Ватанимиз тарихидаги 10 август санаси билан боғлиқ айрим воқеалар баёни.
Август ойининг иккинчи якшанбаси юртимизда қурилиш соҳаси ходимлари куни сифатида нишонланади. Республикамизда амалга оширилаётган қурилиш ва бунёдкорлик ишларини жадаллаштириш, бугунги кунда соҳада қўлга киритилаётган ютуқларни кенг тарғиб этиш ва соҳада фаолият олиб бораётган мутахассисларни рағбатлантириш мақсадида ушбу сана 2017 йилдан бошлаб байрам қилинмоқда. “Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари кунини белгилаш тўғрисида”ги қонун 2017 йил 21 декабрда қабул қилинган.
1230 йил (бундан 795 йил олдин) – Кўния султони, Химс, Ҳалаб, Майафириқин ва Байнас ҳокимларининг бирлашган иттифоқи Жалолиддин Мангубердини мағлуб этди. Тарихчи Жувайнийнинг ёзишича, бу жангдан олдин касалликка чалиниб мажолсиз қолган Жалолиддин ҳали касалликдан бутунлай қутула олмаган эди ва жанг майдонига чиққан пайти отига миниб олишга ҳам, унда ўтиришга ҳам қуввати етмаган. Амирлари унга дам олишни тавсия қилган пайтларида, унинг жанг майдонини тарк этиши тартибсиз амалга оширилгани учун саркардалар ва қўшини ҳам “Султон жанг майдонини ташлаб қочиб кетди”, деб чекина бошлаганлар. Душманлар дастлаб бу ҳолатга тушунмасдан, Жалолиддин ёлғондакам чекинмоқда деб аскарларини жангавор сафда қолишни буюрганлар. Аммо, кейинчалик, бунинг ҳақиқий чекиниш эканлигини билишгач Жалолиддин қўшинларини таъқиб этиш бошланди. Бундай шароитда Жалолиддин ҳам Ҳилотга чекинди.
1909 йил (бундан 116 йил олдин) – Тошкентда “Ёрдам” мусулмон жамияти очилди. Жамият раиси Саидкарим Саид Азимбоев бўлган. “Тошкент” энциклопедиясида зилишича, жамиятнинг асосий вазифаси маркази Тошкент шаҳри ўлган Сирдарё вилоятида яшовчи камбағал, ночор кишиларнинг моддий-маиший аҳволини яхшилашга қаратилган. Бу мақсадга эришиш учун жамият етимхоналар, қариялар уйи, касалхоналар, амбулаториялар, ошхона ва чойхоналар, ётоқхоналар очишни, талабаларга, хайрия ва маърифат муассасаларига моддий ёрдам беришни мўлжаллаган.
1914 йил (бундан 111 йил олдин) – “Садои Туркистон” газетасининг шу кунги сонида “Бир савдогар” тахаллусли муаллифнинг “Талабгор борму?” номли мақоласи эълон қилинди. Мақолада ўлкадаги тадбиркорлик ва савдо-сотиқ соҳасини ривожлантиришда катта тажрибага эга, Туркистон истиқболи ва миллат фарзандларининг келажаги учун қайғурган зиёлиларнинг ғоялари акс этган. Тарихчи Машҳура Дармонованинг ёзишича, муаллиф ўлкадаги тадбиркорлар, савдогарлар ва шунга ўхшаш бошқа соҳа вакиллари тажрибаларидан самарали фойдаланиб, ёш савдогар ва тадбиркорларга маслаҳатлар ва таклифлар берган.
Шунингдек, муаллиф ёш савдогарлар ва тадбиркорларга рақобат катта бўлмаган янги йўналишларда савдо-сотиқ ва тадбиркорлик ишларини олиб бориш, ўзаро ҳамкорликда савдо-саноат жамиятларини тузиш, уларнинг самарали фаолиятини йўлга қўйиш масалаларга эътиборини қаратган. Уларни давр талабига мос замонавий ишлаб чиқариш соҳаларида ўз фаолиятларини йўлга қўйишга, жумладан, рақобат катта бўлган анъанавий тадбиркорликдан кўра, гуруч тозалайдиган тегирмонлар, мева қуритадиган завод ва фабрикаларни очишга ҳамда бошқа шунга ўхшаш ишлаб чиқариш саноатида самарали ва фойдали ишларни олиб боришга чорлаган.
