Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
2 март – Ўзбекистон БМТга аъзо бўлган кун
Жаҳондаги етакчи халқаро тузилма – Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан Ўзбекистон ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйганига бу йил 32 йил тўлди.
Дунёдаги энг йирик халқаро ташкилот сифатида БМТ Ўзбекистоннинг дунё ҳамжамиятига кириб боришида, бошқа давлатлар билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишида, энг асосийси, кўплаб мамлакатлар томонидан тан олинишида катта аҳамиятга эга бўлди.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳаларда туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Таъкидлаш керакки, 2017 йилда бошланган янги ислоҳотлар нафақат ички, балки ташқи сиёсий ва ташқи иқтисодий алоқаларда ҳам янги даврни бошлаб берди. Замонавий халқаро муносабатлар кўп томонлама дипломатиянинг роли ортиб бораётганлиги билан ҳам характерланади.
Ўзбекистон Республикаси ташқи сиёсатининг белгиловчи асосий йўналишларидан бири – ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида БМТ билан ўзаро ҳамкорлик алоқалари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Ўзбекистон 1992 йил 2 март куни жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли аъзоси сифатида БМТга 179-давлат сифатида аъзоликка қабул қилинди. Юртимизни БМТга қабул қилиш тўғрисидаги қарор БМТ Бош Ассамблеясининг 46-сессиясида якдиллик билан, овозга қўйилмаган ҳолда қабул қилинган.
Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ва БМТ билан ҳамкорликда ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий соҳаларда кўплаб маҳаллий доирадаги лойиҳаларни ҳам амалга оширди. Умуман, Ўзбекистоннинг БМТ билан ҳамкорликда амалга оширган лойиҳаларини глобал, минтақавий ва маҳаллий даражадаги лойиҳалар сифатида баҳолаш мумкин. БМТ Ўзбекистонга жаҳонда тинчлик ва барқарорлик, иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш, маданий ва илм-фан тараққиётининг ёрқин мисоли, тобора ривожланиб бораётган ёш мамлакат сифатида қарайди. Шу боис мазкур нуфузли ташкилот ва унинг ихтисослашган муассасалари Ўзбекистон билан ҳамкорликда турли халқаро анжуманлар ташкил этишдан манфаатдор. Бу эса мамлакатимиз учун БМТ ва унинг тузилмалари билан кўп томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, мустақиллик шароитида эришилган ютуқларни, юртимиз тарихи, маданият, санъатини жаҳонга тарғиб этиш, глобал ва минтақавий муаммоларга биргаликда ечим топиш имкониятини беради. Шу маънода, Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигида турли йилларда кўплаб анжуманлар ташкил этилган.
Ўзбекистон ва БМТ ҳамкорлигининг устувор йўналишларида бири бу – инсон ҳуқуқлари ва уни ҳимоя қилиш масаласидир. Шу маънода, Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига оид 70 дан ортиқ халқаро шартномани ратификация қилган. Жаҳонда кечаётган ҳозирги глобаллашув жараёни инсоният тараққиётига ижобий таъсир кўрсатиш билан бирга, ўзида турли таҳдид ва хавф-хатарларни ҳам намоён этмоқда. Ана шундай мураккаб шароитда бугунги кунда дунёнинг етакчи халқаро тузилмаси – БМТ билан тинчлик ва барқарор тараққиётни таъминлаш йўлида самарали ҳамкорлик қилиш халқимизнинг туб миллий манфаатларига тўлиқ мос келади.
Хусусан, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқи Ўзбекистон – БМТ муносабатларининг янги босқичини бошлаб берди, дейиш мумкин. Давлатимиз раҳбарининг мазкур сессияда сўзлаган нутқида “Биз қатъий ишонамиз, БМТ бундан кейин ҳам халқаро муносабатларда ҳал қилувчи ўрин тутади”, деган фикри Янги Ўзбекистоннинг ташқи сиёсий позициясини изоҳлаб берди.
Мазкур мустаҳкам сиёсий-дипломатик позиция давлатимиз раҳбари томонидан 2020 йил 23 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида илгари сурилган глобал ва минтақавий аҳамиятга эга ташаббусларда яна бир карра ўз аксини топди. Шунингдек, 2023 йил 19 сентябрда БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясида Шавкат Миромоновичнинг “Биз ҳуқуқий, дунёвий, демократик ва ижтимоий давлат бўлмиш Янги Ўзбекистонни барпо этиш сиёсатини қатъий давом эттирмоқдамиз. Мамлакатимиз “Инсон қадри ва манфаатлари учун” деган эзгу ғоя асосида демократия ва адолат тамойилларини мустаҳкамлашга қаратилган туб ислоҳотлар йўлидан дадил илгари бораётгани, юртимиз “Бирлашган Миллатлар Ташкилоти – Хотин-қизлар” тузилмаси билан ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлиги таъкидланиб, биргаликдаги ташаббус сифатида аёлларнинг бунёдкорлик салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш ва тажриба алмашиш учун келгуси йили Ўзбекистонда Осиё хотин-қизлари форумини ўтказиш таклиф қилинди.
Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон ҳамда БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик алоқалари муваффақият билан равнақ топмоқда. БМТ билан муносабатларимиз тенглик ва манфаатли шериклик асосида ривожланиб бораверади.
Абдужаббор Нурматов,
Наманган муҳандислик-технология институтининг
ижтимоий фанлар ва спорт кафедраси доценти.
ЎзА