Ўзбекистон тупроғи хорижликларни бойитадими?..
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотлар тобора кўпроқ хорижлик сармоядорлар эътиборини тортмоқда. ЎзА мухбири ушбу соҳа истиқболи, мавжуд муаммоларнинг илмий ечими юзасидан Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти бўлим бошлиғи Толиб Бердиев билан суҳбатлашди.
– Нима учун хорижлик сармоядорларнинг Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги ерларига қизиқиши тобора кучаймоқда?
– Бу қизиқиш тизимли иқтисодий ислоҳот, қулай табиий-иқлим шароити ва юқори экспорт салоҳияти билан боғлиқ. Ер муносабати такомиллаштирилиши ва инвестиция муҳити яхшиланиши соҳа жозибадорлигини оширди. Айниқса, юқори қўшилган қийматга эга мева-сабзавот етиштириш, маҳсулотни қайта ишлаш ва ташқи бозорга чиқариш сармоядор учун кенг имкониятдир. Шу билан бирга хориж сармояси замонавий технология, инновацион суғориш ва рақамли ечим олиб кириб, унумдорликни оширади. Олимлар фикрича, бу сиёсат тупроқни муҳофаза қилиш ва деградацияга учраган ерни қайта тиклаш билан уйғун олиб борилиши лозим.
– Ер қонунчилигидаги ўзгариш ва қоғозбозлик камайтирилиши сармоядорга қандай қулайлик яратди?
– Бюрократик тўсиқ камайиши лойиҳани амалга ошириш муддатини сезиларли даражада тезлаштирди. Инвесторлар ер участкаси ҳақидаги маълумотни очиқ электрон платформа орқали олиш, танловда шаффоф иштирок этиш ва ердан фойдаланиш ҳуқуқини тез фурсатда расмийлаштириш имконига эга бўлмоқда. Яъни, хавф кам. Бинобарин, либераллаштириш билан бирга, тупроқ унумдорлиги ва сувдан оқилона фойдаланиш устидан давлат назоратини сақлаб қолиш ҳам муҳим.
– Юртимиз қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳолати ва унумдорлик даражаси қай аҳволда?
– Еримиз юқори ишлаб чиқариш салоҳиятига эга, аммо иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва антропоген омиллар туфайли унумдорлик пасайиши хавфи ҳам бор. Илмий таҳлилга кўра, суғориладиган ернинг қарийб 40-45 фоизи турли даражада шўрланган, 69 фоиз майдонда эса гумус миқдори 1 фоиздан паст. Демак, агрохимик мониторингни кучайтириш, сув тежовчи технология жорий этиш ва деградацияга учраган ерни қайта тиклаш устувор вазифа.
– Сув танқислиги шароитида инвесторлар қандай замонавий суғориш технологияларини жорий этмоқда?
– Ўзбекистон сув ресурсининг 90 фоизга яқини қишлоқ хўжалигига ишлатилади. Анъанавий эгатлаб суғоришда 35-40 фоиз оби ҳаёт исроф бўлади. Шу боис сармоядорлар томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш, фертигация – ўғитни сув билан бериш ҳамда автомат тизимни кенг жорий этмоқда. Бундай технология сув сарфини камайтириб, ҳосил барқарорлигини таъминлайди. Мутахассислар ушбу тизимни тупроқнинг хоссаси ва шўрланиш даражасини ҳисобга олган ҳолда лойиҳалаштиришни тавсия этади.
– Эркин иқтисодий зона (ЭИЗ)лар ҳудудида инвесторларга қандай солиқ ва бож имтиёзи берилмоқда?
– Инвесторларни жалб қилиш ва экспортни қўллаб-қувватлаш мақсадида ЭИЗ иштирокчиларига фойда, мол-мулк, ер ва сув солиғи бўйича тизимли енгиллик тақдим этилади. Сўнгги солиқ ислоҳотига мувофиқ, айрим имтиёз тўғридан-тўғри солиқдан озод қилиш эмас, балки тезлаштирилган амортизация ва бошқа замонавий рағбатлантириш механизми асосида берилмоқда.
– Кимёвий восита (пестицид)лар тупроқ унумдорлиги, атроф-муҳит ва инсон саломатлигига қандай таъсир этади?
– Дунёда йилига ишлатиладиган 4 миллион тоннадан кўп пестицид 30-40 фоиз ҳосилни зараркунандадан ҳимоя қилади. Афсуски, дорининг атиги 1-5 фоизи ҳашаротга таъсир қилиб, қолган 95-99 фоизи атроф-муҳитга тарқалади. Кимёвий восита тупроқдаги фойдали митти организм ва ёмғир чувалчанги фаоллигини сусайтиради, гумус ҳосил бўлиши жараёнини издан чиқаради.
Натижада тупроқ унумдорлиги пасайиб, заҳарли моддалар ер ости суви ва озиқ-овқат занжирига ўтиши хавфи туғилади.
– Нима учун сўнгги йилларда зараркунанда ҳашаротлар кўпаймоқда, янги турлар қаердан пайдо бўляпти?
– Дунё бўйлаб ҳосилнинг 40 фоизгача қисми зараркунанда таъсири ёки касаллик туфайли нобуд бўлади. Бу жараён иқлим ўзгариши ва халқаро савдо кенгайиши билан ҳам боғлиқ. Қиш илиқ келиши ва вегетация даври узайиши ҳашаротларнинг қишлаб чиқиш даражаси ва йиллик авлодлар сонини кўпайтиряпти. Янги инвазив турлар эса трансчегаравий транспорт, уруғлик ва кўчат орқали кириб келиб, маҳаллий иқлимга мослашмоқда. Олимлар кимёвий дорилардан фақат охирги чора сифатида фойдаланиб, биологик кураш усулларини кенгайтириш лозим, деб ҳисоблайдилар.
– Мамлакатимизда тез-тез кузатилаётган қурғоқчиликнинг асосий сабаби нима, муаммонинг илдизи қаерда?
– Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг 24-28 фоизи қишлоқ хўжалигига тўғри келади. Глобал иқлим ўзгариши сабабли сув камайиши қурғоқчиликни келтириб чиқармоқда. Экспертлар фикрича, агар тезкор чоралар кўрилмаса, 2050 йилга бориб иқлим омили туфайли мамлакат иқтисодиёти 10 фоиз йўқотишга учраши мумкин. Муаммони ҳал қилиш учун тупроқнинг нам ушлаш қобилиятини яхшилаш, органик моддаларни кўпайтириш ва иқлимга мослашган агротехнологияларни қўллаш зарур.
– Хорижлик инвесторлар фаолияти маҳаллий аҳоли турмуши ва мамлакат иқтисодиётига таъсир кўрсатадими?
– Инвесторлар фаолияти натижасида қишлоқларда янги иш ўринлари яратилади, меҳнат унумдорлиги ошади, замонавий логистика ва экспорт занжири ривожланади. Фақат ҳақиқий самара сифатга боғлиқлигини унутмаслик керак. Зеро, муайян лойиҳа ер ва сув ресурсини муҳофаза қилиш, тупроқ унумдорлигини сақлаш мақсадини кўзласа, илмий асосланган технологияга таянса ҳам иқтисодий фойда келтиради, ҳам экологик барқарорликни таъминлаб, аҳоли фаровонлигини оширади.
Фардона Яхшибоева суҳбатлашди.