Ўзбекистон сут саноатида қувват бор, хомашё етишмайди (+видео)
Тошкент вилоятининг Паркент туманида жойлашган корхона суткасига 200 тонна сутни қайта ишлаш қувватига эга бўлса-да, ҳозирда имкониятдан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Журналистлар учун ташкил этилган медиа-тур давомида айнан шу корхона мисолида Ўзбекистон сут тармоғининг сўнгги ўн йилдаги ривожланиш тенденциялари ва олдида турган муаммолар ўрганилди.
Мазкур тадбир Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ҳамда «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳасини амалга ошириш гуруҳи ҳамкорлигида уюштирилди.
Паркентдаги сутни қайта ишлаш корхонаси 2013 йилда рўйхатдан ўтган бўлиб, бугунги кунда сут, қаймоқ, сариёғ каби 10 турдаги маҳсулот ишлаб чиқаради. Қайта ишлаш қуввати суткасига 200 тоннани ташкил этади. Ҳозирги юклама кунига 100 тонна. Корхонага тегишли чорва фермасида 400 бош голштин зотли қорамол парвариш қилинади. Бундан ташқари, бешта ҳудуддаги йигирмата фермер ва деҳқон хўжаликларидан маҳсулот етказиб берилади. Республикамизнинг барча ҳудудларига тайёр маҳсулот тарқатилади. Корхонага жами 30 миллиард сўм сарфланган бўлиб, шундан Франция тараққиёт агентлигининг (ФТА) «Чорвачилик соҳасини барқарор ривожлантиришни молиялаштириш» лойиҳаси доирасида 4 миллиард сўм маблағ ажратилган. Корхона тўлиқ автоматлаштирилган ва 60 иш ўрни яратилган.
Республикамизда сут ишлаб чиқариш тармоғининг 10 йиллигини қиёсий таҳлил қиладиган бўлсак, 2026 йилнинг биринчи ярмида 5.1 млн тонна сут тайёрланган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 101.5 фоизни ташкил этади. Қайд этиш жоизки, хом сутнинг 88.3 фоизи ҳануз деҳқон ва хонадон хўжаликлари, 9.1 фоизи фермерлар ва қолгани йирик корхоналар ҳиссасига тўғри келади.
Сут ишлаб чиқариш динамикаси секинлашмоқда
2010–2016 йилларда ўртача йиллик ўсиш тахминан 7,8 фоизни ташкил этган бўлса, 2016–2024 йилларда бу кўрсаткич 3,1 фоизга тушган. Тармоқдаги асосий юк ҳануз деҳқон ва хонадон хўжаликлари зиммасида қолмоқда, бу эса маҳсулот сифати ва саноат ҳажмларининг бир хиллигини таъминлашда қийинчиликлар туғдирмоқда. Паркентдаги корхона замонавий технологиялар ва юқори қувватга эга бўлса-да, унинг республика миқёсидаги улуши ҳали жуда кичик. Бугун ана шундай гигант корхоналардан республикада яна 4 таси мавжуд.
Аҳоли хонадонларида етиштирадиган сут маҳсулотлари кўпинча стерилланмайди, лаборатория текширувидан ўтмайди. Сақлаш муддати ҳам кам. Ушбу корхонада эса маҳсулот тўлиқ лаборатория назоратидан ўтказилиб, аҳолига хавфсиз етказиб берилади. Энг муҳими сақлаш муддати 6 ойни ташкил этади.
Аҳоли бозорга олиб чиқадиган сут маҳсулотларининг бир литри бугун бозорларимизда 8 минг сўмдан, баъзан 10-12 минг сўмдан сотилмоқда. Уларда солиқлар, транспорт ва иш кучига сарфланадиган харажатлар жуда кам. Бироқ, сут заводи ушбу тўловларни амалга ошириб, электр энергия сарфлаб, мутахассисларни ишлатиб, катта харажатлар қилса-да, нарх-наво бозордагилар билан бир хил. Дўконларда эса худди шу маҳсулотларнинг қадоқлангани, яъни истеъмолга тайёри ўртача 5 минг сўм қимматроқ реализация қилинади. Демак, аҳоли кўпроқ қўлдан олишга мажбур бўляпти.
Рақамлардан кўриниб турибдики, аҳолидан хомашёни қабул қилиш ва тайёр маҳсулотни реализация қилишда тизим яратиш зарурати бор. Шунда бундай корхоналарнинг сонини кескин ошириш мумкин. Бунинг учун хомашё базасини кенгайтириш ва фермер хўжаликлари билан ҳамкорликни чуқурлаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Санжар Тошпўлатов,
Нишонбой Абдувоитов (видео),
Улуғбек Тўхтаев,
ЎзА