Ҳурматли Гурбангули Мяликгулиевич! Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!
Авваламбор, гўзал Ашхобод шаҳрида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотимиз кунида Сизлар билан учрашиб турганимдан ғоят мамнунман.
Қадрли биродарим Гурбангули Мяликгулиевич Бердимуҳамедовга бугунги анжуманни юксак савияда ташкил этгани ва самимий меҳмондўстлиги учун билдирилган миннатдорчилик сўзларига қўшиламан.
Туркманистоннинг Ташкилотга самарали раислиги ва кўп томонлама амалий алоқаларни кенгайтиришга катта ҳисса қўшаётганини алоҳида эътироф этмоқчиман.
Жумладан, жорий йил сентябрь ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти билан шериклик тўғрисида қабул қилинган Резолюцияси бу йўлдаги муҳим қадам бўлди.
Ҳурматли саммит иштирокчилари!
Тарихи, дини, урф-одат ва анъаналари яқин бўлган биродар халқларимиз азал-азалдан савдо-сотиқ алоқалари ва маданий ришталар билан чамбарчас боғланган.
Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти ўтган давр мобайнида давлатларимиз умумий манфаатларини ифода этадиган, улкан иқтисодий салоҳиятга эга йирик минтақавий тузилмага айланди.
Бугун ҳурматли ҳамкасбларим билдирган барча фикр-мулоҳазалар Ташкилотимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва аҳамияти ошиб бораётганини, ўзаро дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, барқарорликни таъминлашга қаратилган интилишларимиз якдил эканини тасдиқламоқда.
Ўз навбатида, биз Ташкилотимиз доирасида кенг қамровли алоқаларни янада ривожлантириш тарафдоримиз ҳамда бўлажак раислик вазифасини самарали амалга ошириш ниятидамиз.
Ҳурматли давлат ва ҳукумат раҳбарлари!
Бугунги кунда барчамиз глобал ва минтақавий вазиятнинг тобора мураккаблашиб бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.
Давом этаётган пандемия таъсирида жаҳон иқтисодиёти ривожида қандай тенденциялар кузатилади, халқаро ҳамжамият яна қандай янги хавф-хатарларга дуч келади, деган саволларга ҳамон аниқ жавоб йўқ.
Бундай ўзгарувчан шароитда қуйидаги устувор йўналишлар бўйича умумий саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш зарур, деб ҳисоблаймиз.
Биринчи йўналиш – 500 миллиондан ортиқ аҳоли яшайдиган, улкан бозорга эга бўлган мамлакатларимизнинг савдо ва инвестиция соҳаларидаги катта имкониятларидан тўлиқ фойдаланишимиз зарур.
Қабул қилинган “Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти истиқболлари – 2025” дастури асосида мамлакатларимиз ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестиция алоқаларини янада кенгайтириш ва энг муҳими, амалий натижадорликка эришиш мақсадга мувофиқдир.
Бунинг учун Ташкилотимиз доирасида янгиланган ва кенг қамровли Савдо битимини ишлаб чиқиш ва қабул қилишнинг фурсати келди, деб ҳисоблаймиз.
Мазкур ҳужжатда савдо тўсиқларини бартараф этиш, божхона тартибларини рақамлаштириш ҳамда ҳозирги вақтда долзарблиги тобора ошаётган электрон савдони кенг татбиқ этиш масалалари ўз ифодасини топиши зарур.
Шунингдек, мамлакатларимизда ўзаро сармоялар оқимини кўпайтириш ва уларни ишончли ҳимоя қилиш, саноат кооперациясини кучайтиришга қаратилган Қўшма ҳаракатлар дастурини қабул қилиш – бугунги кун талабидир.
Шу билан бирга, ўзаро савдо ҳажмларини ошириш, минтақавий аҳамиятга эга лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва жаҳон бозорида умумий рақобатбардошлигимизни кучайтиришимиз лозим.
Шу мақсадда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Саноатни ривожлантириш ташкилоти ЮНИДО ва Марказий Осиё иқтисодиёти учун СПЕКА Махсус дастури билан ҳамкорликда Ташкилотимиз доирасида Савдо, инвестициялар ва инновациялар марказини ташкил этиш ҳамда унинг қароргоҳини Тошкент шаҳрида жойлаштиришни таклиф қиламиз.
Иккинчи йўналиш – минтақамиздаги мавжуд ва янги транспорт йўлакларидан унумли фойдаланиш.
Бу борада минтақалараро транзит хабларини ташкил этиш, замонавий транспорт ва йўл инфратузилмаларини ривожлантириш, транспорт ва транзит тарифларини оптималлаштириш ҳамда қўшимча чегирмаларни тақдим этиш, халқаро юк ва йўловчи ташиш шартларини енгиллаштириш, транспорт соҳасини рақамлаштириш масалаларига аниқ ечимлар топишимиз зарур.
Бу режаларни рўёбга чиқариш учун мамлакатларимизнинг транспорт-коммуникация алоқаларини ривожлантириш ва транзит салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган Минтақавий стратегияни ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқдир.
Учинчи йўналиш – “яшил тараққиёт”га эришиш учун амалий саъй-ҳаракатларимизни сафарбар этишимиз даркор.
Экологик муаммолар ва иқлим ўзгариши кескин тус олаётган ҳозирги даврда давлатларимизда тўпланган ва хорижий илғор тажрибадан самарали фойдаланиш, “яшил иқтисодиёт”ни биргаликда фаол ривожлантириш, саноат тармоқларига ресурстежамкор технологияларни кенг татбиқ этиш, углерод нейтраллигига эришиш кун тартибидаги энг долзарб вазифалардан биридир.
Бунинг учун халқаро эколог олимлар ва экспертлар иштирокида юқори даражадаги доимий Мулоқот кенгашини тузишни таклиф этамиз.
Тўртинчи йўналиш – сайёҳлик алмашувларини қайта тиклаш масаласидир.
Бухоро шаҳрида 2022 йили бўлиб ўтадиган туризм вазирларининг навбатдаги учрашувида пандемиядан кейинги даврда Хавфсиз сайёҳликни ривожлантириш умумминтақавий Дастурини қабул қилиш ташаббусини билдирмоқчиман.
Шу асосда “зиёрат туризми” ва бошқа қўшма сайёҳлик маҳсулотларини ишлаб чиқиш, авиақатновлар географиясини кенгайтириш, туризм инфратузилмасини ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилган бўлар эди.
Ҳурматли анжуман қатнашчилари!
Ташкилотимиз аъзоси бўлган Афғонистондаги бугунги мураккаб вазият ҳақида алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.
Ушбу мамлакат кун сайин оғир гуманитар инқирозга кириб бормоқда.
Халқаро ҳамжамият, жумладан, яқин қўшнилар ёрдамисиз афғон халқи якка ҳолда бу қийин синовлардан ўта олмайди.
Шу боис афғон халқига зарур ёрдам кўрсатиш бўйича саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ва умумий ёндашувларни ишлаб чиқишимиз керак.
Шунингдек, Афғонистон билан минтақавий аҳамиятга эга бўлган йирик савдо, транспорт ва энергетика лойиҳаларини амалга ошириш ишларини изчил давом эттириш тарафдоримиз.
Ҳурматли давлат ва ҳукумат раҳбарлари!
Яна бир муҳим масалага алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.
Ташкилотимизнинг халқаро нуфузи ва обрўсини ошириш, бошқа минтақавий ташкилотлардан фарқ қиладиган ва ўзига хос кун тартибига эга бўлиш, етакчи халқаро тузилмалар билан алоқаларни мустаҳкамлаш, ҳамкорлигимизнинг институционал механизмларини ривожлантиришни ҳозирги даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича аниқ таклиф ва тавсиялар тайёрлаш учун юқори даражадаги Экспертлар гуруҳини тузиш ташаббусини илгари сурамиз.
Шу билан бирга, ҳамкорлигимизнинг устувор йўналишлари ва долзарб вазифалардан келиб чиқиб, ҳар йилга ном бериш анъанасини жорий этиш, ўйлайманки, ўринли бўлар эди.
Биз, Ўзбекистон Ташкилотга раислик қиладиган даврда мамлакатларимизда Ўзаро узвий боғлиқликни мустаҳкамлаш йили, деб эълон қилишни таклиф этамиз.
Муҳтарам ҳамкасблар!
Биз бугунги тадбиримизнинг якуний ҳужжати – Ҳаракатлар учун Ашхобод консенсуси қабул қилинишини ҳам қўллаб-қувватлаймиз.
Фурсатдан фойдаланиб, Ташкилотимиз янги Бош котиби Хусрав Нозирий жанобларини масъулиятли фаолияти бошланиши муносабати билан самимий табриклаб, келгуси ишларида ютуқ ва омадлар тилаймиз.
Сўзимнинг якунида, умумий интилиш ва ҳаракатларимиз натижасида Ташкилотимиз доирасидаги кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорлигимизни яқин истиқболда сифат жиҳатидан янги поғонага кўтара олишимизга ишонаман.
Барчангизни катта мамнуният билан навбатдаги саммитимизда иштирок этиш учун Ўзбекистон заминига таклиф этаман.
Эътиборларингиз учун раҳмат.