
“Ўзбекистон Республикасининг транспорт-логистика тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинди.
Сўнгги йилларда мамлакатда транспорт-логистика тизимини жадал ривожлантириш, транспорт инфратузилмасини яхшилашга инвестицияларни жалб қилиш, юк ташишлар бозорида соғлом рақобат муҳитини яратиш борасида қатор изчил чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, транспорт ва йўл хўжалиги соҳаларида бир қатор институционал ўзгаришлар амалга оширилиб, автомобиль йўллари, авиация ва темир йўл соҳаларида ягона давлат сиёсатини юритувчи ваколатли органи сифатида Транспорт вазирлиги ташкил этилди.
Транспорт соҳасида йирик инфратузилма лойиҳалари амалга оширилиши натижасида мамлакат ҳудудларининг ўзаро боғланганлигини таъминлаш ва транспорт коридорларини диверсификация қилиш вазифаларини ҳал этиш имконияти яратилди.
Сўнгги етти йилда маҳаллий ташувчиларни қўллаб-қувватлаш натижасида юк автомобиллари сони 7 карра ошиб, 26 мингга етган. Уларнинг халқаро ташишдаги улуши эса 35 фоиздан 60 фоизга ошган.
Ушбу давр мобайнида халқаро юк ташувлари ҳажми деярли 2 баробарга ўсиб, 2024 йилда 59,7 млн тоннани ташкил этган.
Темир йўл соҳасида трансформация ишлари бошланиб, 2023 йилда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ холдингга айлантирилди ҳамда таркибида темир йўл соҳасида турли хизматлар кўрсатишга ихтисослашган янги корхоналар фаолияти йўлга қўйилди.
Авиация бозори эркинлаштирилиши ҳамда соҳага хусусий секторнинг кириб келиши натижасида, резидент авиакомпаниялар сони 16 тага еказилди. 2024 йил якунига кўра 16 та қўшимча ҳаво кемалари олиб келинди ва натижада миллий авиация паркидаги ҳаво кемалар сони 85 тага етказилди.
Мамлакатимизда амалга оширилган йирик инфратузилмавий ислоҳотлар, логистика хизматлари сифатининг ошиши натижасида Логистика самарадорлиги индекси бўйича халқаро рейтингида Ўзбекистон 2016 йилда 118 ўриндан 2023 йилда 88 ўринга кўтарилди.
Лекин дунёдаги геосиёсий вазиятнинг кескинлашиши, транспорт соҳасига ўз таъсирини ўтказмай қўймади.
Европа йўналишида ташиш муддати 2 карра, харажати эса 1,5 баробаргача ошиб кетаяпти. Айрим Европа мамлакатлари чегараларидаги ўтказиш пунктлари ёпилган, бошқаларида узоқ навбатлар юзага келган.
Логистика марказлари тармоғининг етарли даражада ривожланмагани, халқаро йўналишларда етказиб бериш схемаларига мамлакатдаги мавжуд логистика объектларининг тўлиқ жалб қилинмагани омборхона жараёнлари талаб даражасида автоматлаштирилмаган.
Транспорт-логистика соҳасида рақамлаштириш даражасиниг пастлиги, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими замонавий стандарт ва талабларга тўлақонли жавоб бермаслиги. Ушбу соҳада малакали профессионал кадрлар етишмовчилиги хизматлар сифатига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бундан ташқари, халқаро ташувларда транспорт-экспедиторлик хизматларининг асосий қисми хорижий компаниялар ҳиссасига тўғри келмоқда.
Шу боис транспорт-логистика тизимини изчил ривожлантириш ва ташқи савдо йўналишларини янада диверсификация қилиш мақсадида давлат раҳбарининг “Ўзбекистон Республикасининг транспорт-логистика тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори имзоланди.
Мазкур қарор билан мамлакатимиз транспорт-логистика тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепцияси ва уни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.
