Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери биринчи ўринбосари Акмал Саидов Саудия Арабистони Шўро Кенгаши “Саудия – Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик қўмитаси раиси Муҳаммад бин Абдулазиз ал-Жарба бошчилигидаги делегация билан учрашди.
Мулоқот аввалида таъкидланганидек, тарихий ришталар, муштарак қадриятлар мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларга мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Ўзаро алоқалар сўнгги йилларда давлат раҳбарларининг юксак сиёсий иродаси билан сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.
Хусусан, икки давлат ўртасида савдо ҳажми, қўшма корхоналар ва авиақатновлар сони ошмоқда. Яшил энергетика, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, IT ва бошқа устувор соҳаларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
[gallery-18092]
Учрашувда ривожланиш ва модернизацияга қаратилган “Ўзбекистон – 2030” ва “Vision – 2030” стратегик дастурларининг мақсад ва вазифалари ўхшаш экани таъкидланди. Парламентлараро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш, дўстлик гуруҳлaри фaoлиятини янада жонлантириш, ўзаро ташрифлар алмашинувини давом эттириш, Ар-Риёд ва Жидда шаҳарларида “Ўзбекистон маданияти кунлари”ни ўтказиш, туризм, ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида “Саудия – Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик қўмитаси раиси самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган мувозанатли, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат, кенг кўламли ислоҳотлар ва уларнинг натижаларини алоҳида эътироф этди.
Аслиддин АЛИЖОНОВ(сурат),ЎзА