Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилоти саммитидаги нутқи
Ҳурматли Режеп Таййип Эрдоған Жаноби Олийлари!
Ҳурматли давлатлар ва делегациялар раҳбарлари!
Хонимлар ва жаноблар!
Сиз, азизлар билан буюк цивилизациялар чорраҳасида жойлашган гўзал Анқара шаҳрида дийдорлашиб турганимдан ғоят мамнунман.
Қадрли биродарим Режеп Таййип Эрдоған Жаноби Олийларини ва бутун турк халқини мамлакатнинг қутлуғ байрами – Республика куни билан қизғин табриклайман.
Қардош турк халқига тинчлик-омонлик, фаровонлик ва муваффақиятлар тилайман.
“Туркий аср: тилда, фикрда ва ишда бирлик” шиори остида ўтаётган саммитимизни юксак савияда ташкил этгани ва самимий меҳмондўстлиги учун ҳурматли Туркия Президентига алоҳида миннатдорлик билдираман.
Саммит арафасида сўлим “Бештепа” боғида давлатларимизнинг миллий-маданий мажмуаси очилгани халқларимизнинг муштарак меросини асраб-авайлаш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Ишончим комилки, ушбу рамзий ёдгорлик туркий дунё бирлигининг ёрқин тимсолига айланади.
Ҳурматли тадбир иштирокчилари!
Бугун халқаро муносабатлар тизими тубдан ўзгармоқда, геосиёсий рақобат кескинлашмоқда. Туркий дунё атрофидаги минтақаларда давом этаётган қуролли можаро ва зиддиятлар нафақат хавфсизликка, балки савдо-иқтисодий, транспорт алоқалари ва тараққиёт истиқболларига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Бой табиий ресурслар ва иқтисодий имкониятларга эга бўлган минтақада таъсирчан глобал тараққиёт марказига айланиб бораётган Туркий давлатлар ташкилотини биз ўзаро ишонч ва амалий шериклик майдони сифатида кўрамиз.
Биз стратегик мақсадларимиз атрофида янада жипслашиб, манфаатларимизни халқаро майдонда биргаликда илгари суришимиз лозим. Барчамиз ушбу эзгу йўлда якдилмиз ва ўз куч-ғайратимизни туркий бирдамлик учун сафарбар этишга тайёрмиз.
Қадрли дўстлар!
Ташкилотимиз доирасида долзарб халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан мунтазам сиёсий маслаҳатлар ўтказиш, ёндашув ва саъй-ҳаракатларимизни мувофиқлаштириш муҳим деб ҳисоблаймиз.
Ташкилотнинг халқаро майдондаги нуфузи ва обрў-эътибори унинг ташқи шериклар билан очиқ ва ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантира олиш салоҳиятига ҳам боғлиқдир. Шу мақсадда учинчи мамлакатлар билан “Туркий давлатлар ташкилоти плюс” форматидаги ҳамкорликни соҳавий вазирлар учрашувларидан бошлашни таклиф этаман. Ушбу мулоқотлар савдо, транспорт, инвестиция ва бошқа устувор йўналишларда аниқ қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилиши лозим.
Шу билан бирга, технологик ҳамкорликни чуқурлаштириш, жаҳон бозорига биргаликда чиқиш имконини берадиган саноат кооперациясини ривожлантиришимиз зарур.
Амалий қадам сифатида “Туркий дунё – 100”, яъни юзта стратегик қўшма инвестиция ва саноат лойиҳасини қамраб оладиган дастур қабул қилишни таклиф этамиз. Ушбу лойиҳаларга Туркий инвестиция жамғармаси ва халқаро молиявий институтлар ресурсларини йўналтириш алоҳида аҳамият касб этади.
Нодир ва стратегик минералларни тўлиқ қайта ишлаш, “яшил” энергетика ускуналари ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, юқори даромадли маҳсулотлар тайёрлашга устувор аҳамият қаратиш мақсадга мувофиқ.
Иқтисодий алоқаларимиз жадал ривожланаётгани туфайли тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича умумий механизмларга эҳтиёж ортмоқда. Шу мақсадда “Тижорат ишлари бўйича ўзаро ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тўғрисида”ги кўп томонлама шартнома ишлаб чиқиш лозим. Ушбу ҳужжат суд қарорларини ўзаро тан олиш ва ижро этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос яратади.
Айни пайтда ушбу йўналишда ваколатли органлар ўртасидаги алоқаларни кенгайтириш тарафдоримиз. Бу борада ҳуқуқий ёрдам сўровлари ва ҳужжатларни электрон алмашишга мўлжалланган рақамли платформа ташкил этишни муҳим деб ҳисоблаймиз.
Глобал таъминот занжирлари ўзгараётган ҳозирги шароитда туркий давлатларнинг географик ўрни ва транзит имкониятлари тобора стратегик аҳамият касб этмоқда.
Халқаро юк ташиш ва логистикада давлатларимизнинг иштирокини кенгайтириш ҳамда иқтисодий манфаатдорликни ошириш учун Ўрта коридор ва унга туташ бошқа транспорт йўлакларини яхлит иқтисодий тизимга айлантиришимиз зарур. Шу мақсадда “Туркий давлатлар логистика комплекслари тармоғи”ни ташкил этиш ва уни биргаликда бошқаришни таклиф этамиз.
Туризм соҳасидаги улкан имкониятларни ҳам тўлиқ ишга солишимиз лозим. Биргина 2025 йилда давлатларимизга 100 миллиондан зиёд хорижлик сайёҳ ташриф буюрди.
