Халқаро муносабатларда икки томонлама саммитлар кўпинча мамлакатлар ўртасидаги алоқалар жараёнига сезиларли таъсир кўрсатадиган бурилиш нуқтаси бўлиб хизмат қилади. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга навбатдаги ташрифи ҳам шундай муҳим воқеа сифатида икки халқ ўртасидаги ҳамкорлик ва муштарак қарашлар мустаҳкамланиб бораётгани ёрқин ифодасидир.
Давлатимиз раҳбарининг Анқарага ташрифи замирида мужассам мақсадлар Ўзбекистон – Туркия муносабатининг истиқболдаги йўналишларини шакллантиришда муҳим аҳамиятга эга. Бу саммит шунчаки тантанали учрашув эмас, балки шерикликни кўп жиҳатдан чуқурлаштиришга қаратилган стратегик бирлашувдир.
Стратегик шериклик кенгашининг юқори даражадаги учинчи йиғилишида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий, транспорт-коммуникация, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кенгайтириш масаласи муҳокама қилинди.
Қишлоқ ва сув хўжалиги, технология, энергетика, инфратузилмани ривожлантириш каби янги ўсувчи йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди. 2023 йил декабрь ойида 7-йиғилиши бўлиб ўтган Туркия ва Ўзбекистон қўшма иқтисодий комиссияси фаолиятини кучайтириш вазифаси белгиланди.
Стратегик шериклик кенгашининг олий даражадаги учинчи йиғилиши мамлакатлар ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш сари қўйилган муҳим қадам бўлди. Турли соҳалардаги ташаббусларни муҳокама қилиш ва амалга ошириш барқарор ривожланиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик учун мустаҳкам замин яратади.
Йиғилиш натижаси бўйича Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған ҳар томонлама стратегик шерикликни чуқурлаштириш тўғрисидаги қўшма декларацияни имзоладилар. Ҳужжат икки мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқаларини мустаҳкамлашга ёрдам берадиган турли соҳалардаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ниятини англатади. Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги узоқ муддатли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликка қаратилган муносабатларнинг стратегик аҳамиятини таъкидлайди.
Маълумки, Туркия Ўзбекистоннинг энг йирик савдо ва сармоявий шерикларидан бири сифатида экспорт бўйича учинчи, импорт бўйича бешинчи ўринни банд этган. 2023 йил ўзаро товар айирбошлаш миқдори 3,1 миллиард доллардан ошиб, 1,5 баробар ўсган.
Иқтисодий алоқа ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик сезиларли даражада мустаҳкамланганидан далолат берувчи бу муҳим кўрсаткич муваффақиятли савдо келишуви, логистика инфратузилмаси яхшиланиши, ҳар икки мамлакат товар ва хизматига талаб ошиши натижасида юзага келган.
Қисқа муддатли мақсадлар ҳам салмоқли. Товар айланмасини яқин келажакда 5 миллиард, узоқ муддатли истиқболда эса 10 миллиард долларга етказиш режалаштирилган. Бу сармоя ва инновацияни рағбатлантириш, экспорт-импорт оқимини диверсификация қилиш имконини беради. Айни мақсадларга эришиш янги иш ўринлари яратиш, миллий иқтисодиёт рақобатбардошлигини таъминлаш, фуқаролар фаровонлигини оширишга хизмат қилади.
Туркиянинг тўғридан-тўғри хорижий инвестициясида ўсиш кузатилди. Бугунги кунга қадар 7,5 миллиард долларлик шундай инвестиция асосида 286 лойиҳа амалга оширилди.
Туркия ишбилармон доираларининг мамлакатимиз стратегик муҳим тармоқларида бизнесни ривожлантиришга алоҳида қизиқиш билдиришини ҳам таъкидламаслик мумкин эмас. Ўзбекистон Президенти ташрифи арафасида ўтказилган бизнес-форум доирасида Туркия вице-президенти Йилмаз буни алоҳида таъкидлаб, “ўзаро инвестиция ҳажмини оширишимизга ишонаман”, деди.
Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоған биргаликда Ўзбекистон – Туркия ишбилармонлар кенгаши биринчи йиғилишини ҳам ўтказди. Тадбирда умумий мақсадга эришиш учун яқин ҳамкорлик қилиш ниятида бўлган “Global Textile”, “ProCab”, “Agromir Group”, “ERIELL Group”, “Calık”, “Cengiz”, “Acibadem”, “Eczacibasi” каби етакчи компаниялар раҳбарлари, вакиллари иштирок этди. Улар конструктив мулоқотни, устувор йўналишларда шериклик кўламини янада кенгайтириш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқилишини таъминлайди. Бу икки томонлама муносабат ривожи янги босқичга кўтарилгани рамзи сифатида ишбилармон доиралар бевосита ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун қулай шарт-шароит яратмоқда.
Ушбу дипломатик тадбир, шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиётини халқаро ҳамкорлар учун очиш ва жаҳон миқёсида ўзини намоён этишдек кенгроқ ташқи сиёсат мақсадини ҳам назарда тутади.
Учрашувларда мамлакат етакчилари долзарб минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашди. Томонлар халқаро майдонда, жумладан БМТ, Ислом ҳамкорлик ташкилоти ва Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ўзаро ёрдамни давом эттиришга содиқлигини билдирдилар.
Президентлар яна бир бор Ғазо секторидаги зўравонликка барҳам бериш, Фаластин – Исроил низосини тинч йўл билан ҳал этишни бошлаш муҳимлигини яна бир бор таъкидладилар.
– Барқарор, мустаҳкам тинчликка эришиш учун мустақил ва озод Фаластин давлатини барпо этиш зарур, – деди давлатимиз раҳбари.
Ташриф натижасида 19 ҳужжат имзоланди. Келишувлар нафақат ўзаро савдони кенгайтириш ниятини ифодалайди, балки узоқ муддатли иқтисодий барқарорлик ва диверсификацияга эришиш бўйича умумий қарашни ҳам акс эттиради. Ўсиш салоҳиятини намоён қилувчи тармоқларга устувор аҳамият бериш, трансчегаравий бизнес амалиёти учун қулай муҳит яратиш орқали Ўзбекистон ва Туркия ҳар икки давлатга тенг фойда келтирадиган фаровонлик учун янги имкониятлар очишни мақсад қилган.
Битимлар тўплами нафақат савдо кўрсаткичини яхшилайди, балки сезиларли иқтисодий фойда олишни ваъда қиладиган кенг қамровли стратегик шерикликни янада чуқурлаштиради.
Ташриф якунида Режеп Таййип Эрдоған Шавкат Мирзиёевни Туркия Республикасининг олий давлат мукофоти ордени билан тақдирлади.
Ушбу воқеа Ўзбекистон етакчисининг ўзаро дўстона муносабатни ривожлантиришга қўшган улкан ҳиссаси, алоқаларни мустаҳкамлашдаги саъй-ҳаракати эътирофи, Туркия томонидан юксак ҳурмат ва миннатдорлик рамзидир. Қолаверса, халқаро ҳамжамиятда Ўзбекистон – Туркия муносабатлари аҳамияти ҳақида ёрқин тасаввур уйғотишга хизмат қилади.
Хуллас, Ўзбекистон Президентининг Туркияга ташрифи икки давлат ўртасидаги ўзаро ишончга асосланган, халқларимиз фаровонлиги йўлида узоқ муддатли, ўзаро манфаатли ҳамкорликка интилишни ифодаловчи ҳар томонлама стратегик шерикликда янги давр очди.
Алишер Қодиров,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
бўлими бошлиғи