Саудия Арабистонида футбол бўйича U17 ёш тоифасида ўтказилаётган Осиё кубогининг гуруҳ босқичи учинчи турини “А” гуруҳидан ўрин олган Ўзбекистон ва Саудия Арабистони терма жамоалари учрашуви бошлаб берди.
Мазкур ўйинда Ўзбекистон U17 терма жамоаси рақиблар дарвозасини жавобсиз уч бор ишғол этди. Термамизга ғалаба келтирган голларга Жамшидбек Рустамов (дубль) ва Асилбек Алиев муаллифлик қилди. Шунингдек, гуруҳдаги иккинчи учрашувда Хитой 2:0 ҳисобида Таиланд термасини мағлуб этди.
Шу тариқа, мазкур гуруҳда Ўзбекистон 9 очко билан биринчи бўлди, Саудия Арабистони терма жамоаси 6 очко тўплаб иккинчи, Хитой термаси 3 очко билан учинчи ўриндан жой олди. Таиландлик футболчилар очкосиз сўнгги поғонада қолди.

Энди футболчиларимиз чорак финалда “B” гуруҳида иккинчи ўринни эгаллаган жамоа билан рақобатлашади. Саудия Арабистони эса мазкур гуруҳ ғолибига қарши майдонга тушади.
Бугун, 10 апрель куни “B” ва “C” гуруҳида учинчи тур учрашувлари бўлиб ўтади.
“B”: Австралия – Япония, Вьетнам – БАА;
“C”: Жанубий Корея – Яман, Афғонистон – Индонезия.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА