Тошкент давлат шарқшунослик университети ва Ўмоннинг Султон Қобус университети ўртасида ҳамкорлик тўғрисида шартнома имзоланди.
Мазкур тадбир Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Ўзбекистоннинг Ўмон cултонлигидаги элчихонаси кўмагида амалга оширилди. ТДШУнинг Ўмондаги илк ҳамкори - Султон Қобус университети Ўмон султонлигининг етакчи олий таълим маскани бўлиб, QS жаҳон рейтинги бўйича дунёнинг энг яхши 400 университети рўйхатидан жой олган.
Мазкур шартномага мувофиқ, талабалар ва профессор-ўқитувчилар алмашинуви, магистрлик ва докторлик диссертацияларига қўшма раҳбарлик, биргаликда дастур, курс, ўқув дастурларини лойиҳалаш, илмий ва маданий тадбирлар ўтказиш каби қатор вазифалар белгиланди. Хусусан, 2021 йилдан биринчи қўшма дастур сифатида ТДШУ арабшунос иқтисодчи талабалари учун Ўмон иқтисодиётига бағишланган туркум онлайн дарслар жорий этиш масаласи ўрганилмоқда.
“Гарчи кўп йиллардан буён ТДШУ арабшунослик бўйича мамлакатимиздаги етакчи марказ ҳисобланса-да, ҳозирги кунга қадар фақат Миср олий таълим муассасалари билан алоқалар ўрнатилган эди.
– Университетимизда арабшуносликни ривожлантириш йўлиида яна бир салмоқли қадам қўйилди – деди ТДШУ халқаро ҳамкорлик бўйича проректори Элёр Маҳмудов. – Қолаверса, тез орада Ўзбекистоннинг Саудия Арабистони ва Қувайтдаги элчихоналари кўмагида ушбу давлатларнинг етакчи олий ўқув юртлари - Сауд Қироли ва Қувайт университетлари билан ҳам Англашув меморандумлари измоланиши арафасида. Араб давлатлари таълим масканлари билан ҳамкорлигимиз географияси кенгайиши эса арабшунос кадрлар тайёрлаш сифатини оширишга хизмат қилади.
Маълумот ўрнида келтириш жоиз, яқинда ТДШУ Араб филологияси кафедраси мудири, Сауд Қироли университетида 16 йил профессор лавозимида ишлаган Шорустам Шомусаров Бутунжаҳон араб тили иттифоқи Марказий Кенгаши аьзолигига Марказий Осиё минтақасидан сайланди. Ўзбек олими жаҳон арабшуносларининг нуфузли кенгаши таркибига киритилиши Тошкент шарқшунослик мактабининг дунёвий эътирофидир.
Ғайрат ХОННАЗАРОВ, ЎзА