2004 йил Мустақиллик куни арафасида очилган Ўзбекистон тасвирий санъат галереяси 20 йилдирки томошабинларни мамлакатимизнинг бой бадиий маданияти ва хорижий мамлакатларнинг санъати билан таништириб келмоқда.
Галереяда республика, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик бўлган турли кенг кўламли маданий акциялар ўтказилди. Ҳозирги вақтда Галерея чет элда ҳам машҳур бўлган ўзига хос маданий марказ. Расмий делегациялар бориб кўрадиган объектлардан бири бўлган Галерея ва унинг фаолияти хорижлик меҳмонлар, мутахассислар томонидан юқори баҳоланмоқда.
Бугунги кундаги Ўзбекистон тасвирий санъати турли ижодий истеъдодлар ташкил қиладиган ранг-баранг мозаикадир. Бугунги ўзбек рассомларининг ижоди умумий кўринишда яхлит ўзбек маданиятининг миллий ўзига хослигини шакллантирадиган турли бадиий мактаблар, анъаналар, ижодий изланишлар уйғунлигини намоён қилади.
Галерея очилганининг 20 йиллигига бағишланган кўргазма томошабинга турли экспозицияларни тақдим этади.
[gallery-19406]
Жумладан, Ўзбекистон тасвирий санъатининг вужудга келишига ҳисса қўшган П.Бенков, Л.Буре, О.Татевосян, З.Ковалевская, В.Уфимсев, Н.Кашина, Р.Ахмедов, Р.Темуров, Н.Қўзибоев ва бошқа кўп рассомларнинг асарлари тақдим этилган “ХХ асрнинг биринчи ярмидаги Ўзбекистон санъати” экспозицияси шулардан бири. Бадиий-услубий йўналишларнинг кўп қирралиги ва ўзаро таъсири, кенг мавзу доираси, ижодий индивидуалликларнинг хилма-хиллиги уларнинг ижодини бошқалардан ажратиб туради.
“Шарқий Туркистон” замонавий Ўзбекистоннинг бадиий маданиятида алоҳида ўрин эгаллаган ҳайратланарли феноменни намоён қилади. Бу ерда унинг мазмуний ва шакл-пластик потенциалининг ўзига хослигини белгилаб берадиган муҳим ҳукмрон ғоя мамлакатимизнинг Акмал Нур, Ф.Аҳмадалиев, Ғ.Қодиров, Р.Акромов, Ш.Абдуллаева, М.Эсонов, М.Қорабоев каби замонавий рассомлари ижодида мужассамлашган тарихий-маданий мерос ва миллий бадиий анъаналарни англаш, сақлаб қолиш ва ривожлантириш бўлиб қолади.
«Графика». График асарлар коллекцияси Ўзбекистонда графика санъатининг юзага келиши ва ривожланишини намойиш қилади. Ҳар бир асар кишини лол қолдиради ва ўзига жалб этади, композицион тузилиш, жонли чизиқлар ва кўп жилоли ранглар томошабинга ҳайратланарли оламга шўнғиш имконини беради.
«Шакл ва макон». Галерея коллекциясидаги ҳайкалтарошлик асарлари, авваламбор, борлиқни ўзига хос тарзда кўриш, уни ҳис қилиш, бадиий ифодалилик, атрофимизда рўй бераётган ўзгаришлар жараёнига муносабатни мужассамлаштирган.
Кўргазмада Азамат Ҳотамов, Қурбон Норхўрозов, Дарибай Тожимуротов, Тўлаган Тожихўжаев, Тўлаган Ёрқулов, Туркман Эсонов, Эргашали Тожибоев, Равшан Миртожиев, Людвиг Нестерович, Назира Қўзиева, Марина Бородина, Ануш Авакян, Абдуғаффор Эсоналиев, Алберт Овсепян, Василий Попов, Мухтор Облоқулов, Баёт Мухторов ва Улаш Ўроқов каби ҳайкалтарошларнинг асарлари тақдим этилган.
Гулноза Бобоева, Рустам Назарматов (сурат), ЎзА