Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов бошчилигида ҳокимлик мутасаддилари, корхоналар раҳбарлари ва ишбилармон доиралари вакилларидан иборат делегациянинг Россияга амалга оширган амалий ташрифи икки томонлама дўстлик ришталарининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилди.
Ташриф давомида Наманган вилояти ҳокими Свердловск вилоятининг Екатеринбург шаҳрида Россия Федерациясининг “Медсинтез” фармацевтика компанияси бош директори Александр Петров билан ўтказган музокара натижасида Наманган вилоятининг Косонсой туманида жойлашган “Косонсой-фарм” эркин иқтисодий зонасида турли вирусларга қарши курашишга мўлжалланган дори ва инсулин воситасини маҳаллийлаштириш ҳамда ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича дастлабки келишувларга эришилди.
Свердловск вилояти губернатори Евгений Куйвашев билан учрашувда ўзаро ҳамкорлик муносабатлари кенг муҳокама қилиниб, айниқса, профессионал техник таълим, туризм, фармацевтика, қурилиш йўналишларида ҳамкорлик қилиш борасида ўзаро таклифлар муҳокама қилинди. Бунинг натижасида шу йил июлида Екатеринбургда бўлиб ўтадиган “Иннопром” форумида Наманганнинг йирик ишлаб чиқарувчи корхоналари иштирок этадиган бўлди. Делегация аъзолари Бошқирдистонда ҳам бўлиб, Наманган вилояти ҳокими Шавкат Абдураззоқов Бошқирдистон Республикаси раҳбари Радий Хабиров билан учрашди. Дўстона ва самимий руҳда кечган мулоқотда икки томон савдо, ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги йўналишида имкониятлар, қўшма лойиҳалар асосида ўзаро ҳамкорлик бўйича фикр алмашди.
Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Наманган вилояти ҳудудий филиали мутасаддилари Уфадаги очиқ акциядорлик жамияти шаклидаги “Лочин-КО” қурилиш компаниясида мигрантлар билан учрашди. Мулоқотда уларнинг шароитлари ўрганилиб, мигрантлар учун яратилган имтиёзлар, имкониятлар хусусида батафсил маълумот берилди. Наманган делегацияси Россия пойтахтида ўтказилган бир қатор учрашувларда заргарлик борасида дунё бозорида катта салмоққа эга “Легор Груп Россия” компанияси таъсисчиси ва бош директори Николай Бреславец билан Наманганда заргарлик мактабини яратиш ва саноатини ривожлантириш бўйича, ахборот- коммуникация технологиялари ҳамда касб таълими йўналишида ўзига хос тажриба ва нуфузга эга Синергия корпорацияси Президенти Вадим Лобов билан ҳам келишувга эришилди.
Хорижлик ҳамкорлар билан алоқаларни янада мустаҳкамлаш, масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Siberian Wellness-Namangan” хорижий корхонаси Президенти Татьяна Гороховская билан Чуст туманида олиб борилаётган “Пектин ишлаб чиқариш” лойиҳасини якунлаш, Чортоқ туманида янги лойиҳаларни амалга ошириш, “Велфарм-М” фармацевтика корхонаси ижрочи директори Александра Кудряшова билан “Косонсой фарм” эркин иқтисодий зонасида тайёр дори воситаларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш каби ўзаро манфаатли масалалар юзасидан музокаралар олиб борилди ва келишувларга эришилди.
Таъкидлаш жоизки, 2024 йилнинг 1 май ҳолатига Наманган вилоятида Россия Федерацияси капитали иштирокида 51 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Шундан, 30 таси қўшма, 21 таси эса хорижий корхона ҳисобланади. Мазкур корхоналарнинг иқтисодий фаолият турлари асосан саноат ва савдо тармоқларига тўғри келади.
Вилоятнинг Россия компаниялари билан ташқи савдо айланмаси 2024 йилнинг биринчи чорагида 134 миллион долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22 миллион долларга кўпайишига эришилган. Ташқи савдо айланмасида экспорт ҳажми 110,1 миллион доллар, импорт эса 23,9 миллион долларни ташкил этган.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА мухбири