Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!
Ватанни ҳимоя қилиш, унинг тинчлиги йўлида фидойилик кўрсатиш ҳарбийларнинг, шунингдек, ҳарбийлашган идоралар ходимларининг муқаддас бурчидир.
Уларнинг “Ўзбекистон Республикасига хизмат қиламан!” дея қасамёд қилиши нафақат қасамёд қабул қилувчилар, балки жамият учун ҳам муҳим воқелик. Зеро, юрт эрки ва осойишталигини муҳофаза этувчи мардлар бор экан, хотиржамлик бор ва улар олқишларга муносиб.
Ўзбекистон Республикаси Жамоат хавфсизлиги университетида биринчи босқич курсантларининг “Ватанга қасамёд” тадбирида шулар ҳақида сўз борди.

Университетнинг 274 нафар биринчи босқич курсанти, шундан 24 нафар қиз ота-оналари, сафдошлари, командирлари гувоҳлигида қасамёд қабул қилдилар.
Бош прокурор ўринбосари – Ҳарбий прокурор Шуҳрат Узоқов курсантларни қасамёд қабул қилганликлари муносабати билан муборакбод этди.
Тадбирда курсантларининг қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари, Миллий гвардия ҳарбий оркестрининг куй-қўшиқлари барчага кўтаринки кайфият улашди.
ЎзА