Ўзбекистон – Россия муносабати ўнлаб таҳлилий мақола учун етарли мавзу. Бу ҳақда катта-кичик асарлар битилган ва ўз ўқувчиларини топган. Бинобарин, Янги Ўзбекистон ва ХХI асрдаги замонавий Россия алоқаларининг бугунги мураккаб геосиёсий даврдаги ўзига хос томонлари, равон ва нотекис йўллари мавжуд-ки, йирик иқтисодий-публицистик тадқиқотга асос бўлгулик. Ҳозир узоқ тарихга эга ана шу алоқаларнинг бугунги куни тафсилотига қисқача тўхталамиз.
Россия нигоҳ билан қамраб бўлмайдиган кенгликларга эга улкан ва қудратли давлат. Аҳолиси сони бўйича Ҳиндистон, Хитой, Америка Қўшма Штатларидан кейинги саноқли давлатлар каторида туради. Инсон ресурси, ер ости ва усти табиий бойликлари орзу қилса арзийдиган даражада битмас-туганмас...
Тан олиш керак, ҳеч қандай табиий бойлиги йўқ айрим мамлакатлар бугун раъиятининг заковати, ақл-идроки, тадбиркорлиги, хўжаликпарварлиги билан аҳолиси турмуш даражасини босган қадами олтин, кумуш, нефть ёки газ бўлган юртлардан қолишмайдиган даражага олиб чиққани ҳам рост. Бу алоҳида мавзу. Умуман, бугун дунё мамлакатлари келажакни, стратегик истиқболни ҳаммаслак давлатлар билан бирга қуришга интилмоқда. Осиёга дахлдор Ўзбекистон ва Россия ҳам бундан мустасно эмас.
Бизни темир, ҳаво, автомобил йўллари боғлаб туради. Бевосита туташ, чегарадош бўлмаса-да, бу икки давлат азалий биродар, ҳамкор.
Ўзаро муносабатда, табиийки, иқтисодий алоқалар муҳим ўрин тутади.
– Россия билан Ўзбекистон ўртасида товар айирбошлаши миқдори сўнгги уч йил мобайнида ҳар йили 5-10 эмас, 20 фоиздан ортиб борди, – дейди Россия Федерацияси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Денис Мантуров ҳукуматлар аро қўшма Комиссиянинг яқинда Тошкентда ўтган навбатдаги йиғилишида.
Иқтисодий муносабатдаги салмоқли ўсиш жиддий олдинга силжиш эканини таъкидлаш жоиз. Ривожланиш шундай суръат билан давом этса, икки йилдан кейин Россия билан товар айирбошлаш 200 фоиз ортади.
– Бу олдимизга қўйилган аниқ режа. Ўзбекистон билан савдо айланмаси 2030 йилга бориб икки карра ошиши керак, – давом этади Д.Мантуров. Ўсиш Россияга нисбатан қўлланаётган санкция натижасида инвестиция камайиши асносида кузатилаётгани эътиборли. Бизнеснинг ўз қонун-қоидаси бор: вазиятдан тўғри хулоса чиқариш, пайдо бўлган имкониятдан унумли фойдаланиш даркор. Айтганча, юзага келган ҳолатда халқаро мажбурият, сиёсий масъулиятга содиқ қолган ҳолда, иложи борича бир-биримизга ёрдам кўрсатяпмиз ва бундан иккала томон ҳам фойда кўряпти. Ўзаро манфаатли ҳамкорлик ривожланмокда.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, сўнгги йилларда инвесторларимизда ўзаро қизиқиш ортмоқда. Ўзбекистонга сармоя киритиш бўйича Россия Хитойдан кейин иккинчи ўринда туради. Бугунги кунда айни миқдор 10 миллиард долларни ташкил қилган.
Ҳукуматлар аро қўшма комиссия йиғилишида иқтисодий алоқани янада ривожлантиришга қаратилган қатор янги ҳужжатлар имзоланди. Жумладан, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, фармацевтика, автомобилсозлик ва темир йўл машинасозлиги соҳаларида яқин келажакда амалга ошириладиган лойиҳалар кўриб чиқилди.
Россия эндиликда Ўзбекистоннинг етакчи маърифий, илмий-амалий ҳамкорига ҳам айланмоқда. Тошкентда Ломоносов номли Москва давлат университети, Бауман номидаги техника университети, Плеханов номли Россия иқтисодиёт академияси, Москва давлат халқаро муносабатлар институти, Бутунроссия кинематография институти каби машҳур олий ўқув юртлари филиаллари очилиши мамлакатимиз, халқимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий ҳаётидаги улкан воқеадир. Тўғри, миллий маданиятимиз, маънавиятимиз, қадриятларимизни чуқур ўрганиш, янада ривожлантириш, такомиллаштириш шарт ва зарур, бу биз учун устувор вазифа. Айни дам дунё илмий-маданий ютуқлари, санъат янгиликларидан бохабар бўлиш, жаҳон тажрибасини изчил ўрганиш ҳам тараққиётга етакловчи омиллардан бири эканини унутмаслик лозим.
Бугун Марказий Осиё давлатлари, айниқса Ўзбекистонга қизиқиш кун сайин ортмоқда. Юртимизга кириб келган инвестициянинг умумий миқдори 38 миллиард долларга етди. Республикамизда биргина Россия капитали асосида 24 000 дан зиёд компания фаолият юритмоқда. Иқтисодиётимизнинг асосий сармоядорларидан бири бўлган РФнинг диёримиздаги инвестиция лойиҳалари портфели қиймати 20 миллард доллардан иборат. Яна 10 миллиард долларлик янги лойиҳалар ишга тушириш навбатини кутиб турибди.
Юқори технология асосидаги фаолиятга йуналтирилган кичик бизнесни ишлаб чиқаришга жалб қилиш йўлида янги саноат парклари ташкил этиляпти. Бу борада муайян илғор тажриба тўпланган. Қозон шаҳридаги “Химград” компанияси иштирокида ташкил этилган “Чирчиқ” ва “Жиззах” технопарклари юқори самара бера бошлади.
Федерациянинг жами 80 субъекти билан савдо-иқтисодий алоқа ўрнатилган. Ўзбекистоннинг Россия билан маҳсулот айирбошлаш бўйича 3,8 фоизлик нисбати Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари орасида 5-кўрсаткич ҳисобланади.
Давлатларимиз ўртасида туризм алоқаси ҳам тобора авж олмоқда. 2023 йил халқимизнинг ҳаёти, ўзига хос турмуш тарзи билан танишиш, юртимиздаги ноёб тарихий, меъморий, маданий ёдгорликларни томоша қилиш, серқуёш ўлкамизнинг мева-чеваси – анори, узуми, қовун-тарвузидан қониб истеъмол килиш учун ташриф буюрган россиялик сайёҳлар сони икки баробар ортди.
Ирисмат Абдухолиқов,
ЎзА шарҳловчиси