Россия Федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги олий таълим тизимида ўрнатилган институционал ҳамкорлик илм-фан ва таълим сифатини оширишда амалий ва назарий муштараклик касб этади.
Шу мақсадда Санкт-Петербург шаҳрида Россия федерацияси ва Ўзбекистон Республикаси университетлари ректорларининг минтақалараро конференцияси бўлиб ўтди. Конференциядан кўзланган асосий мақсад — Россия ва Ўзбекистоннинг илм-фан тизимларида ўзаро манфаатдорликнинг ижобий динамикасини сақлаб қолиш, йирик лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда малакали кадрлар тайёрлашдир.

Тадбирда таълим соҳасида Россия-Ўзбекистон ҳамкорлигини ривожлантиришнинг стратегик йўналишлари, жумладан, иқтисодиёт, соғлиқни сақлаш, фармацевтика ва биоинженерия соҳаларида кадрлар тайёрлаш бўйича университетлараро ҳамкорликни кенгайтириш, илғор муҳандислик мактабларини яратиш бўйича тажриба алмашиш ҳамда ўқитувчиларни тайёрлаш соҳасидаги илғор педагогик технологияларни жорий қилиш каби масалалар кўрилди.
Шу билан бирга, Оролбўйидаги қурғоқчиликнинг олдини олиш учун россиялик олимлар билан қўшма илмий тадқиқотларни кенгайтириш, айниқса, қишлоқ хўжалиги, аграр соҳада сувни тежовчи технологияларни ҳамкорликда жорий қилишга доир янги чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.
Ўз навбатида, ёш олимларни Россия Федерациясининг нуфузли олий таълим муассасаларига мақсадли тадқиқотлар ва докторантурага юборишни йўлга қўйиш, замонавий талабларга жавоб берадиган илмий-педагог кадрлар тайёрлаш учун илмий-тадқиқот муассасаларининг тажрибали мутахассислари билан университетлараро қўшма илмий ихтисослаштирилган кенгашларни ташкил қилиш таклифи берилди.
— 2023 йил Россия Федерациясида “Ўқитувчи ва мураббийлар йили” эканлигини ҳисобга олсак, ташкил этилган мазкур конференция чин маънода Ўзбекистон таълим тизимига ҳамкор давлатнинг нечоғлик муносабатини кўрсатади, — тадбир иштирокчиси бўлган Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори Қўнғиротбой Шарипов. — Конференцияда Санкт-Петербург шаҳрида таҳсил олаётган 5000 га яқин ўзбек талабалари учун яратилган шарт-шароитларни алоҳида эътироф этиш баробарида Ўзбекистон ҳозирги вақтда Марказий Осиё таълим хабига айланиб бораётгани таъкидланди.
Ўтган даврда Санкт-Петербург давлат университети ва Ўзбекистоннинг олий таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот ташкилотлари, хусусан, қатор олий ўқув юртлари билан ҳамкорлик меморандумлари имзоланган. 2022 йилда Санкт-Петербург давлат университети “Навоий” эркин иқтисодий зонасида ўз ваколатхонасини очган. Ҳозирги пайтда мамлакатимизда 13 та Россия олий таълим муассасаларининг филиаллари фаолият олиб бораётган бўлиб, уларда 43 мингга яқин йигит-қизларимиз таҳсил олиб келмоқда, жумладан, Россияда ҳам. Таҳсил олувчиларнинг 23 фоизи Россия Федерацияси бюджети маблағлари ҳисобидан, 77 фоизи тўлов шартнома асосида олий таълим билан таъминланмоқда. Таъкидлаш жоизки, Россия Федерацияси Ўзбекистондаги энг йирик инвесторлардан бири ҳисобланиб, мамлакатимиз иқтисодиётига 10 миллиард доллардан ортиқ сармоя киритган. 2022 йил якунига кўра, Россия Федерацияси Ўзбекистон Республикасининг асосий ташқи савдо ҳамкорлари рўйхатида яна бир бор биринчи ўринни эгаллади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, мамлакатлар ўртасидаги товар айирбошлаш 2021 йилга нисбатан 23 фоизга, яъни – 9,28 миллиард долларгача ошиб, Ўзбекистон умумий ташқи савдо айланмасининг 18,6 фоизини ташкил этади.
Тадбирда университетлараро янги филиалларни ташкил этишни янада жадаллаштириш илгари сурилди. Шу билан бирга, Россия-Ўзбекистон ректорлар конференцияси доирасида университетлараро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича ўзаро англашув меморандумлари имзоланди. Иқтисодиёт, муҳандислик ва бошқа тармоқларда малакали кадрлар тайёрлашнинг истиқболли устувор йўналишлари белгилаб олинди.
Тадбирнинг ялпи мажлисида икки мамлакат вакиллари чиқишида Ўзбекистон олий таълим тизимининг жаҳон таълим маконига интеграциялашуви, Россия университетлари билан ҳамкорлик стратегияси, қўшма лойиҳалари яратилиши ва уларнинг муваффақиятининг муҳим жиҳатлари қайд этилди.
Иштирокчилар маърузалар давомида конференциянинг аҳамиятига тўхталиб, ҳозирги кунда бутун дунё олий таълимидаги вазият ўзгариб бораётгани, рақамли трансформация, шу жумладан, сунъий интеллектнинг тез суръатлар билан ривожланиши боис олий таълим муассасаларининг фаолияти ўзгариши муқаррарлигини таҳлил қилди.
Конференция “Юқори технологияли тармоқлар учун таълим: етакчи муҳандислик мактабларини ташкил этиш тажрибаси”, “Тиббиёт, фармацевтика ва биоинженерия соҳасида кадрлар тайёрлашда университетлараро ҳамкорликни кенгайтириш”, “Педагог кадрлар тайёрлашда энг яхши амалиётлар” каби олий таълимнинг муҳим ҳисобланган уч йўналишини қамраб олди.
Эътиборли жиҳати конференцияда мамлакатимиздан 16 нафар ва Россия Федерациясидан 30 га яқин олий ўқув юртлари ректор ва проректорлари иштирок этиши ҳамкорлик кўлами не чоғлик кенг қулоч ёйганини кўрсатади.
Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон-Россия таълим форумлари икки мамлакат ректорлари ва илмий ҳамжамиятлари ўртасидаги ҳамкорлик учун муҳим платформа ҳисобланади.
Тадбирда университетлар ўртасида имзоланган англашув меморандумини қайта кўриб чиқиш ва тасдиқлаш, маданият ва туризм йўналишида амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар юзасидан келишувларга эришилди. Жумладан, “Иқтисодиёт олий мактаби” миллий тадқиқот университети билан илмий ва инновацион ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ҳаракатлар режаси имзоланди. Олий таълим соҳасидаги узоқни кўзланган келишувлар, қўшма ўқув дастурлари ва қўшма тадбирларни янгилаш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди.
Абдулазиз Рустамов, ЎзА