Буюк Британиянинг “Сable.co.uk” портали Интернетнинг дунё миқёсидаги тезлиги бўйича натижаларни тақдим этди. Ҳисоботда Ўзбекистон симли Интернет тезлиги бўйича 220 давлат орасида аввалги кўрсаткичидан 44 поғона юқорилади. Айтиш жоиз, ушбу таҳлил йил давомида тўпланган маълумот асосида тайёрланган.
Умуман, сўнгги икки йилда Ўзбекистон турли рейтингларда жадал ўсиш суръатини намоён этмоқда. 2022 йил август ойида эълон қилинган “Speedtest” ҳисоботида мамлакатимиз симли интернет (40,8 Mbit/s) ва мобил интернет тезлиги (13,96 Mbit/s) бўйича муайян ўсишга эришган.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда рақамли технологиялар жамиятимиз ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб оляпти. Тараққиётнинг муҳим омили сифатида кўрилаётган телекоммуникация соҳаси мамлакатимизда жадал ривожланмоқда. Айниқса, аҳолини юқори тезликдаги интернет тармоғи ва сифатли алоқа хизмати билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Ўзбектелеком” АК томонидан тақдим этилаётган телекоммуникация хизмати сифатини яхшилаш, бу борадаги имкониятни янада кенгайтириш ҳамда соҳада қўшимча қулайлик яратиш мақсадида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
- Яқинда Самарқанд шаҳри нуфузли, улкан сиёсий аҳамиятга эга саммитга мезбонлик қилди, - дейди “Ўзбектелеком” АК Ахборот хизмати раҳбари Темур Мамажонов. - Шу муносабат билан “UZTELECOM” томонидан ҳудудда мобил ва кенг полосали Интернетнинг юқори сифатини кафолатлаш учун бор имкониятдан фойдаланилди. Самарқанд вилояти марказига транспорт тармоғи ўтказиш қобилияти оширилди. Сайёҳлик маркази учун умумий узунлиги 69 км оптик толали алоқа тизими қурилиб, 22 та мобил алоқа база станцияси фойдаланишга топширилди, 6 та база станцияси модернизация қилинди.
Бундан ташқари, Тошкент-Самарқанд йўналишида 17 та мобил алоқа таянч станцияси қурилди. Алоқа сигнали шаҳар бўйлаб кенгроқ тарқалиши, янги сайёҳлик марказига тўсиқсиз кириб бориши учун замонавий 5G технологиясига асосланган 5 та база станцияси ишга туширилди.
Синов натижасида энг юқори (1209 Mbit/s), 4G технологияларига нисбатан юқори ўтказувчанликни таъминлайдиган, қурилмалар ўртасида ўта ишончли, кенг кўламли алоқа тизимини яратадиган, шунингдек сигнал узатилиши муддатини 4G ускунасига қараганда сезиларли қисқартирадиган, батарея энергияси сарфини камайтирадиган тезликка эришилди.
“Silk Road Samarkand” сайёҳлик марказида “ZTE” ускунасига асосланган 5G тармоғи ўрнатилди. Бу ечим сайёҳлик маркази ҳудудидаги барча меҳмонхоналар, конгресс-залларида 5G алоқасини таъминлаш имконини берди. Тезлик 1000 Mbit/s гача кўтарилди. Бу ҳолат, ўз навбатида, маҳаллий ва кўплаб хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари эътирофига сабаб бўлди.
Замонавий телекоммуникация хизмати тақдим этаётган “UZTELECOM” томонидан ётқизилаётган оптик толали алоқа тизими бугунги кундаги энг сўнгги технологияга асосланган. Эришилаётган натижани баъзи қиёсий таҳлиллар ҳам исботлайди. Масалан, АҚШдаги йирик телекоммуникация компаниялари таклиф қилаётган тариф режаси фақат аҳолининг тор қатламига мослаштирилган. Бундай хизмат Ўзбекистон шароитида оддий бир хонадонга тақдим этилса, анча қимматга тушиши табиий. Хусусан, “Starlink” компаниясининг жисмоний шахслар учун мўлжалланган мавжуд 2 хил тариф сериясида интернет тезлиги 50-250 Mbit/s бўлиб, нархи 1 миллион 400 сўмдан ошади. Бу жараёнда фойдаланиладиган, сунъий йўлдош орқали тарқатиладиган сигнални қабул қилувчи қурилма нархи 6,5 миллион сўм.