Транспорт-логистика тизимини 2030 йилгача ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:
халқаро ва минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш ҳисобига ташқи савдо йўналишларини янада диверсификациялаш, мавжуд тўсиқларни бартараф этиш, ташқи бозорларга юкларни етказиб бериш муддатларини қисқартириш, транспорт-логистика харажатларини оптималлаштириш;
мультимодал тамойилини максимал даражада амалга ошириш имконини берувчи логистика хизматлари бозорини ривожлантириш,
3PL ва ундан юқори форматида хизматларни кўрсатишга ихтисослашган йирик миллий транспорт операторлар ташкил этилишини рағбатлантириш;
мамлакат транзит салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариш, шу жумладан мослашувчан тариф сиёсатини қўллаш ва божхона тартиб-таомилларини соддалаштриш йўли билан қўшимча транзит юк оқимларини жалб этиш, бунда “МДҲ – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон – Жанубий Шарқий Осиё”, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон – Туркманистон – Эрон – Туркия – Европа давлатлари” йўналишларида юк ташишни ривожлантириш;
ташқи ва ички молиялаштириш манбаларини жалб этиш кўламини кенгайтириш ҳамда замонавий технологияларни қўллаш асосида транспорт инфратузилмасини комплекс ва илдам ривожлантириш, ҳудудларда юклар шаклланишининг асосий нуқталарини ҳисобга олган ҳолда логистика марказларининг замонавий тармоғини шакллантириш;
халқаро ахборот тизимлар билан интеграция қилган ҳолда мамлакатнинг логистика тизими платформаларини шакллантириш, халқаро юк ташишларда рақамли ва инновацион технологияларни кенг жорий этиш, логистика соҳасида кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш.
Қарорда иқтисодиёт ва халқаро бозор эҳтиёжларига мос равишда миллий транспорт тизимини ривожлантириш, экспорт-импорт жараёнларида транспорт харажатларини оптималлаштириш ва транзит салоҳиятини кенгайтириш мақсадида бир қатор муҳим чора-тадбирлар назарда тутилади, жумладан:
халқаро юк ташишни ташкил этишда миллий транспорт-экспедиторлик корхоналарини қўллаб-қувватлаш мақсадида транспорт-экспедиторлик хизматларига ҚҚС ноль ставкаси белгиланди;
Ўзбекистонда чегарани кесиб ўтишга сарфланадиган ўртача вақтни 40 дан 20 дақиқага тушириш мақсадида 2025 йил 1 июндан эътиборан давлат чегараси орқали автомобиль ўтказиш пунктларида автотранспорт воситаларининг электрон навбат тизими жорий этилади;
транспорт-логистика марказларининг замонавий тармоғи шакллантирилади;
умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари бўйларида йўлбўйи сервис (“Service area” ва “Service point”) объектлари ташкил этилади;
халқаро автомобиль транспорти иттифоқи билан ҳамкорликда Халқаро автомобиль транспорти соҳасида кадрлар тайёрлаш ва малака ошириш бўйича минтақавий ўқув маркази ташкил этилади.
Мазкур қарор лойиҳасида белгиланган вазифаларни амалга оширилиши натижасида 2030 йилга бориб қуйидаги кўрсаткичларга эришилади:
халқаро юк ташиш умумий ҳажми камида 2 баробарга ошади;
транспорт ва логистика хизматлари экспорти 2 баробаргача ошади;
контейнерда юк ташиш улуши камида 1,5 баробарга ошади;
мамлакат транзит ўтказиш қуввати йилига 22 млн тоннага етади;
транспорт-логистика марказлари тармоғини яратган ҳолда уларнинг юкларга ишлов бериш қуввати камида 3 баробарга ошади;
Жаҳон банкининг Логистика самарадорлиги индексидан (LPI) келиб чиқиб, Ўзбекистонни 55-поғонадан паст бўлмаган даражага олиб чиқилади.
ЎзА