Ўзбекистон–Туркманистон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновлар тикланиши мумкин
Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасида транспорт-логистика алоқаларини янада ривожлантириш, халқаро ташувлар самарадорлигини ошириш ҳамда миллий ташувчилар учун қулай шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон транспорт-логистика соҳаси вакиллари ҳамда Туркманистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Шадурди Мередов иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда Транспорт ва логистикани ривожлантириш муаммоларини ўрганиш маркази директори Бекзод Холматов, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон халқаро автомобиль ташувчилари уюшмаси вакиллари, миллий ташувчилар ҳамда транспорт-экспедиторлик компаниялари раҳбарлари иштирок этди.
Музокараларда икки давлат ўртасидаги автомобиль ва темир йўл ташувларини янада жадаллаштириш, чегарадан ўтиш жараёнларини соддалаштириш ва логистик харажатларни камайтиришга қаратилган қатор таклифлар илгари сурилди. Хусусан, ҳайдовчилар учун визаларни электрон тарзда расмийлаштириш ва тўлов жараёнларини оптималлаштириш, Фарап–Олот чегара ўтиш пунктида навбатларни қисқартириш ва кутиш муддатларини камайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Шунингдек, тез бузиладиган маҳсулотларни ташиш учун алоҳида транспорт коридорини ташкил этиш, нейтрал ҳудудда иккинчи кўприк қуриш, Туркманбоши порти орқали автомобиль ва темир йўл ташувларини кенгайтириш муҳим вазифалар сифатида қайд этилди. Томонлар, шунингдек, вазн-габарит чекловларини қайта кўриб чиқиш ва Ўзбекистон–Туркманистон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатновларни қайта тиклаш масалаларини ҳам муҳокама қилди. Бу таклифларнинг амалга оширилиши икки мамлакат ўртасида юк ташиш ҳажмини ошириш, транзит йўлакларидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлар учун вақт ва харажатларни тежаш ҳамда минтақавий логистика занжирларини мустаҳкамлашга хизмат қилиши мумкин.
Туркман томони билдирилган таклифларни ўрганиб чиқиш ва уларни тегишли давлат органларига етказишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги транспорт-логистика ҳамкорлигини изчил давом эттириш, ташувчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва мавжуд логистик тўсиқларни босқичма-босқич бартараф этиш бўйича келишувга эришилди.
Қайд этилишича, транспорт йўлакларининг самарали ишлаши нафақат икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кучайтиради, балки Ўзбекистоннинг Каспий денгизи орқали Европа ва бошқа халқаро бозорларга чиқиш имкониятларини ҳам кенгайтиради.
Ш.Маматуропова,
ЎзА