“UZTELECOM” томонидан тақдим этилаётган “Янги” тарифлар мажмуасида “Starlink” компаниясига тегишли максимал тезликдан 3-4 баробар юқори “Янги” 1000” тариф режаси мавжуд. Айни тариф шартига кўра, абонент қурилмаси фойдаланувчига бепул тақдим этилади, 1 ойлик абонент тўлови киритилгач, қурилма абонентнинг шахсий мулкига айланади.
Темур Мамажоновнинг сўзларига кўра, “UZTELECOM” анъанавий тарзда технологик тараққиётга алоҳида эътибор қаратади. Хусусан, ўтган йил давомида халқаро ахборот-коммуникация тармоғига уланиш тезлиги 1800 Gbit/s гача оширилган бўлса, жорий йил ушбу кўрсаткич 3200 Gbit/s га етказилди. 2021 йил давомида 50 минг кмдан зиёд оптик толали алоқа линияси ётқизилди. Натижада ушбу тизимнинг узунлиги 130 минг километрни ташкил этди. 2022 йил охиригача ушбу рақам 151 минг 247 га етади. Шу билан бирга, 2021 йил давомида 902 та қўшимча база станцияси ўрнатилиб, умумий миқдор 19 минг 233 тага етказилди.
Яна бир муҳим жиҳат: “Ўзбектелеком” АК ва Жанубий Корея компаниялари ҳамкорлигида ташкил этилган, йилига 50 минг км оптик толали алоқа сими ишлаб чиқариш қувватига эга “Global Optical Communication Uzbekistan” қўшма корхонасида йилига 120 минг дона телекоммуникация қурилмаси ишлаб чиқариш имконияти мавжуд. Шунингдек, “Telekom innovations” МЧЖ, 50 турдан ортиқ телекоммуникация асбоби ва электр маҳсулоти ишлаб чиқарилаётган “Telecom devices pro” МЧЖ фаолиятини ҳам алоҳида эътироф этиш лозим.
Аҳамиятли жиҳати, мазкур корхоналар фаолияти йўлга қўйилгач, “GPON” модемлари, “Wi-Fi”, “Mi-Fi” ва “CPE” роутерлари, планшет, моноблок, “IPTV set-top-box”, “USB” модеми ҳамда болалар ақлли соати, “CDMA-450” ва “GSM” стандартидаги стационар ва мобил телефонлар, стационар телефонлар, “GPON” тизимида ишлайдиган “ONT” терминал, сплиттер каби телекоммуникация қурилмалари, “LED” панеллари, қуёш энергиясида ишловчи кўча ёритгичлари, ток ўтказувчи ҳамда қувват берувчи қурилма сингари бир қатор электр маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳам маҳаллийлаштирилди.
Шуни ҳам алоҳида қайд этиш лозим, ШҲТ Самарқанд саммити доирасида “Ўзбектелеком” АК мамлакатимиздаги мавжуд инфратузилмани модернизациялаш ва бу борада ҳамкорлар билан алоқани янада мустаҳкамлаш бўйича ижобий натижага эришди.
Хусусан, “Ўзбектелеком” акциядорлик компанияси ШҲТ Самарқанд саммити доирасида жаҳонда ўз ўрнига эга Хитойнинг телекоммуникация жиҳозлари ишлаб чиқарувчи икки йирик – “ZTE” ва “Huawei” компаниялари билан ҳамкорлик келишуви имзолади. Хитой Халқ Республикаси компаниялари билан республикамизда телекоммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш бўйича умумий қиймати 506.8 миллион долларга тенг 4 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. “Huawei” ва “ZTE” корпорациялари ҳамда “Ўзбектелеком” АК ўртасида жами 8 та шартнома имзоланди.
Келгусида икки босқичда республикамизнинг ғарбий ва шарқий ҳудудларида телекоммуникация тармоғи ва рақамлаштириш йўналишлари инфратузилмаси ривожлантирилади.
Натижада аҳоли учун телекоммуникация хизматидан фойдаланиш имконияти ва қамрови янада кенгайтирилади. Кўрсатилаётган хизмат сифати оширилади. Республика бўйлаб халқаро аҳамиятга эга магистрал автомобиль трассалари ҳамда темир йўлларни юқори тезликдаги мобил интернет билан тўлиқ қамраб олиш, Тошкент шаҳри ва барча вилоятлар марказларида бешинчи авлод 5G стандартидаги таянч база станциялари ўрнатиш, маълумот узатиш ва магистрал транспорт тармоғининг ўтказувчанлик қобилиятини оширишга эришилади.
Бир сўз билан айтганда, Янги Ўзбекистоннинг АКТ инфратузилмасини мустаҳкамлаш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш йўлида дадил қадамлар ташланмоқда.
Гўзал САТТОРОВА,
ЎзА мухбири