамжамиятни Ўзбекистоннинг бу борадаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашга чақирган. Унинг иккинчи ташрифи “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар БМТ томонидан қўллаб-қувватланаётгани тасдиғи ҳамда глобал ва минтақавий тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишда янги босқични бошлаб берди. Айни пайт 140 та қўшма дастур ва лойиҳа муваффақиятли ишламоқда. Охирги бир неча йил ичида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 10 та махсус резолюцияси қабул қилинди. 2024 йил Бош котибнинг беш нафар ўринбосари Ўзбекистонга ташриф буюрди. 2024 йил давлатимиз Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш (ECOSOC) таркибига ва Халқаро меҳнат ташкилоти Маъмурий кенгашига сайланди. Ўзбекистон вакили биринчи марта Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси бўлди. Тошкентда БМТнинг яна бир махсус муассасаси – Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича халқаро жамғарма ваколатхонаси иш бошлади. Биргаликда глобал кун тартибига оид йирик халқаро тадбирлар, жумладан озиқ-овқат хавфсизлиги, туризмни ривожлантириш, камбағаллик ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда биология хилма-хиллигини муҳофаза қилиш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда.
2025 йил Самарқандда YUNESCOнинг 43-бош конференцияси бўлиб ўтади. Давлатимиз раҳбари Бош котибнинг халқаро хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, БМТнинг асосий органларини ислоҳ қилиш ташаббусини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирган. Ташриф давомида Афғонистонда юзага келаётган вазият муҳокама қилиниб, афғон халқига гуманитар ёрдамни кенгайтириш, жаҳон ҳамжамиятининг бу мамлакатга нисбатан умумий стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, 2026-2030 йилларда БРМ бўйича ҳамкорликнинг ҳадли дастурини биргаликда ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилди.
БМТ раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифи давомида қуйидаги ташаббуслар илгари сурилган: Орол бўйи минтақасини экологик инновация ҳудудига айлантириш, Марказий Осиёда барқарор ривожланиш ва хавфсизлик бўйича ҳамкорликни мустаҳкамлаш, терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича БМТ билан ҳамкорликни кенгайтириш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашда Ўзбекистон иштирокини фаоллаштириш, БМТ агентликлари орқали мамлакатдаги иқтисодий ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш.
Хулоса қилиб айтганда, бу ташрифлардавлатимизнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш ва БМТ билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, экология, инсон ҳуқуқи, минтақавий хавфсизлик ва барқарор ривожланиш йўналишларида Ўзбекистон ташаббуслари халқаро миқёсда қўллаб-қувватланмоқда.
Ҳилола Мустапова,
Тошкент давлат шаркшунослик университети
Халкаро муносабатлар кафедраси доценти,
сиёсий фанлар буйича фалсафа доктори