Ўзбекистон ташаббуси: парламентлар ижтимоий тараққиёт етакчисига айланмоқда
Дунёда тараққиёт тушунчаси бугун фақат иқтисодий ўсиш ёки ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ортиши билан ўлчанмайди. Инсоннинг муносиб меҳнат қилиши, сифатли таълим олиши, ижтимоий ҳимоядан фойдаланиши, ёшлар учун имкониятларнинг кенгайиши ва хотин-қизларнинг жамият ҳаётида тўлақонли иштирок этиши ҳам тараққиётнинг муҳим мезонларига айланди. Бундай шароитда давлат ва жамият ўртасидаги асосий сиёсий кўприк бўлган парламентларнинг вазифаси ҳам ўзгармоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Қонунчилик ва ҳуқуқий сиёсат институти етакчи илмий ходими Фарангиз Эштурдиева шу ҳақдаги фикрлари билан ўртоқлашди:
– Замонавий парламентдан нафақат қонун қабул қилиш, балки уларнинг одамлар ҳаётидаги натижасини баҳолаш, ижрони назорат қилиш ва аҳоли манфаатларини давлат сиёсатига самарали олиб кириш талаб этилмоқда.
Ўзбекистон ташаббуси билан 2026 йил 24 июлда БМТ Бош Ассамблеясининг 80-сессиясида «Ижтимоий ривожланишни жадаллаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида»ги резолюция қабул қилингани айнан шу ёндашувни халқаро миқёсда мустаҳкамлади.
Уни 61 давлат ҳаммуаллиф сифатида қўллаб-қувватлади, қабул қилиниши учун эса 167 давлат овоз берди. Бу ташаббуснинг кенг халқаро қўллаб-қувватловга эга бўлганини кўрсатади.
Мазкур ҳужжат сўнгги йилларда Ўзбекистон томонидан изчил илгари сурилаётган парламент дипломатияси, инсон манфаатларига асосланган ижтимоий давлат ва барқарор тараққиёт ғояларининг мантиқий давомидир.
2025 йил апрель ойида Тошкентда илк бор Марказий Осиё минтақасида Парламентлараро иттифоқнинг 150-юбилей Ассамблеяси ўтказилди. 140 га яқин давлатдан 2 мингдан зиёд делегат иштирок этган ушбу йирик анжуман «Ижтимоий тараққиёт ва адолат учун парламент ҳаракати» мавзусига бағишланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Ассамблеяда тинчликни сақлаш, ижтимоий тараққиёт ва адолатни таъминлашда парламентларнинг иштироки ва таъсирини ошириш замон талаби эканини таъкидлади. Эътиборли жиҳати шундаки, БМТнинг янги резолюциясида Тошкент Ассамблеяси ва унинг якуни бўйича қабул қилинган Тошкент декларацияси алоҳида олқишланди.
Шу тариқа, Тошкентда илгари сурилган ғоя қисқа вақт ичида глобал ҳуқуқий-сиёсий ҳужжат даражасига кўтарилди.
Резолюциянинг асосий аҳамияти шундаки, унда парламентлар ижтимоий сиёсатни амалга оширишдаги иккинчи даражали иштирокчи эмас, балки уни шакллантириш ва таъминлашнинг муҳим институти сифатида қаралади. Ҳужжат парламентларни ижтимоий ҳимояни кучайтириш, камбағалликни қисқартириш, муносиб бандликни таъминлаш, сифатли таълим имкониятларини кенгайтириш ва ижтимоий инклюзияни ривожлантириш жараёнларига фаол жалб этишни назарда тутади.
Бунда ёшлар ва хотин-қизларнинг иштирокига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Ёшлар фақат давлат сиёсатининг манзилли гуруҳи эмас, балки уни шакллантиришда иштирок этадиган субъектга айланиши керак. Таълим, бандлик, уй-жой, рақамли ҳуқуқлар, экология, тадбиркорлик ёки сунъий интеллект каби масалаларда қабул қилинадиган қарорлар уларнинг келажагига бевосита таъсир қилади.
Ўзбекистонда бу йўналишда муайян институционал тажриба шаклланган. 2021 йилда Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламентлари ташкил этилди. 2025 йилда Президент Шавкат Мирзиёев Парламентлараро иттифоқ Ассамблеясида Ёшлар парламентларининг глобал платформасини ташкил этиш ва унинг таъсис форумини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини билдирди.
