
Халқимизда бир мақол бор: Қўшнинг тинч – сен тинч. Бу шаксиз ҳақиқат, айниқса, кескин низо ва зўравонликлар урчиб, турли минтақаларни ўз домига тортаётган, асрлар давомида ўзаро тинч, ҳамжиҳат яшаган бутун-бутун халқлар бир-бирига қарама-қарши бўлиб қолаётган бугунги кунда ўта долзарб аҳамият касб этмоқда.
Ўзбек ва афғон халқлари азалдан ёнма-ён яшаб келади. Бизни умумий маданий, маънавий ва тарихий қадриятлар, ягона дин, буюк аждодларимизнинг мероси бирлаштириб туради.
Ўзбекистон доим Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш, ушбу мамлакат билан яхши қўшничилик алоқаларини йўлга қўйиш ва мустаҳкамлаш тарафдори бўлиб келган. Айниқса, сўнгги йилларда муносабатларимизда тамомила ўзгача ёндашув намоён бўлаётгани, ҳамкорлик янгича қарашлар асосида ривожланаётгани халқаро миқёсда ҳам эътироф этилмоқда.
Мамлакатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти минбаридан, қатор халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасида Афғонистонга доир истиқболли таклиф, ташаббуслар илгари сураётгани маълум. Энг муҳими, бу ҳаётий лойиҳаларнинг барчаси амалиётга татбиқ этилмоқда.
Шу кунларда Афғонистон Бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулло Aбдул Ғани Бародар бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.
Кеча, 22 февраль куни мартабали меҳмонларни Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев, Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Эргашев, Толибоннинг юртимиздаги элчиси шайх Абдулғаффор Баҳр кутиб олди.

Делегация таркибида айни пайт Муваққат ҳукумат таркибида кон ва нефть, транспорт ва авиация, саноат ва савдо, қишлоқ хўжалиги каби асосий соҳаларда вазир вазифасини бажараётган, шунингдек Молия вазирлиги раҳбарининг даромад ва бож ишлари бўйича ўринбосари каби иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқлари масъул вакиллари борлиги мазкур ташрифдан нечоғли юқори мақсадлар кўзланганидан далолат.
Мулло Aбдул Ғани Бародар дастлаб ҳукуматимиз раҳбари ўринбосари Жамшид Хўжаев билан учрашиб, савдо ва транзит алоқасини мустаҳкамлаш, қўшма савдо зоналари ташкил этиш масаласини муҳокама қилди.

Юқори мартабали музлозим Афғонистон ва Ўзбекистонни диний, тарихий, маданий ва этник муштараклик боғлаб туришини яна бир бор эсга олиб, бу жиҳат икки ўлка сиёсий, иқтисодий муносабатларига чуқур ижобий таъсир кўрсатаётганини эътироф этди. Шу билан бирга Трансафғон лойиҳаси, 500 киловаттлик электр узатиш тизими яратилиши ҳақида гапирди. Ўзаро савдода миллий валюталардан фойдаланиш, углеводород ва минерал ресурслар бўйича келишув амалга ошириш, ўзбекистонлик ишбилармонларнинг Афғонистонда турли соҳаларга сармоя киритиши имкониятини ўрганиш таклифини илгари сурди. Сармоядорларга зарур қулайликлар яратиш масаласи ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини билдирди.
Ўз навбатида Ж.Хўжаев ўзбек тадбиркорлари ушбу қардош давлатда нефть ва газни қидириш ва қазиб олиш орқали саноатни ривожлантириш, масалан Саманган вилоятида цемент заводи барпо этиш учун инвестиция киритишга тайёрлигини маълум қилди. Маълум бўлишича, “Тоти Майдон” газ конини қидириш жараёнида аллақачон сезиларли натижага эришилган, тез орада қазиш ишлари бошланади.

– Мақсадимиз – сиёсий, иқтисодий, транзит ва савдо алоқаларини кенгайтириб, Афғонистонга Ўзбекистон сармоясини жалб қилиш учун имконият яратиш, – дейди Толибон матбуот хизмати вакили Ҳамидулло Фитрат. – Умуман, икки давлат расмийлари кўплаб соҳалар бўйича шерикликни муҳокама қиладилар.
Афғонистонлик иқтисодий таҳлилчи Аҳмад Фирдавс Беҳғозин фикрича, қўшнилар ва бошқа давлатлар билан мустаҳкам алоқа тикланиши мамлакат иқтисодий салоҳиятини сезиларли даражада оширади.
– Ҳамкор эллар билан иқтисодий алмашинув кўлами қанчалик кенгайса, ички иқтисодиётимиз жаҳон бозорига шунчалик тез интеграциялашади, – деди у.
Шу куннинг ўзида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Афғонистон Бош вазири ўринбосари вазифасини бажарувчи Мулло Aбдул Ғани Бародар билан икки томонлама музокара ўтказди.

Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабарига кўра, мулоқот давомида давлатларимиз ва халқларимиз ўртасидаги муносабат дўстлик, ҳамкорлик ва яхши қўшничилик тамойилига асослангани, Президент Шавкат Мирзиёев Афғонистон билан барча соҳаларда конструктив ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратаётгани таъкидланди. Шерикликни янада кенгайтириш, савдо, иқтисодиёт, энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда изчил ривожлантириш юзасидан атрофлича фикр алмашилди.

Музокаралар, кенг қамровли фикр алмашув қўшни мамлакатнинг тинч ва барқарор ривожланиши, энг аввало минтақа давлатлари билан бирга жаҳон ҳамжамиятига ҳар томонлама интеграциялашуви учун зарурий шарт эканини яна бир карра тасдиқлади.

Маълумот ўрнида айтиш жоиз, ўтган йил август ойида Бош вазир А.Арипов Афғонистонга ташриф буюрган эди.
Афғонистон делегацияси мамлакатимизга ташрифи доирасида Тошкент шаҳридаги қатор ишлаб чиқариш корхоналари фаолияти билан яқиндан танишади.
Бир сўз билан айтганда, мазкур ташриф давомида эришилажак келишувлар икки томонлама муносабатни амалий мазмун билан бойитиб, икки дўст мамлакат ўзаро манфаатли ва узоқ муддатли ҳамкорлигини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.
Умуман, яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш Афғонистон ва барча қўшни давлатлар, жумладан Ўзбекистон манфаатига тўлиқ мос келади.
Ўткир Алимов, ЎзА