Туркий халқларнинг тарихий шаҳарлари, бетакрор табиати, бой маданияти ва меҳмондўстлик анъаналарини дунёга биргаликда тақдим этиш мақсадида “Туркий туризм альянси”ни ташкил қилиш вақти келди.
Аҳолининг узоғини яқин, оғирини енгил қилиш учун Фуқароларнинг ўзаро сафарлари тўғрисида кўп томонлама битим ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Унда ID-карталар асосида сафар қилиш имкониятларини кенгайтириш, чегарадан ўтиш ва мезбон давлат ҳудудида бўлиш тартибини соддалаштириш масалалари акс этиши лозим.
Технологик тараққиётнинг пойдевори, аввало, инсон капитали, замонавий билим ва кўникмаларга эга ёш авлоддир. Уларнинг таълим олишига киритилган сармоя узоқ муддатли ҳамкорлигимизнинг мустаҳкам асосидир.
Юртимизда “Янги Ўзбекистон стипендияси” доирасида 500 нафар хорижлик талабага грант асосида таълим олиш имконияти яратилган. Туркий давлатлар вакилларига ҳар йили 200 та таълим гранти ажратишга тайёрмиз. Қардош мамлакатлар ёшларини ушбу имкониятдан унумли фойдаланишга чақирамиз.
Фурсатдан фойдаланиб, 2027 йилни Ташкилот доирасида “Табиатни асраш йили”, деб эълон қилиш бўйича ташаббусимизни қўллаб-қувватлаганингиз учун алоҳида ташаккур айтмоқчиман.
Кейинги йил давомида амалга ошириладиган устувор вазифалар Анталияда ўтадиган CОP-31 анжумани доирасида экологияга масъул вазирларимиз йиғилишида кўриб чиқилишига ишонаман.
Қадрли дўстлар!
Хабарингиз бор, туркий дунё бирлигига улкан ҳисса қўшган инсонларни муносиб рағбатлантириш мақсадида буюк мутафаккир ва давлат арбоби Алишер Навоий номидаги халқаро мукофотни таъсис этган эдик.
Кеча ушбу нуфузли мукофотнинг Қозоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, элчи Дюсен Касеиновга топширилиши илм-фан, санъат ва адабиёт йўналишида изланаётган ёшларимизга янги ғайрат ва илҳом бағишлаши шубҳасиз.
Бутун умрини туркий тил равнақига бағишлаган ҳазрат Алишер Навоий “Тилга ихтиёрсиз – элга эътиборсиз”, деб таъкидлаган эдилар. Бугунги саммитимиз шиоридан келиб чиқиб, барча туркий халқлар учун бирдек тушунарли бўлган ва тилларимиздаги муштарак сўзларни жамлайдиган “Умумтуркий сўзлар луғати”ни яратиш ташаббусини илгари сураман.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Кеча Ташкилотимизнинг нуфузли мукофоти – “Туркий дунё Олий ордени” билан Қирғиз Республикаси Президенти, ҳурматли Садир Нурғожоевич Жапаров Жаноби Олийлари тақдирлангани муносабати билан яна бир бор чин дилдан табриклайман.
Шу ўринда Озарбайжоннинг Ташкилотимизга раислиги даврида биродарлик ришталаримизни мустаҳкамлаш, алоқаларимизни янги босқичга олиб чиқиш борасидаги салмоқли ишлари учун ҳурматли Илҳом Гейдарович Алиев Жаноби Олийларига катта раҳмат айтаман.
Бугун раисликни қабул қилиб олаётган Туркия давлати иқтисодий ҳамкорлигимизни чуқурлаштириш, ташаббусларимизни амалий натижалар билан бойитишга катта ҳисса қўшади деб ишонаман.
Туркия Президенти, ҳурматли Режеп Таййип Эрдоған Жаноби Олийларига ушбу шарафли вазифада улкан муваффақиятлар тилайман.
Шунингдек, Ташкилотимизнинг навбатдаги саммитини келгуси йили Ўзбекистонда юқори даражада ўтказишга тайёр эканимизни маълум қиламан.
Кун тартибидаги яна бир масалага тўхталиб ўтмоқчиман. Олдимизга қўйилган кенг кўламли вазифаларни амалга оширишда аъзо давлатларнинг ҳамжиҳатлиги ва Котибиятнинг самарали фаолияти айниқса муҳимдир. Ўтган даврда Бош котиб сифатида сермаҳсул меҳнат қилиб, Ташкилотимиз нуфузини ҳар томонлама оширишга муносиб ҳисса қўшган Кубаничбек Омуралиевга миннатдорлик билдираман.
Шу билан бирга, Ўзбекистон вакили бўлган Мирвоҳид Азимов номзодини Бош котиб лавозимига қўллаб-қувватлаганингиз учун барчангизга ташаккур изҳор этаман.
Ишончим комил, янги Бош котиб Ташкилотимизнинг устувор вазифаларини амалга ошириш ва ҳамкорлигимизни янада ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшади.
Муҳтарам ҳамкасблар!
Бугунги Анқара саммити олижаноб мақсадимиз, бирдамлик ғоямиз ва улуғвор режаларимизга эришиш йўлида муҳим қадам бўлади.
Зеро, барчамизнинг орзу-истакларимиз ва интилишларимиз муштарак.
Биз бир бўлсак, янада қудратлимиз.
Ҳамжиҳат бўлсак, янада юксак марраларга албатта эришамиз.