Парламентнинг ижтимоий тараққиётдаги роли, аввало, вакиллик хусусияти билан белгиланади. У жамиятнинг турли қатламлари манфаатларини ифодалайди. Шу боис, БМТ резолюцияси давлатларни 2030 йилгача мўлжалланган Барқарор ривожланиш кун тартибини амалга ошириш ва унинг натижаларини мониторинг қилиш жараёнларига парламентларни янада фаол жалб этишга чақиради.
Ижтимоий сиёсат натижаларини рақамларда баҳолаш зарурати Ўзбекистон мисолида ҳам яққол кўринади. Миллий статистика қўмитаси маълумотига кўра, мамлакатда камбағаллик даражаси 2021 йилдаги 17,0 фоиздан 2025 йилда 5,8 фоизгача пасайган. Албатта, бу натижа кенг қамровли иқтисодий ва ижтимоий сиёсат самарасидир. Бироқ, бундай кўрсаткичлар қабул қилинаётган қонунлар ва давлат дастурларининг одамлар ҳаётидаги натижасини баҳолаш учун ҳам муҳим мезон бўла олади.
Ўзбекистоннинг мазкур резолюцияни илгари суриши мамлакатимиздаги парламент ислоҳотлари билан ҳам узвий боғлиқ. Янги таҳрирдаги Конституция парламентнинг давлат ва жамият бошқарувидаги ролини сезиларли даражада кучайтирди. Қонунчилик палатасининг мутлақ ваколатлари 5 тадан 12 тага, Сенатники эса 14 тадан 18 тага оширилди. Айрим давлат органларини шакллантиришга доир ваколатлар қонун чиқарувчи ҳокимиятга ўтказилди, Ҳукуматни шакллантириш ва давлат органлари фаолияти устидан парламент назоратида унинг иштироки кенгайди.
Сўнгги йилларда қонун чиқарувчи ҳокимиятнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ролини оширишга қаратилган 20 дан ортиқ қонун қабул қилинди. Қонунчилик палатасининг 2025 йилги фаолиятида 204 қонун лойиҳаси кўриб чиқилгани ҳам парламент фаолияти кўлами кенгайиб бораётганини кўрсатади. Энди бу жараёнда қабул қилинган қарорларнинг ижтимоий самарасини баҳолаш ва ижросини назорат қилиш янада муҳим.
Шу маънода, Ўзбекистон ташаббуси парламент дипломатиясига ҳам янги мазмун бермоқда. Парламентлараро мулоқот энди фақат сиёсий позициялар алмашинуви эмас, балки одамларнинг кундалик ҳаётига дахлдор ижтимоий муаммолар бўйича ечим ва тажрибалар алмашиш майдонига айланмоқда.
Ҳар қандай халқаро ҳужжатнинг ҳақиқий қиймати унинг матнида эмас, амалиётда намоён бўлади. Шу нуқтаи назардан, янги резолюция давлатлар олдига муҳим саволларни қўяди: парламентлар ижтимоий сиёсатни шакллантиришда қай даражада иштирок этмоқда? Бюджет муҳокамаларида инсон манфаати қай даражада устувор? Ёшлар ва хотин-қизлар овози қарорлар қабул қилиш жараёнида етарлича эшитиляптими? Қабул қилинган қонунларнинг ижтимоий натижаси ўлчаняптими?
Шу боис, Ўзбекистон ташаббуси билан қабул қилинган резолюцияни навбатдаги халқаро сиёсий ҳужжат сифатидагина баҳолаш камлик қилади. У парламентнинг замонавий жамиятдаги вазифасига нисбатан янги қарашни илгари суради: парламент – қонунлар қабул қиладиган институтгина эмас, балки инсон манфаатларини тараққиёт сиёсатига айлантирадиган демократик майдондир.
Энг муҳими, бу жараёнда ёш авлод четда қолмайди. Бугун парламент эшигидан кириб келаётган ёшларнинг ғояси эртага қонунга, давлат дастурига ёки халқаро ташаббусга айланиши мумкин.
Ўзбекистон илгари сурган янги глобал ғоянинг моҳияти ҳам шунда: ижтимоий тараққиёт одамлар учун амалга оширилади, парламент эса одамларнинг овозини ана шу тараққиётнинг ҳаракатлантирувчи кучига айлантириши керак.
Норгул Абдураимова, ЎзА