1921 йил (бундан 104 йил олдин) – Туркистон ҳукуматининг қарорига мувофиқ хўжаликларнинг катта-кичиклигидан келиб чиқиб, солиқни табақалаштириш жорий этилди. Тарихчи Иззатилла Ҳайдаровнинг қайд этишича, солиқ олиниш нисбати қуйидаги тартибда белгилаб қўйилди: 2 десятинагача (1 десятина тахминан 1,09 гектарга тенг) ери бўлган хўжаликлардан ҳосилнинг 5 фоизи миқдорида, 2–4 десятинагача – 10 фоиз, 4–6 десятинагача – 12 фоиз, 6–8 десятинагача – 14 фоиз, 8–20 десятинагача – 16 фоиз миқдорида ва ҳоказо.
1937 йил (бундан 88 йил олдин) – Ўзбекистонда оммавий қатағоннинг авж палласи бошланди. Тарихчи Музробжон Абдуллаевнинг қайд этишича, 1937 йил 10 августдан 1938 йил 1 январгача бўлган вақтда Ўзбекистон бўйича “қулоқлар”дан 5924 киши, “жиноятчилар”дан 1679 киши, бошқа “советларга қарши унсурлар”дан 3097 киши, жами 10700 киши қамоққа олинган. Улардан 3613 киши 1-тоифа бўйича отувга, 7087 киши 2-тоифа бўйича 8–10 йил муддатга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
1950 йил (бундан 75 йил олдин) – ёзувчи, публицист, сценарийнавис, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам таваллуд топди. Унинг асарлари ўзига хос юмористик баён услуби, кинояли тили, кутилмаган бадиий ечимларга эгалиги билан ажралиб туради. Ёзувчининг инсонга хос энг чигал жиҳатларни очиқ кўрсатмай, имо-ишора орқали акс эттириши унинг асарлари таъсирчанлигини оширади. У 2020 йилда “Фидокорона хизматлари учун” ордени билан мукофотланган.
1951 йил (бундан 74 йил олдин) – “Правда Востока” газетасида “Баъзи шоирларнинг ижодида ғоявий бузилиш тўғрисида” мақола босилиб чикди. Мақола муаллифлари ўзлари ўзбек тилини етарлича билмаганлари ҳолда асарларнинг аслини ўкимасдан туриб, Туроб Тўланинг “Ўзбекистоним” ашуласини ҳақоратли танкид остига олдилар. Камтар Отабоев, Миртемир, Собир Абдулла, Ҳабибий асарларини асоссиз танқид қилдилар.
2000 йил (бундан 25 йил олдин) – тошкентлик коллекционер Бахтиёр Исматуллаев хазинасидаги ўтган асрнинг саксонинчи йилларига мансуб мусиқа машинаси Германиянинг Йен шаҳрида ўтказилган қадимий чолғу асбоблари кўргазмасида биринчи ўринни олди, унинг эгаси эса қадимий немис мусиқа асбоблари ҳаваскорлари жамиятининг аъзоси этиб сайланди.
2017 йил (бундан 8 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Нуфузли халқаро спорт мусобақаларида юксак натижаларга эришган Ўзбекистон спортчиларини жамоат ва спорт ишларига кенг жалб этиш ҳамда спортчиларни ва уларнинг тренерларини рағбатлантириш тўғрисида”, “Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия институти фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарорлари қабул қилинди.
2020 йил (бундан 5 йил олдин) – Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Суд-тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.
2022 йил (бундан 3 йил олдин) – Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан “Табиат ҳимоячиси” кўкрак нишони таъсис этилди. Мазкур кўкрак нишони билан мамлакатимизда экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, табиатни асраш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш борасида салмоқли натижаларни қўлга киритган, шунингдек, соҳага оид илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиб, замонавий технологиялардан самарали фойдаланган ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш ва кўкаламзорлаштириш ишларида алоҳида ташаббус кўрсатган фуқаролар тақдирланади.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ тайёрлади, ЎзА