Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов II халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали доирасида Бухорода бўлиб турган Туркиянинг “Gemetis” компанияси асосчиси Мустафо Эржан Ўзгур, “Gold Art” компанияси асосчиси Меҳмет Гази Озкан, “Martela Jewelry” компанияси асосчиси Селчук Дални қабул қилди.
Учрашувда заргарлик соҳасидаги ҳамкорлик ва Бухорода ушбу соҳани ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.
Туркиянинг заргарлик бозоридаги етакчи компаниялари раҳбарлари Бухорода ўтказилган Халқаро зардўзлик ва заргарлик фестивали тажриба алмашиш учун катта имконият бераётганини мамнуният билан эътироф этди. Шунингдек, улар маҳаллий заргарлик буюмлари ишлаб чиқарувчиларга қизиқиш билдирди. Бу борада ҳамкорликни ривожлантириш истагини маълум қилди.
Ўз навбатида Ботир Зарипов Туркия компаниялари билан тажриба ва технология алмашинуви маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга заргарлик буюмлари сифати ҳамда турларини ошириш имконини беришини алоҳида таъкидлади. Бундай ҳамкорлик Бухоро заргарлик буюмлари бозорини мустаҳкамлаш ва кенгайтиришга хизмат қилиши эътироф этилди.
Томонлар заргарлик саноати соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва тажриба алмашишга тайёр эканлигини билдирди. Мазкур ҳамкорлик Бухорода соҳа ривожи ҳамда мазкур йўналишга сармоя жалб этилишига хизмат қилади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири