26 июнь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди.
Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, маҳаллий Кенгашларнинг депутатлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.
Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.
Ялпи мажлиснинг иккинчи иш куни “Туркий давлатлар ташкилотининг Фуқаро муҳофазаси механизмини ташкил этиш тўғрисидаги Битимни (Бишкек, 2024 йил 6 ноябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонунни кўриб чиқишдан бошланди.
Таъкидланганидек, Битим 2024 йил 6 ноябрь куни Қирғизистон Республикасининг Бишкек шаҳрида “Туркий дунёни кенгайтириш: иқтисодий интеграция, барқарор ривожланиш, рақамли келажак ва барча учун хавфсизлик” шиори остида ўтказилган Туркий давлатлар ташкилотига давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши доирасида ишлаб чиқилган ва Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон томонидан имзоланган.
Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади Ташкилотга аъзо давлатларнинг фавқулодда вазиятлар идоралари ўртасида табиий офатларнинг олдини олиш ва бартараф этиш соҳасида самарали ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ва Ташкилот аъзоларининг соҳа йўналишидаги дўстона муносабатларини мустаҳкамлашдан иборат.
Битимда Ташкилотга аъзо давлатлар фуқаро муҳофазаси механизми кузатувчи давлатлар ва бошқа давлатларнинг ҳудудларида юз бериши мумкин бўлган табиий офатлар ва фавқулодда вазиятларда фавқулодда эҳтиёжларни қондириш учун биргаликдаги фаолиятни самарали ташкил этиш назарда тутилмоқда.
Шунингдек, Ташкилотга аъзо давлатларнинг фавқулодда вазиятлар идоралари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш, табиий офатлар вақтида тезкор қидирув-қутқарув ишларини мувофиқлаштириш, ушбу соҳадаги мониторинг, таҳлиллар натижаларини ҳамда ўзаро тажриба алмашинувини тизимлаштириш ҳамда ўзаро ёрдам ва ҳамкорликни янги босқичга кўтариш каби масалаларнинг ҳуқуқий асослари ва механизмлари белгиланган.
Қонун билан мазкур Битимнинг ратификация қилиниши фавқулодда вазиятлар соҳасида халқаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтаришга ва табиий офатларнинг олдини олиш, прогнозлаш, мониторинг ва таҳлил қилишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, фавқулодда вазиятлар ва ҳолатлар содир бўлганда бошқарув ва қидирув-қутқарув ишларини самарали ташкил этиш бўйича илғор тажрибаларни алмашишга имкон яратади.
Муҳокама якунида сенаторлар томонидан қонун маъқулланди.
Шундан сўнг “Ядровий зарар учун фуқаролик жавобгарлиги тўғрисидаги Вена конвенциясига (Вена, 1963 йил 21 май) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонун муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси мазкур Конвенцияга қўшилиши натижасида фуқаролик ядро объектларида содир бўлган ҳодисалар оқибатида етказилган зарар учун жавобгарлик режими, зарарни қоплаш тартиби, муддатлари ва тамойилларини белгилайдиган асосий нормалар татбиқ этилади. Шунингдек, ядровий жавобгарлик режими ядровий фалокат юз берган тақдирда Ўзбекистон халқига товон тўланиши таъминланади.
Мазкур ҳужжатнинг асосий мақсади ядровий қурилма оператори томонидан бошқариладиган иншоотларда содир бўлган ҳодисалар натижасида юзага келган ядро зарари учун операторнинг жавобгарлигини, шунингдек, ядро зараридан молиявий ҳимояни таъминлаш учун минимал талабларни белгилашдан иборат.
Қайд этилганидек, Вена конвенциясига қўшилиш зарарни қоплашнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳуқуқий механизмларини таъминлаб, жабрланувчиларни ҳимоя қилишни кучайтиради, ядровий қурилмалар операторининг аниқ мажбуриятларини белгилайди ва юзага келиши мумкин бўлган зарарларни қоплаш учун ишончли молиявий кафолатларни яратади.
Шу билан бирга, миллий ядро хавфсизлиги тизимига ишончни оширади, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлайди ва ядровий жавобгарлик соҳасидаги замонавий стандартларга риоя этилишини таъминлайди.
Ўзбекистоннинг Вена конвенциясига қўшилиши ядро энергетикаси ва хавфсизлиги соҳасида халқаро ҳуқуқий майдонга киришини таъминлашга, ядровий хавфсизликни кафолатлашга, ядровий зарардан жабрланувчиларнинг ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилишга, давлатнинг ядро энергетикаси соҳасидаги масъулиятини аниқ белгилашга ҳамда ядро энергетикаси соҳасида суғурта тизими ва компенсация механизмларини жорий этишга хизмат қилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Атом энергияси халқаро агентлиги билан ҳамкорлик алоқалари янада кенгаяди ва унинг дастурлари доирасида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш ишлари фаоллашади.
Муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллади.
Сенатнинг 8-ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2024 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.
Таъкидланганидек, 2024 йилда Марказий банкнинг фаолиятида асосий эътибор ялпи талабнинг инфляцияга бўлган босимларини юмшатиш, аҳолининг жамғариш фаоллигини рағбатлантириш ҳамда ўрта муддатли истиқболда инфляциянинг белгиланган таргет кўрсаткичига етишини таъминлашга қаратилган.
Шунингдек, ушбу даврда банк тизимининг молиявий барқарорлик кўрсаткичларини мақбуллаштириш, юзага келиши мумкин бўлган хатарларнинг салбий таъсирларини юмшатиш, банк хизматлари ва ҳисоб-китоб операцияларига кибертаҳдид ва фирибгарлик ҳолатларининг олдини олиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Ушбу вазифаларни амалга ошириш натижасида 2024 йилда банк тизимининг жами капитали ҳажми 18 фоизга, устав капитали ҳажми 22 фоизга ўсган. Капитал монандлиги кўрсаткичи 17,4 фоизни ташкил этиб (минимал талаб 13 фоиз), ўтган йил даражасида (17,5 фоиз) сақланиб қолган.
Ҳисобот йилида банклар томонидан тадбиркорлик субъектларининг бизнес ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, инвестициявий лойиҳаларини молиялаштириш ҳамда аҳоли эҳтиёжлари учун ажратилган кредитлар миқдори 2023 йилга нисбатан 35,8 триллион сўмга ошган ва 287,1 триллион сўмни ташкил қилган. Иқтисодиётдаги умумий кредит қўйилмалари қолдиғи эса 566,2 триллион сўмни ташкил этиб, 14 фоизга ўсган.
Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида ва инфляцияни оширувчи хатарларнинг камайганлиги туфайли асосий ставка 14 фоиздан 13,5 фоизга пасайтирилган.
Пул-кредит соҳасидаги ушбу чора-тадбирлар инфляция даражасининг юқори суръатларда ўсишини жиловлаш имконини берган. Йил якунида инфляция даражаси 9,8 фоизни, базавий инфляция даражаси эса 7,2 фоизни ташкил этган.
Шу билан бирга, мажлисда сенаторлар Марказий банк томонидан бартараф этилиши лозим бўлган камчиликлар ва амалга ошириладиган вазифаларга эътибор қаратди.
Жумладан, тижорат банклари томонидан тадбиркорлик субъектларидан қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя қилмай асоссиз кредит фоизи ва пеня ундирилган, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастури доирасидаги кредитларни ажратишда белгиланган муддатларга риоя қилинмаган. “НUMO” ва “UZCARD” тизимларининг интеграцияси ҳанузгача якунланмаган. Муаммоли кредитларнинг улуши ўтган йилги даражада сақланиб қолмоқда.
Масъулларнинг мазкур камчиликларни бартараф этиш борасида кўрилаётган чоралар тўғрисидаги ахборотлари эшитилди.
Муҳокама жараёнида фуқароларнинг банк карталаридан турли фирибгарлик йўллари билан маблағларни ўзлаштириш ҳолатларига барҳам бериш зарурлиги алоҳида қайд этилди.
Сенаторлар томонидан базавий инфляция даражасини пасайтириш чораларини кўриш, тўлов тизимлари барқарор ишлашини таъминлаш, хизматлар кўламини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди. Бундан ташқари, киберхавфсизлик чораларини кучайтириш ҳамда тадбиркорлардан ноқонуний тарзда маблағ ундириш ҳолатларига чек қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Муҳокама якунида билдирилган таклифларни инобатга олган ҳолда Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.
Шунингдек, сенаторлар томонидан меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Сенат аъзоларининг жойларда ўз сайловчилари билан учрашувларида, шу жумладан, сайёр қабулларда, Сенатга келиб тушаётган мурожаатларда ҳамда ижтимоий тармоқларда давлат идоралари, корхона ва ташкилотлари меҳнат қонунчилигига етарли даражада риоя этмаётганлиги оқибатида сўнгги вақтларда фуқаролар томонидан эътирозлар билдирилмоқда. Шуни инобатга олиб, ушбу масала Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўрганилган.
Жумладан, 2023-2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва халқ қабулхоналарига келиб тушган бандлик ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ мурожаатлар ўрганиш жараёнида аниқланганидек, айрим давлат идоралари, корхона ва ташкилотларининг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти қониқарсизлигича қолмоқда.
Давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига мазкур масалалар бўйича 167 314 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатлар сони 2024 йилда (80 816 та) 2023 йилга (86 498 та) нисбатан қарийб 6 мингтага ёки 7 фоизга камайган бўлса-да, меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамда меҳнат ва бандлик соҳасидаги бошқарув билан боғлиқ масалаларга доир мурожаатлар сони ошган.
2024 йилда судларда кўрилган ишлар бўйича жойларда меҳнат қонунчилигига риоя қилмаслик оқибатида ҳуқуқи бузилган фуқаролар фойдасига иш берувчилардан 166 миллиард сўм иш ҳақи, 22 миллиард сўм кечикканлик учун ҳақ, 20 миллиард сўм маънавий зарар ва 17 миллиард сўм давлат божи ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган бўлиб, натижада айрим раҳбарларнинг ноқонуний буйруқлари натижасида жами 225 миллиард сўм миқдорида ёки 2023 йилга нисбатан 86 миллиард сўмдан кўп миқдорда зарар етказилган.
Меҳнат низоларининг аксариятини иш ҳақини ундириш, ишга тиклаш, пулли компенсация ундириш, меҳнат таътили, ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этганлик билан боғлиқ низолар ташкил этган.
Аҳолининг ҳақли эътирозлари кўпайиши, адолатсизлик юзасидан фуқароларнинг шикоятлари сони кескин ортиши сенаторлар томонидан танқид қилинди.
Муҳокама натижасида мазкур масала юзасидан парламент сўрови юбориш бўйича Сенатнинг қарори қабул қилинди.
Ялпи мажлисда вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар юзасидан Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва кафолатлаш ҳамда уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, хусусан, болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш ва тўлаш тизимини такомиллаштириш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида боланинг тўлақонли ривожланиши учун энг яхши шарт-шароитларни яратиш давлатнинг мажбурияти эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди.
Шунингдек, қонунчиликда алимент тўлашдан бўйин товлаганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилган.
Қарздор томонидан узрсиз сабабларга кўра суд ҳужжати ижро этилмаганда қарздорнинг мамлакатимиздан чиқишини вақтинча чеклаш мумкинлиги белгиланган.
Шу билан бирга, Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросида “Алимент тўловлари” жамғармаси ташкил этилиб, 50 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Соҳада олиб борилган ислоҳотлар натижасида бир қатор ижобий натижаларга эришилди. Хусусан, Мажбурий ижро бюроси органлари томонидан 2024 йил давомида 2,1 триллион сўм маблағлар, шундан олдиндан тўлов сифатида 46,3 миллиард сўм миқдорида алимент пуллари ундирилган. 2025 йил январь ҳолатига кўра “Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан 1 723 нафар ундирувчига 40,6 миллиард сўм маблағ тўлаб берилган.
Шунингдек, ўтган йилда 13 252 та оила яраштирилган, ишсиз бўлган 5 113 нафар қарздор, шундан 8 201 нафари “Бандлик платформаси” орқали ишга жойлаштирилган.
Муҳокама давомида болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш ва тўлаш жараёнида айрим муаммо ва камчиликлар борлиги сенаторлар томонидан таъкидланди.
Хусусан, Бош қомусимизда ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурлиги белгиланган бўлса-да, айрим ота-оналар ушбу мажбуриятга масъулият билан ёндашмаётганига эътибор қаратилди.
2023 йилда 5 697 шахс, 2024 йилда эса бу кўрсаткич 35 фоизга ортиб, 8 833 шахс моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилган ҳамда ўтган йилнинг ўзида жиноят ишлари бўйича судлар томонидан 1 109 та айблов ҳукми чиқарилган.
Муҳокама давомида иш жойи бўлмаган ва даромади аниқланмаган қарздорлардан алиментни ундириш борасидаги айрим муаммоларга ҳам эътибор қаратилди.
Болаларга алимент ундириш ва оилани таъминлашнинг бошқа шаклларининг халқаро тартиби тўғрисидаги Гаага Конвенциясига қўшилиш, “Алимент тўловлари” жамғармасини шакллантириш манбаларини кенгайтириш ва алимент мажбуриятларини ижро этиш ва назорат қилишнинг ягона ахборот тизимини Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг Ғазначилиги электрон тизими билан интеграция қилиш вазифалари ижроси кечикаётгани сенаторлар томонидан танқид қилинди.
“Алимент тўловлари” жамғармаси ҳисобидан 1 723 нафар ундирувчига 40,6 миллиард сўм маблағ тўлаб берилган бўлса-да, ушбу маблағларнинг атиги 2 фоизи, яъни 849,2 миллион сўми жамғармага қайтарилгани мазкур йўналишда ҳам таъсирчан чоралар кўриш лозимлиги таъкидланди.
Бундан ташқари, Оила кодексининг 107-моддасига асосан вояга етмаган бола суд қарори билан ота-онасидан олиниб, болалар тарбия муассасасига жойлаштирилган бўлса, ота ва онанинг ҳар биридан мазкур бола фойдасига белгиланган миқдорларда алиментлар ундирилади. Бунда ундирилган алиментлар мазкур бола номига очилган банк ҳисобварағида жамланади ва у вояга етганда тўланади.
Бироқ вояга етмаган болалар номига банк ҳисобварағи очишнинг ҳуқуқий асослари белгиланмаганлиги учун бугунги кунга қадар алиментлар бошқа ҳисобварақларга тўлаб борилган.
Муҳокама якунида юқорида тилга олинган долзарб масалаларни ўз ичига олган парламент сўровини Вазирлар Маҳкамасига юбориш тўғрисида Сенат қарори қабул қилинди.
Шунингдек, сенаторлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг қарорлари ҳам тасдиқланди.
Ялпи мажлисда жамият ҳаётининг барча соҳалари ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга ва мамлакатда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарадорлигини оширишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган 13 та масала, шу жумладан, 8 та қонун кўриб чиқилди.
Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг саккизинчи ялпи мажлиси якунланди.
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси Сенати
Ахборот хизмати